islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Уламолар боғчаси бўлган шаҳар

Бухорода қадимдан илм-фан ривожланган. Бу шаҳарни бежизга “илм боғчаси” дейишмаган. Бухорода олим, фозил, солиҳ одамлар кўп бўлган. Тарихи муллазода асарида уни “Қуббат ул-ислом” деб айтилган. Бухоро шаҳрини “Балдат ул-омон” (Тинчлик шаҳри) ҳамда “Фохира” (фахр этувчи) деб ҳам атаганлар. Бу ерда азиз авлиё ва улуғлар кўп бўлган. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, усул, сарф ва наҳв илмларидан иборат бўлган шариат илмлари ривожланган. Бироқ риёзий ва сиёсий илмлар азалдан ҳам бу шаҳарда кенг тарқалмаган. “Тарихи нофеий” асарида шаҳарда 400 мадраса ва 296 та беш вақтлик намоз ўқиладиган масжид, 18 та жомеъ масжиди, 80 та қабристон мавжуд бўлганини ёзган. Шу билан бирга Бухоро шаҳрида 13 та китобхона, 96 та қорихона (қироат хона) ва мактабхона фаолият кўрсатганлиги баён қилинган. Масжидлар вақф мулки ҳисобланган. Уларни таъминлаш учун пул ажратилиб турилган. Кўплаб масжидлар қошида мактаблар бўлган. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ХХ аср бошида илм-фан бобида бошқа ўлкаларга қараганда Бухоронинг имкониятлари кенгроқ бўлган. Бухородаги мадарасаларда таълим олувчиларнинг кўпчилиги Уфа, Қозон, Троитск, Оренбург, Оқмачитлик савдогарларнинг ва Урганч, Марвлик ва бошқа бойларнинг фарзандлари бўлган. Амирликнинг Кўлоб, Балжувон, Қоратегин, Дарвоз, Ҳисор, Шахрисабз туманларидан мадрасаларда таълим олишган. Мадрасаларда таълим тахминан 20 йил давом этган. Дастлабки уч-тўрт йиллик таълимдан сўнг муллобачча – мударрис мансабини олган. Кейинги икки – уч йилда даҳяк мансабини олган. Даҳякка эришганлар стипендия олганлар. Унинг миқдори 120 танга бўлган. Мадрасалар “аъло”, “авсат” (ўрта), “асфал” (қуйи) ларга бўлинган. Уларда 10 мингга яқин муллобачча, мударрис ва имомлар фаолият олиб борган. “Тарихи нофеий” да келтирилишича Бухорода тахминан уч-тўрт минг талаба ўқиган. Дарс берувчи мударрисларнинг сони тахминан 800 нафар бўлган. Бухорои шарифнинг аъло даражали мударрисларига эшон-қози ул-қуззот, эшон-раиси калон, эшон-шайх ул-ислом, эшон-охун, эшон-аълам ва эшон-муфтий аскарлар кирган. Бундан ташқари, шариат фатволари соҳасидан дарс берувчи муфтийлар ҳам бўлган. Уларнинг сони 22 нафар бўлган. Улар аъло ва авсатлар бўлиб, ўрта даражали мударрисларга бўлинганлар. Бу муфтийлар ўроқлик мансабига эришиши мумкин бўлганки, у эшик оғобоши амали даражасига тенг келган, шу билан бирга судурлик, садрлик, шайх ул-ислом, нақиблик, мири асадлик мансабларига ҳам етишганлар. “Тарихи нофеий” да келтирилишича мадрасада маълум вақт таълим олгач “Ҳидояи шариф” ни ўқиб тугатишлари билан амир буйруғига кўра даҳяк (ушр) берилган. Агар толиби илм таҳсили илмда пешрав бўлса ёки бундан ҳам кўп билимларга эга бўлган бўлса, “Ҳидояи шариф” дан ўқитиб, имтиҳон қилиб даҳяк (стипендия) берганлар, мансабдор қилганлар. Даҳякдор мансабига эга бўлиш Бухоронинг исломий қонунларидан бири бўлган. Мударрисларнинг яна бир жамоаси – “банораспўш” – (банорас кийинадиган) лар бўлган, банораспўшликдан чиққанлари муфтий мансабига эришганлар. Улар тахминан 200 нафар бўлган. Буларни яна “авсата тадриси” – ўрта мударрислар ҳам дейишган. Яна бир гуруҳ – “асфал тадриси” (паст даражадаги) мударрислар ҳисобланган. Яна имом, мударрис ва шунга ўхшашлари ҳам борки, уларнинг сони уч юздан кўпроқ бўлган. Бухоронинг охирги қози калонларидан бири бўлган Садри Зиё (Шарифжон Махдум) ХХ аср бошида Бухорода 204 та мадраса борлиги тўғрисида маълумот берган. Бухоро шайхлари ва сайидлари ҳақида ҳам “Тарихи нофеий” да маълумот келтирилган. Булар ҳам Бухоронинг аҳли муаззам ва мукаррамларидан ҳисобланган. Сайидларга ҳам амалдорлар каби қўш ва танҳо ажратишган. Аҳли уламо каби уларга ҳам маъмурий, судурлик, садрлик, мирасадлик ва нақиблик мансабларини берганлар. Шайхларга ҳам маълум вазифалар бериб, машҳур хонақоҳ ва масжидлар ажратганлар. Улар, асосан, дуогўйлик вазифасини бажарганлар.

Манбалар асосида Тошкент ислом институти 4 курс талабаси Юсупов Оллоёр тайёрлади

311320cookie-checkУламолар боғчаси бўлган шаҳар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: