islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ТАОТИЙ САВДОСИ

ТАОТИЙ САВДОСИ

(феълий олди-берди билан савдо қилиш)

“Таотий” луғатда “олмоқ, олди-берди қилмоқ” маъносини ифодалайди.

Фуқаҳолар таотийга қуйидагича таъриф беришган:

Таотий  – савдонинг бир тури бўлиб, бунда икки томон (сотувчи ва харидор) ҳам “ийжоб-қабул” лафзларини талаффуз қилмайди. Яъни, сотувчи “соттим” деб айтмасдан молни топширади, харидор еса “олдим” демасдан пулни беради.

Таотийнинг икки хил тури бор:

1. Иккисидан бири “ийжоб” лафзларидан бирини талаффуз қилади, иккинчиси эса, “қабул” лафзларини айтмасдан, феъл билан қабул қилиб олади. Масалан: харидор “менга бу нонни ўч минг сўмга беринг” дейди, сотувчи эса, индамасдан нонни узатади. Бу ерда “ийжоб” лафз билан, “қабул” феъл билан бўлмоқда.
2. Иккаласи ҳам ҳеч нарса гапирмайди.Масалан: бир киши дўконга киради, у ерда барча маҳсулотларнинг устига нархи ёзиб қўйилган бўлади. Ўзига керак маҳсулотни олиб, ёзилган нархни бериб кетаверади. Иккисининг орасида (нарх ҳақида) ҳеч қандай сўзлашув бўлмайди.

Савдонинг бу иккала турига ҳам фуқаҳолар истелоҳида “таотий” ёки “муотот” дейилади.

Жумҳур (кўпчлилик, жумладан ҳанафий) фуқаҳолар таотийинг иккала турини ҳам жоиз, дейишган.

Лекин, Шофеъий мазҳабидаги машҳур гапга кўра таотий жоиз емас. Чунки, байъ (савдо) амалга ошиши учун “ийжоб ва қабул” шарт. Таотийда еса бу иккаласи ёки бириси топилмайди.

Аммо, шофеъий мазҳабидаги китобларга мурожаат қилиш орқали равшан бўладики, уларда ҳам (мазҳаб ичида) таотий ҳақида бир неча қарашлар бор:

1. Таотий мутлоқ ботил. Яъний, бундай савдо қилиш умуман жоиз емас. Бу шофеъий мазҳабидаги машҳур қавл.
2. Таотий фақат арзон нарсалардагина жоиз. Қимматбаҳо молларда тоатий жоиз эмас. Бу қавл Ибн Сурайж ва Руъёнийлардан нақл қилинган. Ҳанафий уламолардан имом Кархий ҳам шу гапни айтган.
3. Урфда нима нарсаларда таотий савдоси қилинса, шулардагина жоиз.
4. Савдо-сотиқ билан танилган киши билангина тоатий савдосини қилиш жоиз.

Хулоса шуки, бу масалада рожиҳ (далиллари устун) йўл – жумҳурнинг тутган йўлидир. Яъний, таотий (“олдим-соттим” демасдан, феълий олди-берди) билан барча ҳолатларда савдо қилиш жоиз. Башарти, иккала томондан ҳам розилик бўлиши лозим.

Жумҳурнинг мазҳабига далил ўлароқ, Ибн Қудоманинг бу борадаги гапларини келтиришимиз кифоя қилади. У киши айтади:

“Бизнинг далилимиз шуки,  Аллоҳ таоло “байъ”ни ҳалол қилган. Лекин унинг кайфиятини баён қилмаган. Демак, бу борада урфга мурожаат қилинади. Худди, қабз, эҳроз, тафарруқ масалаларида урфга қаралгани каби. Мусулмонлар бозорларда, савдо-сотиқларда урфга қараб муомала қилишар эди. Чунки, “байъ” уларнинг орасида олдин ҳам мавжуд ва маълум нарса эди. Шариат эса, унга боғлиқ баъзи ҳукмларни жорий қилди, бошқаларини ўз ҳолича қолдирди. Шундай экан, байъни райъ ва ўзича ҳукм қилиш билан ўзгартириш мумкин эмас. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан ҳам, саҳобаи киромдардан ҳам ийжоб-қабул ҳақида ҳеч нарса нақл қилинмаган. Мабодо, у зотлар савдо-сотиқларда ийжоб-қабул лафзларини ишлатишган бўлганида, у ҳақдаги ривоятлар кенг тарқалган бўлар эди. Агар ийжоб-қабул қилиш шарт бўлганида, унинг нақл қилиниши вожиб бўлар еди. У зотлардан бундай ишларда эътиборсизлик қилиш ёки бехабар қолиш тасаввурга сиғмайди. Зеро, байъ (савдо-сотиқ қилиш) инсон ҳаёти учун зарурий ишлардан биридир. Агар байъда ийжоб-қабул шарт бўлганида, Набий соллалоҳу алайҳи васаллам буни очиқ баён қилиб берган, унинг ҳукми махфий бўлиб қолмаган бўлар эди. Акс ҳолда, фосид ақдлар юзага келишига, бировнинг молини ботил йўл билан ейишга олиб боради. Аммо, бизнинг билишимизча, бу борада Набий соллалоҳу алайҳи васалламдан ҳам, саҳобалардан бирортасидан ҳам ийжоб ва қабул ҳақида нақл ворид бўлмаган.

Шунингдек, ҳиба, ҳадя, садақаларда ҳам ийжоб-қабул қилиш ҳукми савдонинг ҳукми билан бир хил. Яъни: уларда ҳам ийжоб-қабул лафзлари ишлатилгани на Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан, на саҳобалардан ривоят қилинган.

Бу ақдларда (савдо, ҳиба, ҳадя, садақа) ийжоб-қабул шарт қилинса, машаққат юзага келади. Мусулмонларнинг кўпчилик ақдлари фосид бўлиб қолади. Аксарият моллари ҳаром йўл билан топилган бўлади.

Хулоса шуки, ийжоб-қабул ўзаро розиликга далолат қилиш учун ишлатилади. Агар ийжоб-қабулдан бошқа ўзаро розиликга далолат қиладиган мусовама, таотийлар топилса ҳам ийжоб-қабулнинг ўрнига ўтаверади……”

Нажиматдинов Караматдин 4-курс талабаси

310370cookie-checkТАОТИЙ САВДОСИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: