islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қайта қуриш даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси фаолияти

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талаба қизлари учун “Қайта қуриш даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси фаолияти” мавзусидаги илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси мудири, исломшунослик фанлари PhD доктори Соатмурот Примов, Ижтимоий фанлар кафедраси мудири, тариф фанлари PhD доктори Обид Тангиров ва талабалар иштирок этди.

Давра суҳбатида Мухлисахон Зиёвутдинова Тошкент Давлат Шарқшунослик университети доценти “Муфтий Бобохоновлар сулоласининг фаолияти” мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда Мухлисахон Зиёвутдинова ўз маърузасида, юртимиз мўмин-мусулмонлари томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинадиган Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари ўта машаққатли йилларда юртимиздаги диний-маърифий соҳа ривожи йўлида беқиёс хизматлар қилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Муфтий Эшон Бобохоновнинг Совет иттифоқ даврида ислом илмини сақлаб қолинишига қўшган ҳиссаси беқиёс. У зот икки бора қамалиб, икки ўғли Сибирга сургун этилганига қарамай дин йўлида жасорат кўрсатишдан қўрқмаган ҳамда Муфтий Эшон Бобохон Сталин билан ҳам учрашган. Орадаги тақиқлардан сўнг Бухорода Мир Араб мадрасасини тиклаган, у ерда яна Ислом илми чироғи ёқилишига сабабчи бўлган шахс ҳам Муфтий Эшон Бобохон бўлган.

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг ўнинчи неваралари Амирсаидхон Усмонхўжаев Марказий Осиё муфтийлари сулоласининг авлоди бўлиб, Тошкентда кичик музей ташкил этганлар.

Муфтий ва унинг давомчиларининг қалтис даврлардаги жасоратлари эса бир неча китобга жо бўлгулик тарихдир. Муфтий Бобохоновлар сулоласи Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёвуддинхон ва Шамсиддин Бобохонов номлари Саудия Арабистони, Марокаш, Иордания Қироллигида, Бангладеш, Ливия каби давлатларда ҳам машҳурдир. Мана шундай бир шароитда мусулмонларга етакчилик қила оладиган, уларнинг дарду ҳасратлари, муаммолари, орзу-умидлари билан яшай оладиган диний раҳбар масаласи ҳам ўртага чиқди. Ўшангача ярим асрдан зиёд вақт мобайнида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари ишига Бобохоновлар сулоласининг аъзолари раҳбарлик қилиб келишган эди. Сулоланинг олдинги вакилларидан Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон минтақадаги энг етук уламолардан бири сифатида 1947 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг таъсис этилишида ташаббускор ва бош-қош бўлганлар.

У зот 1958 йили вафот этганларидан кейин эса, оталарининг ишини атоқли дин арбоби Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон муваффақиятли давом эттирган эди. Собиқ иттифоқ даврида диний уламолар тақибга учраб, турли тазйиқларга қолган дамларда ҳам у зотлар ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олишга эришганлар.

1982 йили у киши вафот этгач, ўрниларига ўғиллари Шамсуддинхон Бобохонов тайинланди.

Бобохоновлар муфтийлик даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб, диний алоқалар кенгайди.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова “Буюк юрт алломалари” мавзусида сўзга чиқди.

Заминимиз азалдан буюк алломалар, мутафаккирлар, ўз замонасидан ўзиб кетган даҳолар юрти бўлиб келган. Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Абу Бакр Қаффол Шоший, Абу Мансур Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Абулмуин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий номларининг ўзи бир китоб бўлади. Бири калом илми устози, бири фалак тоқига нарвон қўйган забардаст олим, бошқаси амалий тиббиёт отаси, бири калом илми дурдонаси, яна бири муҳаддислар султони.

Маълумки, бугун юртимизда диний-маърифий соҳага катта эътибор берилмоқда, ёшларни аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялаш мақсадида турли илм масканлари, марказлар ташкил этилмоқда, бу борада улкан ишлар қилинмоқда. Ислом динига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтириш бош ғоямизга айланди. Президент Ш.Мирзиёев қаерга бормасинлар, юртимизнинг қайси гўшасида бўлмасинлар, ўша ерда туғилиб ўсган азиз-авлиёлар, олиму мутафаккирларнинг номини ва меросини тиклаш, абадий қўним топган ерларини ободонлаштириш, уларнинг номи билан аталувчи турли зиё масканларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият миқёсини кенг ва аниқ белгилаб бериш ишларида шахсан ўзлари ташаббускор бўлмоқдалар.

Ҳозирда юртимиз алломаларининг кўплаб асарлари чоп этилмоқда. Шу кунга қадар Термизий алломаларнинг 20 дан ортиқ   асарлари,  Имом Бухорий ҳазратларининг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “ал-Абад ал-муфрад” асарлари ҳам бир неча бор минглаб тиражларда чоп этилмоқда.

Тадбир якунида хатми Қуръон қилиниб, дуои хайрлар қилинди.

ТИИ Илмий тадқиқот фаолиятини

ташкил этиш бўлими муҳандиси М.Мавлянкулов

327131cookie-checkҚайта қуриш даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: