islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мамлакатнинг «дорул ислом» деб аталишининг белгилари

Ҳанафий мазҳабида мўътабар саналган «Дуррул муҳтор» ва унинг шарҳи «Раддул муҳтор»да бундай ёзилган: «Ислом диёри фақат мана бу учта шарт тўпланганидан кейингина куфр диёрига айланади[1]:

1) ширк аҳли ҳукмлари юритилиши билан (шу жойнингҳошиясида: «Мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмаганидан кейин куфр мамлакати бўлади», дейилган). Демак, мусулмонларнинг ҳукми ҳам кофирларнинг ҳукми ҳам юритилган диёр куфр юрти саналмайди;

2) Ислом диёри куфр мамлакатларига қўшилиб, бирлашиб қолса;

3) мамлакатда бирор тинч ва хавфсиз мусулмон қолмаса».

Юртимиздаги оқилона сиёсатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – мустақилликнинг дастлабки давриданоқ маънавий қадриятларни тиклаш ва миллий ўзликни англаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганидир. Ўзбекистоннинг бугунги ва келгуси тараққиёти, Мовароуннаҳр, Турон, Туркистон тарихи муқаддас ислом дини билан чамбарчас боғлиқ эканини унутмаслик даркор[2].

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимсалар ва Марказий Осиё минтақасида фаолияти юритган «Ўзбекистон ислом ҳаракати», «Ҳизбут таҳрир», «Акромийлар», «Нурчилар», «Таблиғчилар» ва «Жиҳодчилар» каби диний-экстремистик гуруҳлар аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган мамлакатимизда гарчи исломнинг асосий беш аркони бажарилиб турган бўлсада, мусулмонобод юртимизни «дорул ҳарб», яъни «кофиристон» деб эълон қилиб, жамият ўртасида бузғунчилик, уммат орасида низо чиқаришга, нифоқ солишга, давлат сиёсий бошқарувига аралашиш, диний уламоларнинг жонига қасд қилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Уларнинг иддаолари бўйича ҳамма фақат ислом шариатига таяниши керак, конституцион қонун-қоидаларга амал қилишни куфр деб атаб, ўзларини ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа деб эълон қилиб, одамларни жанговар кайфиятга ундамоқдалар. Энг ачинарлиси шундаки, бу оқимлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фоидаланмоқдалар.

Тарихга назар ташласак, бузғунчилик доимо тараққиёт йўлига ғов бўлиб келган. Жумладан, XIII асрда мўғуллар истилоси натижасида юртимиз қандай мудҳиш ҳолатни бошдан кечирганини эслаш кифоя. Истилодан олдин Самарқандда 250 масжид ва 40 мадраса, Бухорода эса 400 масжид ва 30 мадраса бўлган. Бу даврда Мовароуннаҳрда аксарият аҳоли ислом дини арконларини изчил тутиб, эътиқодда қатъий бўлган. Мўғуллар бу ерда янги дин ташкил қилиш, ёки ўзларининг динларига киритиш орқали халқ билан чингизийлар ўртасида яна уруш-жанжаллар чиқаришни хоҳламас эди[3].

Мусулмон уламолари олдида икки йул бўлиб, биринчиси, истилочиларга қарши халқни оёққа турғазиб, душман билан жанг қилиш бўлса, иккинчиси, мўғуллар ҳукуматининг муайян талабларини бажариб, халқ билан мўғуллар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш турарди. Агар уламолар биринчи йўлни танлаганда, халқнинг қирилиб кетишига олиб келар эди. Уламолар бу борада оқилона йўл тутиб, ўз яшаш услуби ва эътиқодини сақлаган ҳсшда, мўғулларга бўйсунишди ва халқнинг муайян эркинлигига эришишди.

Мўғул истилочилари Мовароуннаҳрга айнан баҳор фаслида кириб келиб, экинзор ва боғ-роғларни юз минглаб аскарлари ва от-уловлари харобага айлантириб, кўплаб масжид-мадрасаларни вайрон қилган ва бегуноҳ кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган бўлсалар ҳам улар барпо этган давлатни ўша давр уламолари «дорул ислом» («мусулмон мамлакат») деб қабул қилишлари учун қуйидаги фатволарга суянганлар[4]:

  1. Абу Ҳанифа[5] раҳматуллоҳи алайҳ сўзига кўра, дорул ҳарб бўлиши учун у мамлакатда ширк ҳукмлари жорий қилинган, дорул ҳарб саналувчи мамлакатга бевосита қўшни бўлиб, ўртада бошқа мусулмонлар яшайдиган шаҳар бўлмаган, бирор мусулмон ёки зиммий[6] жонига омонлик берилмаган бўлиши керак. Мана шу шартлар топилмаса дорул ислом дорул ҳарбга айланмайди. Бу ерда мусулмон ва зиммийларга мушриклар томонидан омонлик берилган ёки берилмагани назарда тутилган. Яна Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Модомики, ислом аҳкомидан озгина миқдорда бўлса ҳам мамлакат дорул ислом ҳукмида қолаверади.

Изоҳ: Абу Ҳанифанинг сўзига кўра, ширк ҳукмлари жорий бўлиши, яъни бутпарастлик ёки оташпарастлик ҳукмларига халқни зўрлаш, куфр мамлакати деб ҳисобланаётган давлатга чегарадош бўлиши ёки истилочилар томонидан мусулмонлар ва зиммийларга тинч ҳаёт кечиришларига шароит бўлмаслигидир. Юқоридаги шарт-шароит мамлакатда бўлмаса, ислом ҳукмларидан озгинасига бўлса ҳам рухсат берилса, «дорул ислом» мусулмон мамлакати «дорул ҳарб» (куфр мамлакати)га айланмайди, гарчи унинг подшоси кофир бўлса ҳам.

  1. Абу Юсуф ва Муҳаммад[7] раҳимаҳумаллоҳлар сўзига кўра, дорул ҳарб булиши учун мамлакатда ширк ҳукмлари жорий қилинган бўлишининг ўзи кифоя. Дорул ҳарбга туташ бўлиш-бўлмаслигининг фарқи йўқ. Яна дорул исломга туташ бўлмасдан уртада аҳли ҳарбларга қарашли шаҳар бўлиши ҳамда мусулмон ва зиммийларнинг омонда бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, биз ижмо (иттифоқ) қилганмизки, ислом ҳукмлари жорий бўлиб турган мамлакат дорул исломдир, гарчи у ерда кофирлар яшаётган бўлса ҳам ёки дорул исломга туташ бўлмаса ҳам. Шунда ҳар икки диёрнинг хусусиятлари эътиборга олинган бўлади.
  2. Шайхулислом Абу Бакр[8] раҳимаҳуллоҳ ҳам «Сияр ал-асл» китобининг шарҳида худди шу фикрни билдирган. Яна у ўша китобнинг бошқа жойида мамлакатда модомики, ислом аҳли амал қилаётган ислом аҳкомидан озгинаси қолган бўлса, гарчи аҳли исломлик аломати қолмаган бўлса ҳам дорул ҳарбга айланмайди, деган.
  3. Садр ал-ислом Абу Юср[9] раҳимаҳуллоҳ «Сияр ул-асл» китобидаги муртадларга доир ҳукмлар бобида ёзишига кўра, дорул ислом модомики, дорул ислом аталишига сабаб бўладиган нарсалар йўқ бўлиб кетмагунча дорул ҳарбга аиланмаиди.
  4. Шайхулислом Исбижобий[10] ( раҳимаҳуллоҳ) ўзининг «Мабсут» номли китобида дорул ислом деб аталиб келинаётган мамлакатда, гарчи битта ислом ҳукми жорий бўлиб турган бўлса ҳам у дорул ислом ҳукмида қолаверади. Ислом аломатлари йўқ бўлсагина у дорул ҳарбга айланади. Шунингдек, дорул ҳарб ширкнинг айрим аломатлари топилмай, улар ўрнига ислом аҳкомлари жорий бўлиб турган бўлса, у дорул исломдир[11].
  5. Имом Ломиший[12] (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг «Воқиот» номли китобида ҳам Модомики, мазкур учта аломат мавжуд экан, дорул ислом дорул ҳарбга айланмайди, деган.
  6. Носириддин Самарқандий[13] (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг «ал-Мултақат» асарида Ислом аҳкомларининг жорий қилиниши билан мамлакат дорул исломга айланади. Модомики, кичкина бўлса-да, исломият аломатларидан қолган бўлса, ислом томони оғирлик (галаба) қилади. Кофирлар қўл остидаги мамлакатлар шаксиз дорул ҳарб эмас, балки дорул исломдир. Зеро, улар дорул-ҳарбга чегарадош эмас.

Зафар Маҳмудов,

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси

[1] А.Тулепов. Ислом ва ақидапараст оқимлар. – Т.: Sharq, 2013. –Б.286.

[2] А.Тулепов. Ислом ва ақидапараст оқимлар. – Т.: Sharq, 2013. –Б.251.

[3] Ўша асар. –Б.252.

[4] Ўша асар. –Б.253.

[5] Нуъмон ибн Собит ибн Иброҳим ибн Зутий (80/699-150/767). Мовароуннаҳрда Имоми Аъзам номи билан машҳур.

[6] Мусулмон диёрида йилига бир марта жизъя солигини тулаш асосида яшайдиган гайридин киши

[7] Яъкуб ибн Иброх,им ибн Хубайб (ваф. 182/799 й.)

[8] Мухдммад ибн Хасан Шайбоний (ваф. 189/805 й.)

[9] Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Абу Бакр Бухорий (ваф. 482/1090 й.)

[10] Али ибн Муҳаммад ибн Хусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо ибн Мужоҳид Абу Ҳасан Баздавий (400- 485/1010-1093 й.)

[11] Ўша асар. –Б.254.

[12] Хусайн ибн Али Абулк;осим Имодуддин Ломиший (ваф. 514/1121 й.дан кейин)

[13] Носириддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф Хусайний Самарқандий (ваф. 556/1161 й.)

323510cookie-checkМамлакатнинг «дорул ислом» деб аталишининг белгилари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: