Имом Бухорий, Термизий, Насоий ва Абу Довудлар Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.
“Жума кунининг аввалги нидоси Пайғамбар алайҳиссалом, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганида бўлар эди. Усмон халифа бўлганида одамлар кўпайиб кетиб, Завроънинг устида учинчи нидони зиёда қилди”. Ушбу ҳадисдаги нидодан мақсад, азондир. Нидони учта, дейиши эса, азон ва иқома эътиборидандир
1.Пайғамбар (с.а.в) ва икки халифа, яъни ҳазрати Абу Бакр ҳамда ҳазрати Умар даврларида имом минбарга чиққанида азон айтилар, хутба ўқиб бўлиб, минбардан тушганида иқома айтилар ва намоз ўқилар эди.
Усмон даврларида одамлар намозга кечикиётганлари мулоҳаза қилинганидан сўнг уларни олдинроқ хабардор қилиш учун жума намозининг вақти кириши билан бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди. Бу азон Мадинаи Мунавваранинг бозори ичидаги “Завроъ” деб аталган жойда, бир уйнинг томида айтилар эди. Бозор қилиш ва бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрган одамлар ўша биринчи азонни эшитиб, жума намозининг вақти кирганлигидан хабардор бўлар, ишларини йиғиштириб, таҳорат қилиб, масжидга тўпланар эдилар
2. Пешин намозининг ҳақиқий вақти бўлганида эса, имом минбарга чиқар ва муаззин Пайғамбар ( с.а.в.), ҳазрати Абу Бакр ва Умарлар давридаги каби азон айтар ва одатдагидек давом эттириб кетилар эди. Бу иш ўз самарасини кўрсатди.
ТИИ 3-курс талабаси
Ҳайдаралиев Муҳаммад Бобур