islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ВАҚФ ВА ИБТИДО ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ

Қуръони карим сўзларини тўғри тушуниш ҳамда маъноларини тингловчиларга бузмасдан етказишда вақф ва ибтидо илми ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан кўплаб олимлар мазкур масалаларга эътибор қаратиб, тадқиқот олиб борганлар. Улар шахсиятига ва бажарган ишларига доир китоб ва рисолалар жуда кўп. Биз эса ўша улуғ зотлар билдирган фикрларга таянган ҳолда сўз юрутамиз. Асосан, машҳур аллома Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим Ашмунийнинг “Манарул Ҳуда” китобида келтирилган маълумотлардан фойдаланиб ушбу мавзуни имкон қадар очиб беришга ҳаракат қиламиз.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Бизлар Қуръон ўқишдан олдин иймон арконларини ўрганардик. Бизга Қуръондаги ҳалол ва ҳаромлар таълимини беришар эди. Шунингдек, Қуръондаги вақф қилиш лозим ўринларни худди Қуръон қироатидек таълим олардик. Ҳозирда инсонларга иймон арконларини ўрганишдан олдин Қуръон ўргатиляпти, натижада Куръони каримни охиригача ўқиб чиқадилар, лекин унинг ичидаги буйруқлари қайсию, наҳийлари кайси, ёки қай бир жойда вақф қилиш лозимлигини билишмайди, ваҳоланки, Қуръоннинг ҳар бир ҳарфи “Ё Расулуллоҳ, мен сизга амал қилишингиз ва ибрат олишингиз учунман”, деб нидо қилгандек бўлар эди”. Имом Наҳҳос Ибн Умар айтган ушбу сўзлар вақф ўринларини Қуръон таълим олгандек ўрганиш зарурлигига далил бўлади, дейдилар. Кўп уламолар Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) айтган сўзлар далолатидан келиб чиқиб, ушбу илмни ўрганиш вожиб, дейишади. Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) Муззаммил сурасидаги

وَرَتِّلِ ٱلۡقُرۡءَانَ تَرۡتِيلًا

“Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” деган оятни “Тартил – ҳарфларни яхшиламоқ, вақфларни билмоқ”, деб тафсир қилганлар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик чоғларида саҳобаларга гап бўғимларига эътиборли бўлиш ҳақида таълим берарканлар, сўзларни бузиб, нотўғри хитоб қилган кишиларга танбеҳ қилганлари тўғрисида ривоятлар бор. Кунлардан бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бир кимса келиб, хутба ўқиди:

من يطع الله ورسوله فقد رشد، ومن يعصهما

“Ким Аллоҳга ва Расулига итоат қилса, ҳақиқатан тўғри йўлни топибди ва ким уларга осий бўлса”, деб тўхтаб қолди. Шунда у зот (алайҳиссалом):

بئس الخطيب أنت قل ومن يعص الله ورسوله فقد غوی

“Бунча ҳам ёмон хатибсан. Ким Аллоҳга ва Расулига осий бўлса, адашибди, дегин” дедилар.

Бошқа ҳадисда ҳам оятлар маъносига қараб тўхташ лозимлиги ифодаланган:

إن هذا القرآن أنزل على سبعة أحرف فاقرؤوا ولا حرج ولكن لا تختموا ذكر رحمة بعذاب

ولا ذكر عذاب برحمة

“Ушбу Қуръон етти ҳарф (лаҳжа)га кўра нозил қилинган. Уларни ўқисангиз, зарари йўқ. Лекин раҳмат ояти зикрида азоб ояти ила тугатманглар, азобни эса раҳмат билан тамом қилманглар!” (Имом Байҳақий, “Сунанус суғро”, 1/10256).

Абу Бакр туяли кишига дедиларки: “Туяни сотасанми? (“Ла афакаллоҳ”). Яъни, “ла” сўзидан кейин тўхтамай, гапда давом этилса, ушбу ҳолатда “Аллоҳ сизни офиятда қилмасин” деган маъно чиқар эди. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Бундай демагин, балки “ла ва афакаллоҳ”, дегин. Яъни, “ла” сўзидан сўнг “ва” сўзи киритилса, “Йўқ! Аллоҳ сизни офиятда қилсин” деган маъно чиқар эди. Абу Бакр унинг сўзидан икки хил маъно тушунилишини айтиб, сўзлар орасига “ва” боғловчисини қўйиш билан тўғриладилар!. Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: “Вақф Қуръон манзилларидир”.

Имом Суютий “Дуррул Мансур” китобида: “Қори дўзах ёки иқоб зикридан сўнг жаннат зикр қилинган оятларни қўшмай, дўзах ёки иқоб оятларини тиловат қилиб тўхташи ёки жаннат зикридан сўнг дўзах зикр қилинган оятларни қўшмай, жаннат зикрида тўхташи лозим бўлади”, деган.

Қуръоннинг вақф – тўхташ ўринларини илмий равишда яхши билиб олиб, унга қатъий амал қилиш лозим. Шунинг учун ҳам ҳанафийларнинг фатво тўпламларидан энг машҳури ҳисобланмиш “Хулосатул фатово”да, масалан:

وكذا من يقف في غير مواضعه ولا يقف في موضعه لا ينبغي أن يؤم

“Шунингдек, Қуръон оятларининг ўз ўрнидан бошқа ерларда тўхтаб, ўз ўрнида тўхтамайдиган кимса имом бўлишга лойиқ ҳисобланмайди”, дейилган.

“Фатовойи Қозихон”, “Хулосатул фатово”, “Фатовойи Татархонийя”, “Фатовойи Оламгирийя” каби фатво тўпламларида Қуръондаги вақф ўринларини билмасдан, истаган жойда тўхташ ҳатто маънонинг бузилишига олиб келиши, оқибатда, айрим фақиҳлар фикрича, намознинг ҳам фосид бўлиши эҳтимоли борлиги қайд қилинган. Бу тўғрида кейинги мақоламизда тўхталамиз. Демак, бу билан мавзу ниҳоятда долзарб ва аҳамиятли экани ойдинлашади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Ўз каломини тўғри таллаффуз қилиш, уни ёд олиш ва унга амал қилишни осон айласин.

Тошкент Ислом институти, Таҳфизул-Қуръон кафедраси 4-курс талабаси Файзуллаев Абдуллоҳ Юсуфбой ўғли

309660cookie-checkВАҚФ ВА ИБТИДО ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: