Қуръон Маккада Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлгани мутавотир тарзда собит бўлган. Яна маълумки, у зот кофирларни, агар пайғамбарлигига иймон келтирмасалар, ушбу китобга ўхшашини келтиришларини талаб қилган. Бу чақириқ уммий одам томонидан қилинган. Муҳаммад алайҳиссалом саводсиз эди. Луғатларда “уммий” сўзига “табиатда қолган, онасидан туғилган, ўқиш ва ёзишни ўрганмаган одам” деган таъриф берилган. Бу сўз ъўзи мансуб бўлган жамиятда ўсиб-улғайган, шахси туғма қобилиятлари ва атроф-муҳитдан ўрганганлари асосида шаклланган, жамиятидан узилиб қолган бир ҳаёт кечирмаган шахс”га ҳам тегишлидир. Истелоҳий маънода уммийлик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқий оладиган ва ёза оладиганлардан билимлироқ бўлганлиги, Аллоҳ таоло томонидан илоҳий илмлар билан сийланганлиги сабабли у зотнинг табиатининг юксаклигидан далолат беради. Пайғамбар ҳақида “уммий” бўлиш унинг Аллоҳ таоло томонидан юборилганлигини исботловчи устун хусусиятдир, бу мўжизадир.
Мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ва унга нозил қилинган Қуръонни, пайғамбар ўзи ўйлаб топган, деган важ билан инкор қилдилар. Ваҳоланки у зот Қуръонни тўқиб чиқарадиган даражада билимга эга эмасдилар. Кофирлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни туғилганидан то ўша пайтга қадар кўриб, танишган эди. Унинг китоб ўқимаганлиги, ҳеч бир устознинг шогирди бўлмагани жамиятга маълум эди. Бу китобнинг саводсиз одамдан пайдо бўлишининг ақлий имконияти йўқ эди. Чунки Қуръоннинг ўзига хос хусусиятлари унинг уммий одамнинг “тўқимаси” бўлмаслигини исботлайди. Қуръони карим турли оятларда унинг уммий эканлиги таъкидланган.
وَإِذَا تُتْلَى عَلَيْهِمْ آيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ قَالَ الَّذِينَ لَا يَرْجُونَ لِقَاءَنَا ائْتِ بِقُرْآنٍ غَيْرِ هَذَا أَوْ بَدِّلْهُ قُلْ مَا يَكُونُ لِي أَنْ أُبَدِّلَهُ مِنْ تِلْقَاءِ نَفْسِي إِنْ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَى إِلَيَّ إِنِّي أَخَافُ إِنْ عَصَيْتُ رَبِّي عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ (۱۵) قُلْ لَوْ شَاءَ اللَّهُ مَا تَلَوْتُهُ عَلَيْكُمْ وَلَا أَدْرَاكُمْ بِهِ فَقَدْ لَبِثْتُ فِيكُمْ عُمُرًا مِنْ قَبْلِهِ أَفَلَا تَعْقِلُونَ
(Юнус сураси 15-16 оятлар)
“15. Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишидан умиди йўқлар: “Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир”, дедилар. Сен: “Мен ўзимча уни алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман”, деб айт. 16. Сен: “Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас ва уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл ишлатиб кўрмайсизларми?”, деб айт.”
Ушбу оятларда Аллоҳ таоло мушрикларни ақлларини ишлатишга ундаяпти ва ақл ишлатган одам Муҳаммад алайҳиссаломнинг ёлғончи эмаслигини ва ҳақ пайғамбар эканини осонликча англаб етишига етарли бўлган далиллар келтиряпти. Дарҳақиқат Пайғамбаримиз алайҳиссалом умрлари давомида бирон марта ҳам ёлғон гапирганликлари кўрилмаган эди. Аскинча қурайшдаги барча у зотни энг ишончли омонатдор деб билишарди. Шундай экан на ёлғон гапрган ва на ўқиш ёзишни билмаган бир киши бундай сўзларни айта олмаслиги аниқ. Бу фақатгина оламлар Роббиси бўлмиш Ҳақ таолонинг каломи, Муҳаммад алайҳиссаломга берилган мўжиза эди. Аслида Қуръони Каримнинг ўзи нубувватни тасдиқлашга кифоя қиладиган мўжизадир.
ТИИ 404 гуруҳ талабаси Ҳамидов Мирзо Улуғбек