Умавийлар давлатида халққа ижтимоий таъминотни амалга ошириш муайян кўринишда ривожланди. Бунга мисол тарзида ҳижрий 45-53-йиллар оралиғида ироқ ва ҳижозлик камбағал одамлар ёрдам пулига муҳтож эканликларини билдирувчи махсус битоқа-бўйинтуруқ (бежик) осиб юришган.
Кейинчалик, Умар ибн Абдулазиз даврига келиб ҳижрий 99-101-йилларда тайинланган ижтимоий ёрдам ва маошларни тақсимлаш ва тарқатиш турлари кенгайтирилди. Масалан, қарздорларга ёрдам бериш, оила қуришга қўли калталарга ёрдам сингари. Яна, шунингдек, кўзи ожизларга ёрдам берадиган ходимга, беш нафар етимни қармоғига олганга, мусулмон бўлмаганларга таъминотлар ажратиш жорий қилинди.
VII-VIII асрлар мусулмон жамияти умавийлар ҳукмронлиги даврида ҳар жиҳатдан тараққий этди. Бу даврда давлат ҳудудидан ташқаридаги вилоятлар – Шарқий Европа ўлкалари, Узоқ Шарқ, Ҳиндистон ва Ҳабашистон билан савдо алоқалари ўрнатилди.
VII асрда бу мамлакатлардаги ички ва ташқи сиёсий тушкунлик барқарор эмаслигига қарамай, умавийлар моддий ва маданий ривожланиш давом этди.
Умавийлар даврида аниқ, табиий ва ижтимоий фанларга эътибор кучли бўлиши билан бир қаторда фиқҳ, ҳадис, тафсир, илмлари соҳаларида мисли кўрилмаган изланишлар олиб борилди. Бунда ижтимоий-маънавий ҳаётда эски динлар ўрнини мустаҳкам эгаллаган Ислом муҳим аҳамият касб этди.
Форс ва Рум давлати мағлуб бўлиб, Умавийлар давлати қўлига ўтганидан сўнг, улардан улкан илмий меърос қолди. Энди вазифа бу илмий манбалардан фойдаланиш эди.
Давлат сурёний ва юнон тилларини яхши билган одамларни жалб қилиб китобларни сўзма-сўз араб тилига таржима қилдирди. Ўз навбатида, бу таржимонлар тажрибавий илмларни ҳам пухта билишар эди. Бу илмий ишларни амалга оширишда мутахассисларнинг фаолиятига яраша мукофот беришни умавий ҳукмдорлари жорий қилдилар.
Муовия розияллоҳу анҳу илмий тадқиқотлар олиб борадиган марказ ва кутубхона ташкил қилди. Айниқса, бу марказда марвликлар алоҳида аҳамиятга эга олимлар бўлиб, ҳатто сафар ва юришларда ҳам уларнинг кўрсатма ва тадқиқотларидан унумли фойдаланишар эди. Баъзи тарихчилар Муовия розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Осол насроний бўлиб, тиббиётга доир китобларни араб тилига ўгирганини айтишади.
Тиббиёт ва кимёга тегишли китобларни араб тилига ўгиришни Холид ибн Язид биринчи бошлаб берган шахс ҳисобланади. Шунингдек, халифалар Искандария мадрасасида таълим олган мутахассисларга юнон ва қибтий тилидаги асарларини араб тилига таржима қилишни буюрган эди. Яна тиббиётда машҳур Жолут-Галеннинг китоблари ҳам таржима қилинган. Бунинг натижасида ислом диёрларида тиббиёт илмига асос вужудга келди. Жолутнинг ўзи таржимон, файласуф, донишмандлар ва ҳунармандларга яқин инсон эди. У нужум (астрономия), кимё, ҳарбий урушлар, қурол-аслаҳалар ва ҳунармандчиликка оид китобларни таржима қилган. Муовия розияллоҳу анҳунинг шу каби хайрли ишлари натижасида исломда улкан хазина, яъни Дамашқ кутубхонаси ташкил вужудга келди.
Муовия розияллоҳу анҳу даврида 534 нафар энг кўзга кўринган табиблар бор эди. Басранинг ўзида биргина Зиёд ибн Абиҳни қўли шикастланганда 150 дан ортиқ табиб даволаш учун тўпланганди. Ўша вақтда Басра аҳолиси тахминан саккиз минг эди.
Муовия розияллоҳу анҳу даврида Басрада кўплаб наҳв олимлари пайдо бўла бошлади. Басрада наҳв илмининг тамал тошини қўйганлардан аввалгиси Абул Асвад Дуалий эди. У араб тили қоидаларини биринчи бўлиб ишлаб чиқди. Унинг эшигини очди. Унинг йўлларини очди. Унинг меъёрларини белгилади. Инсонларнинг тиллари хатога йўл қўярди. Шуларни бартараф этиш учун у киши фоил, мафъулун биҳ, музоф, жар, раф, насб, жазм каби қоидаларни ишлаб чиқди. Наҳв илми бўйича алоҳида китоб таълиф этгандир.
Аллоҳ таоло Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ва у кишининг оила азоларидан Ўзи рози бўлсин!
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Эшниёзов Иброҳим