islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абдуллоҳ ибн Тоҳур (2-қисм)

Абдуллоҳ ибн Тоҳур ҳақидаги маълумотлар Низомулмулк Тусийнинг “Сиёсатнома” асарида ҳам келтириб ўтилган: “Абдуллоҳ ибн Тоҳур деган бир одил ҳукмдор ўтган. Унинг қабри Нишопурда… У порсолар ва зоҳидларга, дунё молига ҳожатлари бўлмаган ғаразсиз кишиларга амаллар берар экан” . Абдуллоҳ ибн Тоҳурнинг буйруғи билан йирик фиқҳ олимлари кенгашиб суғориш учун фойдаланиладиган сув тақсимоти Китоб ал Кунийни тузадилар. Ушбу қонунлар асрлар давомида Мовароуннаҳрда сувдан фойдаланишдаги баҳс-мунозаларни ҳал этишда асос бўлиб хизмат қилган. Абдуллоҳ ибн Тоҳур 828-844 йилларда ҳукмронлик қилган бўлса, унгача отаси Тоҳур ибн Ҳусайн 821-822 йилларда, акаси Талҳа ибн Тоҳур 822-828 йилларда ҳокимиятни бошқарган. 844-862 йилларда ўғли Тоҳур ибн Абдуллоҳ, 862-873 йилларда набираси Муҳаммад ибн Тоҳур ҳокимият тепасида бўлади. Саффорий ҳунармандлар Муҳаммад ибн Тоҳур даврида Тоҳурийлар давлатини мағлуб этади. Маълумотларга кўра Тоҳур ибн Ҳусайн ўғли Абдуллоҳга шундай насиҳат қилган экан: “Шуни билгилки, бойлик кўпайиб хазина тўлиб тошганда ҳам у даромад келтирмайди. У фуқаро зарурати, улар ҳақ-хуқуқларини адо этишга, уларни ташвиш ва қарзлардан озод этиш учун сарфланган тақдирдагина кўпаяди, ортиб боради. Бу билан халқ оммасининг эътибори қозонилади. Шу билан халқ фаровонлиги таъминланса, бу ҳокимларга зеб беради, даврнинг эмин-эркинлиги шу бўлади, шуҳрат ва қудрат бағишлайди. Халқ оммасига саховат қўлини очсанг, бойлигинг ортади, куч-қудрат эгаси бўласан, қўшин сақлайсан ва ҳаммани ўзингга мафтун эта оласан”. Абдуллоҳ ибн Тоҳур отасидан шундай панд-насиҳатлар эшитади ва кўп жиҳатдан ҳукмронлиги даврида мана шу қоидаларга амал қилган. У деҳқонларнинг аҳволини тартибга солувчи махсус фармон чиқарган. Фармонда жумладан шундай сўзлар бор. “Аллоҳ бизни деҳқонларнинг қўли билан боқади. Уларни оғзи билан бизни олқишлайди ва уларга озор беришни тақиқлайди.

Айнан IX асрда Тоҳирийларнинг ҳукмронлик даврида Ўрта Осиёдан илм-фан ҳам маданият ривожланиб, Ўйғониш даврининг шаклланиш босқичи рўй бергани бежиз бўлмаса керак. Айни шу даврда бу заминдандан Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк муҳаддис олимлар етишиб чиқиб, ислом оламининг забардаст олимига айланди. Бу даврда Мовароуннаҳр Сомоний амирлар орқали идора этилсада, улар тоҳирийларга бўйсунар эди. Тоҳирийлар давлати Абул Аббос Абдуллоҳ ҳукмронлиги вақтида тўла-тўкис мустақил сиёсат юритила бошланган давлатга айланган эди. Тоҳир ибн Ҳусайн ва Талҳа даврларида Аббосийларнинг таъсири маълум даражада сезилиб турган. Абул Аббос Абдуллоҳ ҳукмронлиги милодий 845 йилгача давом этади. Ундан кейин ҳокимият тепасига Тоҳир II ўтиради. Кейинчалик мамлакат заифлашиб Саффорийлар томонидан 873 йили эгалланади . Шу ўринда Имом Бухорий ҳазратлари ҳаёти билан боғлиқ маълумот эътиборга моликдир. Тоҳирийлар давлатининг Бухородаги амири Холид ибн Аҳмад Имом Бухорийга нисбатан ноҳақлик қилиб у кишини шаҳардан чиқиб кетишига сабабчи бўлиб қолгандан кейин бир ой ўтиб бундан хабар топган Тоҳирийлар ҳукмдори Бухорога амирни вазифасидан бўшатиш ва жазолаш тўғрисида фармон юборган экан. Шунга кўра амир эшакка тескари ўтирғизилиб сазойи қилинган экан .

Шарқда, хусусан, Ўрта Осиёда рўй берган IX-XII асрлардаги Ўйғониш даврининг шаклланишида ижтимоий-сиёсий омил сифатида ҳукмдорларнинг ҳам ўрни аҳмиятга молик эканлиги ҳисобга олинса, албатта Тоҳирийлар давлати ва унинг ҳукмдорларидан бири Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг хизматларини ҳам эътиборга сазовордир. Унинг манбаларда нафақат одил ҳукмдорлиги, балки илм-фан билан машғул бўлганлиги ва ҳадислар ровийси сифатида китобларда қайд этилганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар”

кафедраси мудири, тарих фанлари бўйича

фалсафа доктори Обид Тангиров

326330cookie-checkАбдуллоҳ ибн Тоҳур (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: