islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қироат илми ривожланиш тарихи

“Қироат” сўзи луғатда “ўқиш” деган маънони билдиради. Бундан ташқари “Қироат” сўзининг “жамлаш” ва “қўшиш” деган маънолари ҳам бор. Зотан, қироат қилгувчи ҳарфларни жамлаган ва бир-бирига қўшган бўлади.

Тажвид истилоҳида эса, қироат Қуръон нутқи йўлларининг биридир. Унда имом ёки машҳур қорилардан бири ўз услубида, яъни бошқалардан ўзгача услубда ўқийди. Қироат илми таърифи борасида машҳур қироат олими имом Жазарий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Қироатлар Қуръон калималарини адо этиш кайфияти ҳақидаги ва уларнинг ихтилофларини нақл қилувчига нисбат берадиган илм”. Шунингдек, ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳ Қуръон қорисининг таърифида қуйидаги гапларни айтадилар:” Қори- қироат олими бўлиб, уни оғзаки ривоят қилган кишидир. Мисол учун, агар у “Тайсир” китобини ёд олган бўлса ҳам, агар ўша китобдаги нарсаларни силсилага асосан, яъни оғизма-оғиз олган бўлмаса, уни бошқаларга ўқитишга ҳаққи йўқ. Чунки қироатлар фақатгина эшитиш ва оғзаки нақл қилиш йўли билан ҳукм қилинадиган нарсадир. “Тайсир” – қироат илмининг имомларидан бири Абу Амр Донийнинг етти қироатга бағишланган “Ат-Тайсир фил-қироатил-ашр” номли китобидир. Уламоларимиз Қуръони карим ва қироатлар ўзига хос икки алоҳида нарсалар эканлигини таъкидлайдилар. Бу хусусида имом Заркаший қуйидагиларни айтадилар: “Билингки, Қуръон ва қироатлар айри-айри икки ҳақиқатдир. Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломга баён ва эъжоз, яъни ожиз қолдириш учун нозил бўлган ваҳийдир. Қироатлар эса, ўша ваҳий лафзларининг ҳарфлар ёзилиши ёҳуд енгил, оғир ва шу каби талаффуз пайтидаги турличалигидир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Аллоҳ таоло ҳузурида қандай бўлса, шундай ҳолида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни эшитиб, ўрганиш билан бирга, у кишига ҳам ўқиб берар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга Қуръони каримни ҳар йили Рамазон ойида бир маротаба ўқиб берар эдилар. Вафот этган йиллари икки маротаба ўқиб берган эдилар. Шу билан бирга саҳобаи киромлар ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони каримни Аллоҳ таоло ҳузурида қандай бўлса, шундай ҳолда қабул қилиб олдилар. Аста секин саҳобаи киромлар орасида қироат бўйича кўзга кўринадиганлари зоҳир бўла бошлади. Улар бошқа саҳоби киромларга Қуръони карим қироатидан дарс берадиган ҳам бўлдилар. Қироатда устоз бўлган саҳобаи киромлардан ҳазрати Усмон, ҳазрати Алий, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит,Абу Дардо, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумни мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин. Катта саҳобийлар кичикларига ва кейинроқ Исломга кирганларига қироатни ўргатар эдилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаи киромларга қироатдан устоз бўлганлар. Саҳобаи киромлар Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл йўли орқали қабул қилиб олар эдилар. Саҳобаи киромларнинг барчаси луғатига муносиб ва лаҳжасига мувофиқ қироатда ўқир эдилар. Чунки саҳобалар ўзларига қандай ўргатилган бўлса, шундай ўқишга буюрилган эдилар. Алий розияллоҳу анҳу айтдилар: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни ўзларингизга ўргатилганидек ўқишингизга буюрдилар” (Имом Аҳмад ривояти). Саҳобалар ўзлари ўқадиган қироатдан бошқа кўринишда Қуръон ўқаётганларни кўрсалар, бу хато ўқимоқда деб инкор қилар эдилар ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қироатини эшитиб, иккиси ҳам Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини уқтирар ва Қуръон етти ҳарфда нозил бўлганини билдирар эдилар.
Бу борада Умар ибн Хаттоб ва Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳумолар орасида бўлган воқеа машҳурдир:
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳишом ибн Ҳаким «Фурқон» сурасини мен ўқийдиган суратдан бошқача қироат қилаётган экан. Менга уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқитган эдилар. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйишимга сал қолди. Кейин (намоздан) чиққунича тегмай турдим. Сўнгра уни ёқасидан олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, манавининг «Фурқон» сурасини сиз менга ўқитганингиздан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим», дедим. «Уни қўйиб юбор. Ўқи, эй Ҳишом», дедилар. У мен эшитгандек қироат қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худди шундай нозил қилинган», дедилар ва менга: «Ўқи», дедилар. Мен ҳам ўқидим. У Зот: «Худди шундай нозил қилинган. Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир. Ундан ўзингизга осон бўлганида қироат қилинглар»,-дедилар». (Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилган.) Бу ҳадиси шарифдан қуйидагиларни билиб олишимиз мумкин: Дастлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Қуръони каримни етти ҳарфда нозил бўлганни умумий эълон қилмаганлар. Бўлмаса, Умар ибн Хаттоб ва Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳуни ўзларига нотаниш қироат қилганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига судраб бормаган бўлар эдилар. Умар ибн Хаттобнинг мулоҳазалари маълум сура- Фурқон сурасида бўлгани, бундан етти ҳарф бошдан-оёқ бошқача ўқишда эмас, баъзи бошқача бўлишини билдиради. Қуръони карим етти ҳарфда нозил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг ўзаро тортишувларидан кейин эълон қиланлар. Қуръони карим етти ҳарфда нозил бўлиши уни муяссар бўлганича осонлик ила қироат қилиш мақсадида жорий қилинган. Агар бир ҳарфдагина қироат қилиш мажбурий бўлса, одамлар Қуръони каримни қироат қилишда қийиналиб қолишлари мумкин эди. Қуръонни етти ҳарфда нозил бўлиши қатъий қарор топгач, Қуръон Аллоҳ таоло ҳузуридан етти ҳарфда нозил бўлганини билганлари учун ҳеч ким бирортасини қироатини инкор қиламай қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боқий дунёга риҳлат қилгандан сўнг, Араб жазирасидан ташқари ҳудудларда ҳам Ислом динини ёйиш ҳаракатлари бошланди. Саҳобалар ҳам ер юзи бўйлаб тарқала бошлади. Жанглар билан шаҳарларни фатҳ қилдилар, Ислом ахлоқлари билан инсонлар қалбларини эгалладилар ва ўзлари борган ҳар бир ерда илм ва маърифат тарқатдилар. Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинг авлод тобеинлар ҳам Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, шундай ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста секин тобеинлар орасида ҳам қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар ҳам бошқаларга Қуръони каримдан дарс берадиган бўлдилар. Тобеинларнинг вақтига келиб, Ислом кўп жойларга тарқалган, мусулмон ўлкалар кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди. Шунинг учун ҳам тобеинлардан Қуръонга моҳир ва устоз бўлганлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак, уларнинг турли ўлкаларга бўлиб зикр қилинганини кўрамиз. Учинчи ҳижрий асрга келиб, кишиларга Қуръон қироатларини ўрганишни осонлаштириш учун мавжуд қироатлар ичидан маълумларини танлаш зарурати туғилди. Бу борада барчанинг таҳсинига сазовор бўладиган ишни буюк имом, Ибн Мужоҳид номи билан шуҳрат қозонган олим Абу Бакр Аҳмад ибн Мусо ибн Аббос ибн Мужоҳид Тамимий амалга оширди. У киши ўз даврида илмий марказ бўлиб турган йирик шаҳарлардан бир-нечадан қироат устозларини, жами еттита қорини танлаб, уларнинг қироатларини мутавотир санадлар асосида нақл қилиб, ўзининг машҳур «АсСабъа» китобида қайд этди. Мадина қорилари ичидан имом Нофеъни,
Маккадан имом ибн Касир, Басрадан имом Абу Амр ибн Ало, Шомдан имом Ибн Омир Шомий, Кўфадан имом Осим, имом Ҳамза, имом Кисоийни танлади ва уларни китобда мана шу тартибда – шаҳарлар тартиби бўйича келтирди. Имом Мужоҳид қориларни танлашда уларнинг ичида илм-у тақвоси, омонати билан танилган, қироатларни ва араб тилини пухта ўзлаштирган, мусулмонлар оммаси томонидан бу борада пешво деб тан олинган, ўз даврида ўша диёрларда қироатда биринчи рақамли устоз бўлган ва шу мақомда энг узоқ фаолият олиб борган кишиларни танлаган эди. Қориларнинг қироатини улардан таълим олган шогирдлари ривоят қилган. Одатда, уларнинг қироатини нақл қилишда ўша ровийларга суянилади. Ибн Мужоҳид ҳар бир қори учун унинг қироатини ривоят қилганлар ичидан иккитадан ровийни танлади ва бунда ҳам қориларни танлашдаги шартига амал қилди. Шу билан бирга, у киши танлаган ровийларнинг ҳаммаси ҳам устозидан кейин унинг ўрнида Қуръондан таълим берган, унинг қироатини энг пухта ўзлаштирган шогирдлар эди. Асарнинг ушбу имтиёзлари унинг Ислом оламида тезлик билан кенг тарқалишига, барча томонидан катта эътибор билан қабул қилинишига сабаб бўлди ва одамлар бошқа қироатлардан кўра ўша етти қироатга кўпроқ эътибор берадиган бўлдилар. Ибн Мужоҳиднинг нима сабабдан айнан еттита қорини танлагани ҳақида турлича фикрлар бор. Уламоларнинг айтишича, у киши ўзига маълум бўлган қироатлар ичидан ўзи қўйган шартларга жавоб берадиганларини танлаганда уларнинг сони еттита чиқиб қолган, бу ҳол тасодиф бўлган. Айрим кишиларнинг фикрига кўра, у бунда Усмон Мусъҳафлари еттита бўлган, деган фикрга таяниб, шунга қиёс қилган бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, Ибн Мужоҳидн раҳматуллоҳи алайҳининг китоби давр талаби бўлиб тургани, китобдаги қироатларнинг машҳурлиги, уларни жорий қилган қориларнинг мартабаси юксаклиги, китобнинг услуби қулайлиги ва бошқа шу каби омиллар омма орасида ушбу етти қироатнинг кенг тарқалишига сабаб бўлди. Аммо ушбу қироатлар ададининг айнан еттита бўлиши баъзи кишиларда “Ҳадисда айтилган етти ҳарфдан мурод – етти қироатдир” деган нотўғри тушунчанинг пайдо бўлишига олиб келди. Аслида эса уларнинг бир-бирига алоқаси йўқ эди. Шу боис, уламолар Ибн Мужоҳидни бироз маломат қилгандек ҳам бўлди ва қорилар ададини олтита ёки саккизта қилганида яхши бўлар эди, деб айтганлар. Ушбу асрда қироатга доир яна бошқа асарлар ҳам яратилди. Жумладан, Тоҳир ибн Ғалбун “Ат-Тазкира” китобида саккизта қорининг қироатини жамлади. Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Меҳрон Асбаҳоний “Ал-Мабсут фи қироатил-ашр” китобини ёзди. Имом Маккий ибн Абу Толиб “Ал-Кашф ан вужуҳил- қироат ас-саб” номли асарини битди. Ниҳоят, андалусиялик буюк олим Абу Амр Усмон ибн Саид ад-Доний ўзининг машҳур “Ат-Тайсир фи қироат ас-сабъ” китобини ёзди. Унда муаллиф Ибн Мужоҳиднинг китобига асосланган ва қисқа қилиб айтганда, уни осонлаштирган эди. Бу китоб бутун Ислом оламида шуҳрат ва катта эътибор қозонди. Қироат илмини эгалламоқчи бўлган кишилар уни ёд оладиган бўлди. Орадан бир аср ўтиб Андалусиянинг Шотиба шаҳрида нодир қобилиятли ва улуғ хислатлар соҳиби бўлган Абу Муҳаммад Ал-Қосим ибн Фирруҳ ал-Андалусий Аш-Шотибий дунёга келди. У ёшлигида ёд олган Донийнинг «Ат-Тайсир» китоби асосида ўзининг дунёга машҳур «Ҳирзул-аманий ва важҳут-таҳаний фи қироат ассабъ лисабъ ал-масаний» асарини ёзди ва Ибн Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ танлаган, имом Доний раҳматуллоҳи алайҳи ўрганишни қулайлаштирган етти қироатнинг барча катта-ю кичик қоидаларини шеърий услубда баён қилди. Асар ушбу соҳада беназир бўлиб, бетакрор усулда, ёдлашга қулай суратда тузилган. Бугунги кунгача унинг ўрнини боса оладиган бирорта китоб ёзилмади. Ҳозир ҳам ўша етти қироатни ўрганмоқчи бўлган толиблар ушбу шеърий асарни ёд оладилар. Мазкур етти қироат борасида битилган нодир асарлар омманинг ўша қироатларга кўпроқ эътибор қаратиши, уларни ўрганишга интилиши натижасида бошқа қироатлар эътибордан четлашиб, унутилиб кетиши хавфи туғилди. Чунки улар хусусида етти қироатга бағишланган китоблардек қулай қўлланмалар йўқ эди. Уларнинг бири саккиз қироат ҳақида ёзилган китобда акс этган бўлса, бошқаси яна бир қайсидир асарда қайд қилинган эди. Бу эса уларни ўрганишни қийинлаштирарди.Мана шу пайтда қироат илмининг етук намояндаларидан бири, қироат илмида беназир олим имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф Ал-Жазарий дунёга келди. У йигитлик давридаёқ ўз давридаги деярли барча қироатларни ўрганиб, ўзлаштирди. Имом Жазарий бунинг учун Ислом мамлакатларини айланиб, улардаги қироат мадрасалари билан танишиб чиқди ва қироатга доир элликка яқин китоб бўйича устозлардан ижоза олди. У мазкур етти қироатдан ташқари уларнинг даражасидаги яна учта мутавотир қироатни аниқлаб, санадларини келтириб, уларни қироат мадрасаларида қайта саҳнага олиб чиқишни ният қилди. Бунинг учун у биринчи бўлиб “Ал-Ҳидая фи татимматил-ашара” номли шеърий асар ёзди. Кейин шу асосда имом Донийнинг “Ат-Тайсир” китобига ўша учта қироатни қўшиб, уни “Таҳбиру ат-Тайсир фи ал-қироат ал-ашар” деб номлади. Имом Жазарий “Ат-Тайсир” асарини бир китобга қора сиёҳда кўчириб, ҳар бир оят ва калима баҳсида мазкур учта қироат қоидаларини қизил сиёҳда ёзиб чиққан. Кейинроқ ушбу ўнта қироатни ўзининг “Ан-Нашр фи ал-қироат ал-ашр” деган китобида баён қилди ва унда ўша қироатларнинг Ибн Мужоҳид ва Донийлар келтирмаган айрим ривоятларини ҳам қўшимча қилиб келтирди. Имом Жазарий ушбу ўн қироат қоидаларини шеърий услубда ҳам жамлаган ва уни “Тоййибату ан-Нашр” деб атаган. У киши яна ушбу учта қироатни “Ад-Дурра ал-музиа фи ал-қироат ассалас ал-мутаммима лил-ъашро” деган ном билан уларни ўзига хос шеърий услубда ҳам жамлаган. Бугунги кунда қироат илми толиблари етти қироат учун «Шотибия»ни ёд олгандек, ўн қироат учун “Дурра”ни ҳам ёд оладилар. Имом Жазарий келтирган мазкур уч қироат Абу Жаъфар Маданий, Яқуб Хазрамий ва Халаф ибн Ҳишомларнинг қироатларидир. Ҳозирда дунёда мана шу ўн қироат машҳур бўлиб, мутахассислар томонидан ўрганиб, ўзлаштирилиб, толибларга таълим бериб келинмоқда.Уларнинг барчаси тавотур – ёлғонга келишиб бўлмайдиган даражада кўп ададдаги кишилар ривоят қилиши натижасида ҳосил бўлган силсила орқали нақл қилинган.Бунга бутун Ислом уламолари иттифоқ қилганлар. Зеро, уламолар Қуръон фақат тавотур билан собит бўлади, оҳод – якка шахсларнинг ривояти билан собит бўлмайди, дейишган. Шу боис, Ҳасан Басрий, Ибн Муҳайсиний каби тобеинлар нақл қилган қироатлар оҳод ривоят бўлгани сабаб тиловат қилиш учун қабул қилинмаган.

3-курс талабаси Олимжонов Хабибуллоҳ

310590cookie-checkҚироат илми ривожланиш тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: