Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавотудурудлар бўлсин.
Барча инсонларнинг ҳаётида унинг устози жуда ҳам катта ўрин эгаллайди, айниқса, уламоларнинг ҳаётида. Хусусан, Имом Нававийнинг ҳам бундай даражага етишида кўп устозларнинг ўрни беқиёсдир. Имом Нававийнинг устозлари жуда ҳам кўп бўлиб, уларни асосий икки қисмга бўлиш мумкин:
- Фиқҳ илмидаги устозлари.
- Ҳадис илмидаги устозлари.
Имомнинг фиқҳ илмидаги устозлари
Имом Нававий Дамашққа кирганларида, уламолардан илк бор йўлиққан инсони – “Умавий Жомеъ”сининг имом-хатиби шайх Жамолиддин Абдулкофий бўлган. Гарчи у кишидан бирор дарс олмаган бўлсалар ҳам, илм йўлидаги рағбатини баён этиб, маслаҳат сўраганлар. Сўнг у киши Имом Нававийни Шомнинг муфтийси Фаркаҳ номи билан машҳур бўлган Тожиддин Фаззорийнинг илм халқасига юборадилар. У кишини ўзига лозим тутиб, бир муддат дарс олганлар. Бу киши Имом Нававийнинг илк устозлари эди. Сўнг Фаркаҳ у кишини Камол Исҳоқ Мағрибийни олдига юборадилар. Имом Нававий у кишининг ҳузурида бўлиб, кўп манфаат ва фойдаларга ноил бўладилар. Имом Нававий бу кишидан олган манфаатлари ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Шайхимиз Камол Исҳоқ Мағрибийни ўзимга йўл кўрсатувчи деб билдим ва у кишини лозим тутдим. У киши мендаги илмга бўлган ғайратимни ва инсонларга аралашмаслигимни кўрим мендан ажабландилар. Шу сифатларим сабабидан мени қаттиқ яхши кўриб қолдилар ва мени жамоатга дарс айтишда ўзларига ёрдамчи қилиб олдилар”.
- Шайх Исҳоқ Мағрибий.
- Дамашқ муфтийси Абдураҳмон ибн Нуҳ.
- Умар ибн Асъад Ирбалий.
- Абул Ҳасан Саллор ибн Ҳасан Ирбалийлардир.
Имом Нававийнинг фиқҳдаги устозлари силсиласи
Имом Нававий фиқҳ илмидаги устозларини ва уларни Имом Шофеъий (роҳимаҳуллоҳ) гача ва ундан Набий алайҳиссаломгача бўлган силсила борасида қуйидагиларни айтадилар: “Мен фиқҳ илмини қироат, тасъҳиҳ, эшитиш, шарҳ, таълиқ жиҳатидан жуда кўп инсонлардан олганман:
- Уларнинг биринчиси илм, зуҳд, тақво, нафл ибодатларга ҳарис ва буюк фазилат соҳиби устозим шайх Имом Абу Иброҳим ибн Аҳмад Мағрибий (сўнгра Мақдисий)дир. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин. Мени, у кишини ҳамда барча суюклиларимизни Ўзи суйган бандалари билан бирга Жаннат диёрида жамласин.
- Сўнг устозимиз Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Нуҳ ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Мусо Мақдисий (сўнгра Дамашқий)[1]дир. У киши имом, ориф, зоҳид, обид, тақволи, ибодатгўй инсон ва ўз вақтида Дамаш муфтийси бўлганлар.
- Сўнг устозимиз Абу Ҳафс Умар ибн Асъад ибн Абу Ғолиб Ирбилийдир.
- Сўнгра шайхимиз Абул Ҳасан Саллор ибн Ҳасан Ирбилий (сўнгра Ҳалабий, сўнгра Дамашқий)[2]дир. Ўз асрининг уламолари орасида фиқҳ илми бўйича пешқадам, улуғ имомларидан саналганлар.
- Аввалги учта устозимнинг устози Имом Абу Амр Усмон ибн Абдураҳмон ибн Усмондир. Ибн Салоҳ деб танилганлар.
- Ибн Салоҳнинг устози унинг отасидир.
- Отасининг устози эса Абу Саъид Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳибатуллоҳ ибн Али ибн Абу Асрун Мавсилийдир.
- Абу Саъиднинг устози эса қози Абу Али Фориқийдир.
- Фориқийнинг устози шайх Абу Исъҳоқ Шерозийдир.
- Шайх Абу Исъҳоқнинг устози қози Абу Тоййиб Тоҳир ибн Абдуллоҳ Табарийдир.
- Абу Тоййибнинг устози Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Али ибн Саҳал ибн Муслиҳ Мосиржисийдир.
- Мосиржисийнинг устози Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Марвазийдир.
- Абу Исъҳоқнинг устози Абул Аббос Аҳмад ибн Умар ибн Сариждир.
- Ибн Сарижнинг устози Абул Қосим Усмон ибн Башшор Анмотийдир.
- Анмотийнинг устози Абу Иброҳим Исмоил ибн Яҳё Музанийдир.
- Музанийниг устози Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий (розияллоҳи анҳу)дир”.
Имомнинг ҳадис илмидаги устозлари
- Иброҳим ибн Исо Муродий Андалусий (сўнгра Мисрий, сўнгра Дамашқий)[3]дир. Имом Нававий айтадилар: “У кишининг суҳбатида ўн йил бўлдим, лекин у кишидан бирор кариҳ ишни кўрмадим. Ҳаётим давомида кўзларим у кишига ўхшашини кўрмаган”, деганлар.
- Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Абу Ҳафс Умар ибн Музар Воситий. У кишидан “Саҳиҳи Муслим”ни тўлиқ эшитиб чиқганлар.
- Шайх Зайниддин Абул Бақо Холид ибн Юсуф ибн Саъд Нобулисий[4].
- Ризо ибн Бурҳон.
- Шайхларнинг шайхи Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Абдулмуҳсин Ансорий Ҳамавий Шофеъий[5].
- Зайниддин Абул Аббос ибн Абдуддоим Мақдисий.
- Абул Фараж Абдураҳмон ибн Абу Умар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Қудома Мақдисий[6]. Имом Нававийнинг шогирди ибн Аттор: “У Нававийнинг улуғ устозларидан эди”, деган.
- Қозиюл қузот Дамашқнинг имом-хатиби Имодуддин Абул Фазоил Абдулкарим ибн Абдуссомад ибн Муҳаммад Ҳаристоний[7].
- Тақиюддин Абу Муҳаммад Исмоил ибн Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Абул Ясар Тунаввиҳий[8].
- Жамолиддин Абу Закарийё Яҳё ибн Абул Фатҳ Сойрофий Ҳарроний.
- Ҳофиз Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Бакрий.
- Зиё ибн Таммом Ҳанафий. У кишининг исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Насруллоҳ ибн Абдулазиз.
- Муфтий Жамолиддин Абдураҳмон ибн Солим ибн Яҳё Анборий (сўнгра Дамашқий) Ҳанбалий[9].
- Шамсиддин ибн Абу Амр.
Булардан ташқари бошқа илмларда ҳам кўп устозлари бўлганлар
Имомнинг усул илмидаги устозлари.
Имом Нававийнинг шогирдлари ибн Аттор айтадики: “Имом Нававий усул илмини бир неча устозлардан таълим олганлар. Уларнинг энг машҳури ва улуғи аллома, қози Абул Фатҳ Умар ибн Бундол ибн Умар ибн Али ибн Муҳаммад Шофеъийдир[10]. Имом Нававий бу кишида Фахриддин ар-Розийнинг “Мунтахаб” асари ва Ғаззолий[11]нинг “Мустасфо” китобидан бир қисмини ўқиганлар”.
Имомнинг наҳв ва луғат илмидаги устозлари
Наҳв илмини шайх Аҳмад ибн Солим Мисрий[12]дан ўрганган. Ибн Молик[13]дан дарс олган ва у кишининг китобига таълиқ ёзганлар. Фахр Моликийдан Ибн Жунайнинг “Алламаъ” китобини таълим олганлар. Шайх Аҳмад ибн Солим Мисрийдан эса Ибн Сиккитнинг “Ислаҳул мантиқ” китобидан таълим олганлар.
ТИИ 4- курс талабаси
Мираҳмадов Алимардон
[1] У киши Ибн Салоҳ асҳобларининг улуғларидан бўлган. Ҳижрий 650-йили вафот этган.
[2] Ҳижрий 653-йили вафот этганлар. У киши ўз асри мазҳаби имоми бўлган ҳамда барча мушкилотларни ҳал қилишда у кишига мурожаат қилишган.
[3] Ҳижрий 668-йилда Мисрда вафот этган.
[4] У киши имом, муҳаддис, ҳофиз, фаҳм, маърифат, илм соҳиби, сиқа (ишончли) киши бўлганлар. Ҳижрий 663-йили вафот этганлар.
[5] У киши бани одамнинг закийларидан бўлган. Фиқҳ ҳамда шеъриятда ҳам моҳир бўлганлар. Ҳижрий 662-йили вафот этганлар.
[6] Ўз асрининг ҳадис илмининг имомларидан бўлган. Ҳижрий 682-йили вафот этган.
[7] Муҳаддисларнинг улуғларидан бўлган. Ҳижрий 662-йили вафот этган.
[8] Муҳаддисларнинг каттаси ва улар шу кишига суянишган. Ҳижрий 672-йили вафот этган.
[9] Ҳижрий 661-йили вафот этган.
[10] Машҳур уламолардан бири ҳисобланади. Абу Амр ибн Салоҳ билан ҳамдарс бўлган. Ҳижрий 672-йили вафот этган.
[11] Ҳужжатул Ислом, Ислом файласуфи, етук фақиҳ ҳамда сўфийдир. Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий Тўсийдир. Ҳижрий 505-йилда вафот этган.
[12] Абул Аббос Аҳмад ибн Солим Мисрий Наҳвий Луғавий Тасрифийдир. Араб тилига моҳир бўлганлар. Ҳижрий 664-йили вафот этганлар.
[13] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Молик. Ҳижрий 672-йили вафот этган.