islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

VIII аср Маъмун ҳукмронлиги даврида Аббосийлар давлатидаги  сиёсий-ижтимоий вазият

 

Милодий VIII аср Аббосийлар ҳукмдорлик қилган даврга тўғри келади. Аббосийлар даври  мусулмонлар эришган ютуқларнинг юқори нуқталаридан бири бўлди. Аббосийларнинг илм-фан ва маданият бобидаги ютуқларига Маҳдий ва Ҳорун Рашид ҳукмронлиги даврида уруғ сочилган бўлиб, ундан униб чиққан ҳамма нарса Ҳоруннинг ўғли  Маъмун даврида барқ уриб гуллаб яшнади.

Ҳорун  Рашид вафотидан сўнг Амин халифа бўлди[1]. Унинг  халифалик даври укаси Маъмун билан бўлган муаммо ва ташвишларга тўлиб тошганди. Бунинг сабаби Ҳорун Рашид валиаҳдликни учала ўғли ўртасида кетма-кетликда қилиб, Аминни Шом ва Мисрга, Маъмунни Хуросоннинг шарқий вилоятларига, учинчи ўғли Қосимни эса Ироққа ҳоким  этиб тайинлаганлиги эди[2]. Кўп ўтмай ака-укалар ўртасида келишмовчилик юзага келди. Аминнинг буйруғи билан Қосим ҳокимликдан четлатилди. Амин ўз ўғли Мусони Маъмунга ворис этиб белгилаганлиги Маъмунга маъқул тушди. У бундай қарорнинг сабабларига ишонқирамади. Бироқ, пойтахтдан жуда узоқда бўлиб, енгиб чиқишига яхши кўзи етмаганлигидан дарҳол бош кўтаришдан ўзини тийди. Бундан ташқари Амин фақат ўзигагина содиқ бўлган мусулмонлар гуруҳига таянарди. Шунга қарамасдан, Маъмун ваколатини бекор қилиб, Хуросонда тартиб ўрнатиш ва исёнкор укасини қўлга олиш учун Али ибн Исо бошчилигида қўшин юборди. Али ибн Исонинг омади чопмади, у ҳарбий унвонидан маҳрум қилиниб, қатл этилди. Маъмунга қарши бошқа қўшин йўллаш ҳам муваффақиятсиз тугади. Мана шу аснода Макка ва Мадина аҳли Маъмунга итоат қилиб у тамонга ўтди. Бағдодга Маъмуннинг қўшинлари бориб уни ўн беш ой мобайнида қамал қилиб турди. Амин таслим бўлишдан ўзга чора қолмагач, ушланиб қатл этилди. Шундан сўнг халифалик Маъмунга қолди[3].

Маъмун дастлаб оғир даврни бошдан кечирди. У кўп умрини кетма-кет бўлиб турган исёнларни бостиришда ўтказди. Асосий ғалаёнларни, айниқса, кўпгина ҳукмдорлар салтанатида такрорланиб турган тартибсизликларни эслатиб ўтиш зарур. Энг аввало бу ҳазрат Али тарафдорларининг ҳукмронликка даъвогарлик маъносида исёнлари бўлди. Улар ўзларидан бошқа ҳеч ким халифаликни кўзлашга жазм этолмайди, деб ишонарди ва ўзларидан бошқаларни ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олувчилар деб, ҳисобларди. Шу маънода гўё умавийлар билан аббосийлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, ҳар иккалалари ҳам халифаликка номуносиб, ҳеч бирлари Алига ворислик ҳуқуқига эга эмас. Ислом меросхўрлик даъвосини тан олмаслигини, Аллоҳ таолога бўйин эгувчи инсонлар манфаати йўлида хизмат қилувчи одам Унга яқинроқ ва азизроқ эканлигини ҳазрат Али тарафдорларига ҳеч ким тушунтира олмади. Ҳукмдор бўлиш бобида ҳазрат Али авлодлари муқаддас ҳуқуққа эга эканликларига шиа мазҳабига мансуб мусулмонларнинг ишончлари комил эди. Шу жиҳатдан ҳам улар имкон бўлди дегунча ҳар доим ва ҳамма жойда бош кўтариб чиқаверардилар. Маъмун подшоҳлиги даврида улар Муҳаммад ибн Иброҳим исмли одам раҳнамолигида оёққа турдилар. Бироқ Али тарафдорларининг бахтига қарши уларнинг қўзғолонларини одамлар моддий ёрдамлари ёки шахсий иштироклари билан камдан-кам ҳолларда қўллаб-қувватлардилар. Шундай қилиб уларнинг мағлубиятдан бошлари чиқмасди. Ниҳоят, Маъмун Али тарафдорларининг руҳида юрганликларини кўра-била туриб қизларидан бирини шиаларнинг саккизинчи имоми – Имом Али Ризо ибн Мусога турмушга бериб, уни ўзига куёв деб эълон қилдирди. Унинг исмини дирҳамларга босиб чиқарди. Аббосийларнинг оқ рангли байроғини ҳам яшилга алмаштирди. Бу ҳазрат Али оиласига хос ранг ҳисобланарди[4].

Бундан қониқиш ҳосил қилмаган ироқликлар аввалига Маъмуннинг амакиси Мансурни халифаликка қизиқтирмоқчи бўлиб кўрдилар. У рад жавобини бергач, Маҳдийнинг ўғли Иброҳимни ҳамда Маъмуннинг бошқа бир амакисини номзод қилиб кўрсатдилар. Бундан хабар топган Маъмун шахсан ўзи Бағдоддан Хуросонга боришга қарор қилди. У йўлда эканлигида Хуросонда Муқанна ишининг давомчиси халифа Мансур давридаги сохта пайғамбар пайдо бўлди. Бобак исмли бу киши ҳам юзига ниқоб тутиб олган бўлиб, нотўғри ғояларни тарғиб қилиш билан машғул эди. Масалан, у руҳнинг кўчиб юришига ишонтирмоқчи бўларди, бошқа ғайриисломий фикрларни ҳам ёярди. Бобакка қарши юришга вақти бўлмаганлигидан Маъмун Бағдодга қайтишга ошиқди. Тусга яқинлашганида куёви имом Али Ризо бетобликка учради, харчанд уринишмасин уни сақлаб қолалмадилар. У Тусда дафн этилди[5].  Шунинг учун ҳам бу ер Машҳад – азоб-уқубатлар макони деб аталадиган бўлди. Шиалар имом ўлимининг сабабларига ишонмасдан, уни заҳарланган ва шаҳид бўлган деб ҳисоблашади. Шундан буён Машҳад шиалар учун энг муқаддас жой саналиб келинадиган бўлди. Маъмун Бағдодга қайтгач, қай кўз билан кўрсинки, шаҳар харобаликка айлантирилган эди. Хорун қанчалик катта куч ва маблағлар сарфлаб бунёд этган гўзал иморатларни Маҳдий ва Мансур култепаларга айлантирган эдилар. Маъмун у ерда  яшаб бўлмаслигига амин бўлгач, аслзодалар билан бирга собиқ вазир Жаъфар Бармоқий саройини ўзларига қароргоҳ қилиб танладилар. Шундан кейин ишларини тартибга солишга киришмоқчи бўлди, лекин ҳали осойишталикдан дарак йўқ эди. Хорижийлар исён кўтарган Хуросонда тартиб ўрнатишга истеъдодли Тоҳирни йўллади. Бу вазифа бажарилганлигига қарамасдан, Маъмун Тоҳирнинг Хуросонда бўлиб туришини зарур билиб, уни шу юртга ҳоким этиб тайинлади. Кейинчалик ҳокимлик авлоддан авлодга ўтадиган бўлди. Тоҳир авлоди Маъмун вафотидан сўнг ярим мустақилликка эришиб, Хуросонда тоҳирийлар сулоласига асос солди.

 

Пўлатхон Каттаев,

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси

[1]Жалолиддин ас-Суютий.Тарихул-хулафо. Аҳмад Иброҳим ва Саъид ибн Аҳмадлар таҳқиқи. Байрут, 1431/2010. Б. 230; Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълом ан-Нубало. Муассасат ар-рисола. Байрут… 1405/1985. Б. 334.

[2]Аҳмад ибн Али Абу Бакр ал-Хатиб ал-Боғдодий.Тариху Боғдод.Байрут. 12- жуз.Б. 402.

[3]Жалолиддин ас-Суютий. Тарихул-хулафо. Аҳмад Иброҳим ва Саъид ибн Аҳмадлар таҳқиқ қилган. Байрут 1431/2010.Б.233.

[4]Жалолиддин ас-Суютий. Тарихул-хулафо. Аҳмад Иброҳим ва Саъид ибн Аҳмадлар таҳқиқ қилган. Байрут 1431/2010.Б.239. Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн ал-Имроний.Ал-Анбау фий тарихил-хлафа.Қосим ас-Самироий таҳқиқ қилган.Қоҳира1421/2001.Б.98.

[5]Абул Фида Исмоил ибн Умар ибн Касир ал-Қурайший. Дару эҳяут-турос ал-арабий 1408/1988.Б.272.

323550cookie-checkVIII аср Маъмун ҳукмронлиги даврида Аббосийлар давлатидаги  сиёсий-ижтимоий вазият

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: