islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Мамлакатда қайси мазҳаб тарқалган бўлса, одамлар учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб”

Мазҳабга эргашиш динимиз талаби (2-қисм)

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.

Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.

Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас” асарида ўзлари шофеий  бўлишларига қарамасдан ҳанафий мазҳабимизни мақтаб шундай деганлар: “Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор”.

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.

Хуллас, мазҳаблар, хусусан ҳанафий мазҳабимиз ҳақидаги мақтов ва эътирофлар ниҳоятда кўп бўлиб, бу жойда уларнинг барчасини келтиришга имкон йўқ.

Афсуслар бўлсинки, мана шундай барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Хатоларининг асосий сабаби улар мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмасликларидандир, яъни жаҳолатдандир.

Мазҳаббошилар саҳиҳ ҳадисларни ҳасанидан, ҳасан ҳадисларни заифидан, носих ҳадисларни мансухидан ажрата оладиган бўлганлар. Шунингдек, улар оят, ҳадис ва осорларнинг (саҳобалардан ривоят қилинган хабарларнинг) маънолари ва шарҳларидан хабардор бўлганлар ҳамда оят ва ҳадислардан ҳукм олиш учун зарур бўлган бир қанча илмларни билганлар. Бизни ҳозирги замонда бундай зотларни топиш амримаҳол ишдир.

Ҳижрий еттинчи асрда яшаган Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу мавзуга доир қуйидаги фикрларни айтганлар: “Мужтаҳиднинг ҳукмига қарши саҳиҳ ҳадис топган киши унга амал қилиши учун алоҳида шартлар бор. Бу шартларни ўзида мужассам қилган кимса бизнинг замонамизда ўта оздир”.

Эътибор берайлик, Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий еттинчи асрда туриб, бизнинг замонамизда бундай одам оздир, демоқдалар. Ҳозирги ўн бешинчи ҳижрий асрда бундай шартларни ўзида мужассам қилган зотлар бормикан?

Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейдилар. Динда адашмаслик учун, тўрттадан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.

(Давоми бор…)

 

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

ўқитувчиси Неъматуллоҳ Раҳимов

321230cookie-check“Мамлакатда қайси мазҳаб тарқалган бўлса, одамлар учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: