islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш-инсоният ва жамиятнинг таназзулидир! (4-қисм)

Холис Аллоҳ учун бажараладиган иш шундай бўлади. Унда фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаракат қилинади. Молу дунёни, мансабни, ҳокимнинг розилигини, ўз яқинлари ва қариндошларининг манфаатини кўзлаб иш қилинмайди. Ҳатто ўз шахсига зарар етса ҳам, дунёдаги энг азиз кишилари ҳисобланган ота-онасига зарар етадиган бўлса ҳам, қариндош-уруғлари, яқин кишилари зарар кўришса ҳам,адолатли бўлиб, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берилади. Худди ана шу мақсад, яъни, Аллоҳ ризосини кўзлаб иш юритишнинг йўқлиги диндан узоқлашишга, жамиятнинг таназзулга кетишига, маънавий жиноятларнинг кўпайишига, жумладан, ёлғон гувоҳлик беришдек катта гуноҳнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, қайси жамиятда зулм кўпайса, ноҳақлик ҳукм сурса, собиқ Совет Иттифоқига ўхшаб, ҳукумат ўз фуқароларини тўғри келган услуб билан қоралашга ўтса, ёлғон гувоҳлик бериш ҳам шунга мос равишда кўпаяди. Бунга бугунги кундалик ҳаётимиздан мисол келтирадиган бўлсак: агар оилада ота-она ёлғончи, хиёнаткор бўлса, улардан тарбия олаётган фарзандлар ҳам аксар ҳолда шунақа бўлмоқда; агар ишхонада бошлиқ ёлғончи ва маккор бўладиган бўлса, унинг қўл остидаги ишчилар ҳам шунақа бўлмоқда; агар олийгоҳларда имтиҳон олиб, таълим берадиганлар адолатсиз бўлсалар уларнинг талабалари ҳам кўп ҳолларда ўзларига ўхшаган бўлиб етишмоқда.​​​​​​​​​​​Имом Термизий ва бошқа бир қанча муҳаддислар Ҳувайтим ибн Фотик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқидилар. Ўқиб бўлганларидан сўнг ўринларидан туриб: Ёлғон гувоҳлик беришлик Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилди”, деб уч марта айтдилар. Кейин эса: “Бутлардан иборат нажосат-нопок нарсалардан йироқ бўлингиз ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз! Аллоҳ учун тўғри турган ва Унга ширк келтирувчи бўлмаган ҳолингизда”,деган оятни ўқидилар”.​​​​​​​Маълумки, Аллоҳга ширк келтириш, яъни, Унинг шериги бор, деб эътиқод қилиш, дунёдаги энг катта гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда ҳамма гуноҳларни кечса ҳам, ширкни мутлақо кечирмаслигини таъкидлаб айтган. Ушбу ҳадисда бомдод намозидан сўнг Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам томонларидан уч марта таъкидланиб: Ёлғон гувоҳлик беришлик Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилди, дейилиши, ёлғон гувоҳлик беришнинг ҳам қабиҳликда ўша катта гуноҳга тенглигини уқтирмоқда. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ёлғон гувоҳлик беришлик ҳақидаги бу қатъий ҳукмни ўзлари тўқиб чиқармаганликлари, балки ҳамма нарсага қодир ва ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ Таолонинг ҳукми эканини билдириш учун бу ҳақда ўзларига туширилган ояти каримани ҳам ўқиб эшиттирдилар. Бутлардан иборат нажосат-нопок нарсалардан йироқ бўлингиз!. Бутга чўқиниш, ширкнинг энг қабиҳ кўринишларидан биридир. Аллоҳ Таоло ушбу оятда ёлғон гувоҳлик беришни ана ўша ширкнинг энг қабиҳ кўринишига тенглаштирмоқда. Маълумки, ширк келтириш маънавий жиноят ҳисобланади. Демак, ёлғон гувоҳлик бериш маънавий жиноятларнинг энг каттасига тенглаштирилмоқда.​​​​​​​​Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримизнинг қуйидаги ҳадисишарифларини ривоят қиладилар: Кимки бир мусулмон кишига қарши унда йўқ нарсани айтиб гувоҳлик берса, ўзининг дўзахдаги ўрнига тайёрланаверсин”. ​​​​Одатда ҳадиси шарифнинг охиридаги ўзининг дўзахдаги ўрнига тайёрланаверсин” ибораси, охиратда дўзахга шубҳасиз тушадиган ва у ердаги азоб-уқубатларга албатта гирифтор бўладиган шахсларга нисбатан ишлатилади. Ёлғон гувоҳлик берувчилар ана шундайлардан эканлиги ҳадиси шарифдан англашилмоқда. ​​​​​​​​​Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам гуноҳи кабираларни зикр қилдилар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва одам ўлдириш”, дедилар. Сўнгра Сизларга катта гуноҳларнинг каттасини айтайми? Ёлғон гувоҳлик беришдир”, дедилар.Исломда алоҳида оғир жиноятларга “гуноҳи кабира” –“катта гуноҳлар”, деб айтилади. Юқорида зикр этилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўша катта гуноҳлардан Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва одам ўлдиришни зикр этдилар. Мазкур гуноҳларнинг қанчалик катта гуноҳлар эканлиги ҳаммага маълум. Уларни шарҳлаб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Аммо Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида мазкур катта гуноҳлардан ҳам катта гуноҳ ҳақида ўзларига хос услуб билан баёнқиладилар: Сизларга катта гуноҳларнинг каттасини айтайми? Ёлғон гувоҳлик беришдир.​​​​​​​Зикр қилинган ояти карима ва ҳадиси шарифлардан ҳам кўриниб турибдики, заррача иймони бор, инсонийлиги бор одам ёлғон гувоҳлик беришни хаёлига ҳам келтирмайди. Чунки, бу қабиҳ гуноҳни қилиш учун инсонликдан чиқиш керак. Чунки бу инсоннинг соф табиатига ҳам тўғри келмайди. Ёлғон гувоҳлик бериш ҳақидаги текширишлар ва тажриба шуни кўрсатадики, бу катта гуноҳларнинг каттасини қилишга, аввал айтганимиздек, динсизлик, маънавий қашшоқлик, Худодан қўрқмаслик, охиратни ўйламаслик каби омиллар сабабчидир. Баъзи юртларда эса, золим ҳукуматлар, ҳокимлар ва амалдорлар ўзларининг қабиҳ ниятларига етишиш учун, мухолифатларига, сўзига кирмаганларга ёки ўзларига ёқмай қолган кишиларга қарши қатағон юритиш учун одамларни ёлғон гувоҳлик беришга мажбур қилмоқдалар. Мажбур қилиш услублари эса, қўрқитиш,лавозимидан озод қилиш, уриш, қамаб қўйиш, оч қолдириш каби ноинсоний тасарруфотлардан иборатдир. Шуни айтиш керакки, одамларни ёлғон гувоҳлик беришга мажбур қиладиганларни инсон деб аташ жуда ҳам қийин. Қолаверса, бундайлар, албатта, Аллоҳнинг ҳам, бандаларининг ҳам ғазабига учрайди. Бундайларнинг, албатта, Аллоҳнинг қаҳрига учрашига ҳеч шубҳа йўқ. Аммо кишилар ёлғон гувоҳлик бериш учун турли баҳона-сабаблар ахтармаслиги, ўртада таниш-билишчилик бўлмаслиги керак. Ақли-ҳуши жойида бўлган инсон бир оз қийналиб бўлса ҳам, ҳақиқат учун курашиши зарурдир.​​​​​​​​​​​​Имом Термизий ва Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳлар Алий розиёллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳга маъсият бўладиган ўринда махлуққа итоат қилиш йўқ”.​​​​​​Аллоҳга гуноҳ бўладиган бирорта иш ё бирорта ўрин ё бирорта ҳолатда умуман махлуққа итоат қилиш йўқ. Гарчи у бошлиғи ё ота-онаси ё бирорта яқини бўлса ҳам.

Мақолада келтирилган оят ва ҳадислардан ёлғон гувоҳлик беришлик қанчалик катта маъсият эканлигини билдик. Демак, бу кундаги вақтинчалик қийинчиликлардан қочиб, охиратнинг абадий ва шиддатли азобларига ўзни гирифтор қилмаслик керак. Қолаверса, ёлғон гувоҳлик бериш ҳақида келган оят ва ҳадисларда мажбур бўлганларнинг узрларини қабул қилишга ишора ҳам йўқ. Шунингдек, мазкур ҳадисларда санаб ўтилган Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон гувоҳлик бериш каби гуноҳларни фалончи буйруқ берган эди, деб амалга оширилаверилмайди. Ёки буйруқни бажаргани учун гуноҳи кечирилади, деган гап ҳам йўқ.Аллоҳ Таоло барчамизни бундай ноқулай ҳолатлардан Ўзи сақласин! Доимо Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бандалардан қилсин! Омин!

Тошкент ислом институти ​​​​​​​ўқув-услубий бўлими услубчиси,​​​​​​ТошДШУ 1-курс магистранти​​​​​​Қодиров Абдулвали

319250cookie-checkЁлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш-инсоният ва жамиятнинг таназзулидир! (4-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: