islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳаром нарсаларлар билан даволаниш масаласи

  1. Ториқ ибн Сувайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраганида у зот наҳий қилдилар. Сўнгра у яна сўради. Бас, у зот яна наҳий қилдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, у даводир», деди у. «Йўқ! У дарддир!» дедилар у зот»[1].

Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда васф қилинган ҳукмдан минг беш юз йил муддат ўтгандан кейин инсоният ҳақиқатан маст қилувчи нарсалар дард эканини илмий равишда тушуниб етди.

Баъзи бир тушунмаган кишилар, дорилик учун озгина ичса бўлар экан деган гапни кўтариб юришади. Ушбу ҳадиси шариф уларнинг зиддигадир. Маълум бўлишича, хамрнинг барча тури: Ичиладигани ҳам, чекиладиганни ҳам, ҳидланадигани ҳам, игна билан қабул қилинадигани ҳам оздан бошланиб кўпга ўтар экан. Давога деб оздан бошлаб дардга учраш хавфи бўлганидан, Исломда бу нарса тамоман ҳаром қилинганидан уни дори учун озгина ишлатиш ҳам мумкин эмас.

  1. Бир табиб Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан бақани дорига қўшиш ҳақида сўради. Бас, у зот уни ўлдиришдан наҳий қилдилар»[2].

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу дегани, бақани дори учун ишлатиб бўлмайди, деганидир. Чунки уни ўлдирмай туриб дорига қўшиб бўлмайди. Улдиришга рухсат бўлмагандан кейин, дорига қўшишга ҳам рухсат бўлмаган бўлади. Чунки бақа ифлос ва нажас нарсадир. Шунинг учун ҳаром қилинган. Шариат ҳаром қилган нарса зарарли бўлади. Шунинг учун у фойда берувчи дори бўла олмайди.

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набийсаллоллоҳу алайҳи васаллам ифлос доридан наҳий қилдилар»[3].

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Исломнинг шиори поклик. Иймоннингасли поклик. Шунинг учун Ислом ва иймон ифлосликни ҳар қандай кўринишини қабул қилмайди. Ҳар қандай ифлосликни йўқ қилиш учун барча имконларни ишга солиб курашади. Ифлос нарса ҳеч қачон фойдали ҳам, даволи ҳам бўла олмайди.

  1. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ дардни ва давони туширган. Бас, даволанинглар. Фақат ҳаром ила даволанманглар», дедилар».

Шарҳ: Демак, номи ҳаром нарса борки, даво бўлиши мумкин эмас экан. Шунинг учун мусулмон одам таоми ҳалол бўлишини талаб қилганидек, дориси ҳалол бўлишини ҳам талаб қилиши керак.

Шу ерда спирт, банж каби нарсалар ҳақида савол пайдо бўлади. Бу борада шуни айтиш керакки, бу ва бунга ўхшаш нарсалар аслида даво учун аталган нарсалар. Фақат табиати бузуқ кишиларгина уларни маст қилувчи модда сифатида ишлатишни ўйлаб чиқарганлар ва истеъмол қиладилар. Шунинг учун бу каби асли тиббий бўлган нарсалардан гарчи уларда маст қилиш қобилияти бўлса ҳам табиблар тиббий қоидалар асосида ишлатганда фойдаланса бўлаверади. Балки лозим бўлади.

  1. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Агар тирёқни ичсам, туморни оссам ва ўзимдан шеър айтсам, кейин нима қилганимга парво қилмайман», деганларини эшитдим»[4].

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: «Тирёқ» заҳарни қайтаради, деган эътиқодлар, қилинадиган хурофий ишлар: турли дам солиш, нарсалар ичиш каби жоҳилий чоралардир.

Мисол учун ўша вақтларда бутхона коҳинларидан шу мақсадда тумор қилдириб олишар экан. Бошқа бирлари эса, кўзойнакли илоннинг гўштини маст қилувчи ичимликка қориб еса, заҳар таъсир қилмайди, деб шу ишни қилар эканлар.

Умумий қилиб айтганда ҳаром ва нажас нарса билан даволаниш мумкин эмас.

Агар дардни даволаш учун ҳалол нарсалардан шифо топилмаса ва ҳаром нарса даво бўлиши аниқ бўлса, у билан даволанишга истисно тариқасида рухсат.

Эркаклар учун ҳаром қилинган ипак, тилло ва кумушларни даво учун ишлатса бўлади.

Эркаклар қичима дардига йўлиққанларида тиббий мақсадларда ипак кийим кийсалар жоизлигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.

Бунга Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Абдурроҳман ибн Авф ва Зубайр розияллоҳу анҳумога қичима бўлиб қолганларида ипак кийим кийишга рухсат берганлари ҳақидаги ҳадисни далил қилганлар.

Фуқаҳолар жумҳури эркак киши тилло ёки кумушдан тиш қилиш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Агар бир нечта бўлса ҳам рухсат, деганлар. Шунингдек, тишга тилло ёки кумуш қоплаш ҳам мумкин, деганлар.

ТИИ 4-курс талабаси

Найманов Раҳимжон

 

[1]Сулаймон ибн ал-Ашҳас ас-Сижистоний ал-Азий. «Сунани Абу Довуд», дорул Боз. Марва, Макка.

[2]Сулаймон ибн ал-Ашҳас ас-Сижистоний ал-Азий. «Сунани Абу Довуд», дорул Боз. Марва, Макка.

[3]Сулаймон ибн ал-Ашҳас ас-Сижистоний ал-Азий. «Сунани Абу Довуд», дорул Боз. Марва, Макка.

[4]Сулаймон ибн ал-Ашҳас ас-Сижистоний ал-Азий. «Сунани Абу Довуд», дорул Боз. Марва, Макка.

311070cookie-checkҲаром нарсаларлар билан даволаниш масаласи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: