IX аср ўзбек давлатчилигининг ривожланиш тарихида Тоҳирийлар давлати ва ушбу давлатни бошқарган ҳукмдорларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эгадир. Манбаларда Тоҳирийлар давлатини бошқарган ҳукмдорларнинг номлари ва улар ҳақидаги баъзи маълумотлар сақланиб қолган. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг ҳукмронлик даври ва одил ҳукмдор сифатидаги фаолияти эътиборга молик жиҳатлари билан ажралиб туради.
Тарихда давлат бошқарув ишлари билан шуғулланиш асносида илмий ва ижодий ишлар билан танилган машҳур шахсларнинг аксарияти Шарқ мамлакатларида, хусусан мусулмон диёрларидаги ҳукмдорлар ҳаётида кўпроқ кузатиш мумкин. Аббосийлар давлатида илм-фан ва маданиятни ривожлантиришга эътибор кучайиб, айниқса, Хорун ар-Рашиднинг ҳукмронлиги даврида мамлакат пойтахти Боғдод илмий марказга айтантирилади. Унинг ўғиллари валиаҳд Амин ва Хуросон волийси Маъмун ўртасидаги келишмовчиликлардан кейин қаттиқ жанглар бўлиб, 814 йили Маъмун Аббосийлар давлатининг ҳукмронлигига эришди . Аммо турли гуруҳларнинг Маъмунга қарши исёнлари тўхтаб қолмади. Ўзи волийлик қилган Хуросонда хорижийлар унга қарши исён кўтарган эди. Исённи бостириш учун 820 йил лашкарбошиси Тоҳир ибн Ҳусайнни йўллайди ва кейин уни Хуросонга волий этиб тайинлайди. Тоҳир ибн Ҳусайн Хуросон ва Мовароуннаҳр волий сифатида ўлкани мустақил идора қила бошлайди. Натижада Тоҳирийлар давлати вужудга келиб, Унга Хуросон билан бирга Мовароуннаҳр ҳудуди ҳам қараган. Давлатнинг пойтахти дастлаб Марв шаҳри бўлган, кейинчалик Тоҳирийлар давлатининг одил ҳукмдорларидан саналган Абдуллоҳ ибн Тоҳир даврида Нишопур шаҳрига кўчирилган.
Тоҳир ибн Ҳусайндан кейин ҳукмронлик тахтига ўғли Талҳа келади. Унинг даврида мамлакат ҳудуди кенгайтирилиб, Тоҳирийлар давлати кучли давлатлардан бирига айланади. 828 йилда ҳукумат тепасига Тоҳир ибн Ҳусайннинг яна бир ўғли Абул Аббос Абдуллоҳ ибн Тоҳир келади. Тоҳирийлар давлатчилиги тарихи ҳақидаги китобларда, хусусан, бугунги замонавий тарихчиларнинг тадқиқотларида Абул Аббос Абдуллоҳ ҳақида мазкур давлатнинг ҳукмдорларидан бири эканлиги, пойтахтни Нишопурга кўчирганлиги кабилардан бошқа маълумотларга дуч келинмайди. Аммо Имом Шамсиддин Заҳабий “Машҳур даҳолар сийрати” асарида Абул Аббос Абдуллоҳ ибн Тоҳирни фақиҳ ҳамда назм ва насрда машҳур адиб бўлганлигини келтиради . Унинг номи шунингдек, ҳадис илмида келтирилиб, Вакиъ, Яҳё ибн Зурайс ва Маъмундан ҳадислар ривоят қилган дейилган. Ибн Роҳавайҳ, Наср ибн Зиёд, Фазл ибн Муҳаммад Шаъроний кабилар Абул Аббос Абдуллоҳдан ровий сифатида фойдаланган. Демак, у Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳукмдори сифатида давлатда илм-фан ривожига бош бўлган, балки ўзи ҳам илмий изланишлар устида бўлганлиги англашилади. Унинг саховатпешалиги ҳам тарих китобларида сақланиб қолган. “Ҳамённинг тўлалиги ва хотиранинг ўткирлиги бирга жам бўлмайди”, – деган гапни айтганлиги манбаларда келтирилган . Тоҳирийлар оддий одамларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, илм-фан фидойилари бўлган зиёлиларни қўллаб-қувватлаганлиги манбаларда учратиш мумкин. Айниқса, бундай ишлар Абдуллоҳ даврида ниҳоятда ривожланган.
ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси мудири О.Тангиров