Имом Сажовандийнинг ҳаётлари ҳақида ҳам, илмий фаолиятлари борасидаги ма`лумотлар ҳам, У Зот роҳматуллоҳи алайҳининг бизгача етиб келган асарлари ҳам оз. Оз бўлсада, биз бу аллома борасида етарлича маълумот оишимиз учун етарли.
Аллома ибн Қифтий[1] роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Муҳаммад ибн Тойфур ас-Сажовандий ал-Ғазнавий – муфассир, наҳвшунос, луғавий олим, бизга яқин давр, ҳийрий 6-асрнинг ўрталарида яшаганлар. Қуръон тафсирида “”عين التفسير деб номланган китоб тасниф қилганлар. Бу китобда наҳв, қироатларнинг сабаблари, байтлар ва уларнинг маънолари ва луғатни ва булардан бошқа тафсирнинг маъноларидан иборат нарсаларни жилдларининг адади кам, аммо, фоидалари бисёр мана шу китобда баён этганлар. У Зотнинг ўғилари эса бу тафсирни мухтасар қилиб, уни “انسان العين” деб номлаганлар.
Биз юқоридаги тарифдан имом Сажовандий роҳматуллоҳ алайҳининг Ғазна шаҳрига нисбат берилишини билиб олдик. Ғазна катта шаҳар бўлиб, Ҳуросон ва Ҳинд юрти орасида жойлашган . Бу шаҳар савдо йўли устида жойлашгани учун, унда кўплаб яхшилик бўлган, илло бу ердаги совуқ жуда шиддатли. Бу шаҳар дин аҳллари ҳамда шариат ва салафи солиҳлар йўлини тутганлар учун маскан бўлди. Ҳозирги кунда эса бу диёр, Афғонистондаги машҳур вилоятлардан бири. Бу ҳақида Ҳимярий роҳимаҳуллоҳ: “(Ғазна) Хоразм шаҳарларидан бири, “عين المعانى في تفسير القرآن العظيم” китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Абу Язид ибн Тойфур ас-Сажовандий, ал-Ғазнавий мана шун ердан”, деганлар[2].
Сажованд деган жойга нисбатланишига келсак. Мен бу ер ҳақида наб ирон тарихий манбаалардан ва на географий хариталардан маълумот топа олдим. Ўқиганим, Хайриддин аз-Заркалийнинг фикрича, Сажованд, Ғазна шаҳрининг кичик бир қишлоғи бўлган экан.
Куняларига келсак, у кишининг икки ёки унданда кўпроқ куялари бўлган. Булар, Абу Абдуллоҳ, Абу Жаъфар ва Абу Фазл.
Устозлари ва шогирдлари. Бу ҳақида ҳам маълумотлар йўқ. Ҳатто имом Заҳабий роҳматуллоҳи алайҳи ҳам: “Менга, ким у кишини ўқитгани ва у кишидан таълим олгани ҳақида маълумот етиб келмади”[3], деганлар. Баъзи манбаларда, у кишининг икки ўғиллари, фиқҳ, ҳисоб ва тафсир илмларида бирга бўлганлари айтилади. Исми эса Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тойфур Сирожуддин Абу Тоҳир ас-Сажовандий деб зикр қилинган.
Китоб ва асарлари. Имом Сажовандийдан таълиф ва тасний борасида бизгача жуда кам асарла етиб келган. Қуйида ана шу китобларни келтириб ўтамиз.
Вақф ва ибтидо. Бу китоб, биз ўрганаётган “Илалул вуқуф” китоби каби вақф ва ибтидо қоидаларига бағишланган. Имом Заҳабий: “Вақф ва ибтидо” имом Сажовандийнинг бу борада жуда чуқур билим эгаси эканига далолат қиладиган катта мужалладдаги китоб”[4], деганлар. Софидий роҳимаҳуллоҳ ҳам, имом Заҳабийдан мана шу гапни айни ўзини нақл қилиб келтирганлар.
“Вақф ва ибтидо (сағийр)”. Имом Жазарий бу китоб борасида: Ал-Вақф вал ибтидо” китоби кўп маълумотлар берса, “Илалул вуқуф” асари, қисқа маълумотларни қамрайди”, деганлар[5].
“Айнул маоний фий тафсирис Сабъил Масаний”. Бу китоб Қуръони каримнинг тафсири борасида ёзилган асарлардандир. Бу китоб “Гўзал тафсир” деб зикр қилинади. Аллома Қифтй роҳимаҳуллоҳнинг бу китоб борасида айтган қисқача васфлари илгари ўтди. Мана шу тафсирни, имом Сажовандийнинг ўғли Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тойфур мухтасар қилганлар ва бу китобни “”انسان العين деб номлаганлар.
“Китабу илалул қироат”. Бу китоб бир неча мужалладдан иборат бўлганини, уни шарҳлаган бир қанча инсонлар зикр қилишган.
“Ғроибул Қуръан”
“Қуръоннинг ҳизблари, нисфлари, рубъуларини ва жузларини билиш”[6].
Имом сажовандийнинг фазилатлари ва амаллари. Имом Сажовандий ҳақида маълумот келтирган мутаржимлар, У Зот роҳимаҳуллоҳ ҳақларида бир қанча сифатларни айтишган. Мисол қилиб, у киши бир қанча илмларни пухта билиши, қобилятли ва машҳур экани келтириб ўтилинган. Сиз билан биз юқорида қисқа бўлсада васфи билан танишиб чиққан китоблар бунга ёқин далилдир. Аллома Қитфий бу кишини, “муфассир, наҳвшунос олим, луғат билимдони” дея зикр қилган бўлсалар, имом Заҳабий, “муқриъ, муфассир, наҳв олими” дея таърифлаганлар ва вақф ва ибтидо борасида ёзган китоби, у кишининг нақадар буюк аллома эканига далил қилишини мазмунида гўзал таҳсин айтганлар.
Қуръон илмлари, хусусан қироатлар ва вақф ва ибтидо борасида мутахассис бўлмиш буюк аллома имом Жазарий роҳматуллоҳи алайҳи эса, у киши ҳақларида: “Муҳаммад ибн Тойфур Абу Абдуллоҳ ас-Сажовандий ал-Ғазнавий, катта муҳаққиқ имом, муқриъ[7], наҳвшунос олим, муфассир” дея таърифлаб, сўзларини “муҳаққиқларнинг киборларидан бўлганлар”[8] дея якунлаганлар.
[1] Ибн ал-Қифтий, Жамолуддин Абулҳасан Али ибн Юсуф Иброҳим ибн Абдулвоҳид аш-Шайбоний ал-Қифтий (568-646-ҳижрий, 1172-1248-милидий) — араб тарихчиси, адиби ва давлат арбоби. Қоҳирада фиқҳ, ҳуқуқ, адабиёт, илми нужум, ҳандаса, табобат, мантиқ ва тарих буйича таълим олган. 1187 йил отаси билан Қуддусга кўчиб келган. Бу ерда Қоҳирада олган билимларини янада такомиллаштириб, келгусида ёзадиган асарлари учун манбалар тўплаган. Тахминан 1201 йил Қуддусда сиёсий вазият ёмонлашгани боисидан отаси билан Ҳаррон (Месопотамияда) га кўчиб ўтган. 1213 йил Ҳалаб ҳокими уни молия ишлари девони бошлиғи этиб тайинлаб, унга “Ал-Қозий ал-акрам” (Энг саховатпеша қози) фахрий унвонини инъом этган. Бу мансабда у давлат манфаатлари йўлида хизмат қилиш билан бирга йирик олимларга ҳам ҳомийлик қилган, чунончи мўғуллар босқини туфайли Ўрта Осиёдан қочиб келган Ёқут Ҳамавийтага бошпана бериб, моддий ёрдам кўрсатган. 1236 йил Ҳалаб ҳокими томонидан вазир этиб тайинлаган. Аллома Ибн ал-Қифтий роҳимаҳуллоҳ умрининг охирига қадар шу мансабда ишлаган.
Аллома Қифтий роҳималуллоҳ 20 га яқин асар ёзган, улардан бизгача етиб келганлари орасида энг муҳими — “Китоб ихбор ал-уламо биахбор алҳукамо” (Ҳакимлар хусусидаги хабарлар билан олимларни таништириш китоби) дир. Бу асар кўпроқ “Таърих алҳукамо” (Ҳакимлар тарихи) номи билан машҳур. Унда қадим замонлардан то муаллиф даврига қадар яшаб ўтган 414 олимнинг таржимаи ҳоли берилган бўлиб, уларнинг талайгина қисмини Ҳуросон ва Мовароуннаҳр олимлари ташкил қилган. Мазкур асар Лейпциг (1903) ва Қоҳира (1908) да нашр этилган
ТИИ 4-курс талабаси Шаҳзод Султонов
[2] Доктор Муҳсин Ҳошим. “Китабул вақф вал ибтидо” асари таҳқиқи. – Урдун. “Дарул манаҳиж”. 2001й. – Б . 22.
[3] Имом Заҳабий. Тарихул ислом.
[4] Имом Заҳабий. Тарихул ислом.
[5] Обидхон Икрамов. Қуръони карим қироатида вақф (тўхташ) ва ибтидо (бошлаш). “Мовароуннаҳр” нашриёти, Тошкент: 2018-й. – Б. 20.
[6] Доктор Муҳсин Ҳошим. “Китабул вақф вал ибтидо” асари таҳқиқи. – Урдун. “Дарул манаҳиж”. 2001й. – Б . 24.
[7] “Қироат илми истеълоҳида, қориъ деб, бир қироатни тўлиқ билган, ижоза соҳиби бўлган ҳофизи Қуръонга айтилади. Муқриъ деб эса, қироатларни ўзлаштириб, улардан таълим берувчи шайхга айтилади”. Доктор Айман Сувайд Рушдий ҳафизаҳуллоҳ.
[8] “Ғоятун ниҳоя”.