Аллоҳ таоло Ўз муқаддас каломида:
أَلاَ بِذِكْرِ اللّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
“Огоҳ бўлингизким, Аллоҳ зикри ила қалблар ором топур”,- деб марҳамат қилади (Раъд сураси 28 оят). Бас, инсон қалбининг ороми, ҳаловати, ҳузури, роҳати, хотиржамлиги Ҳақ зикри билан комил даражаси мақомига етади.
Зикрнинг энг аълоси Қуръони Каримдир. Чунончи илоҳий Калом таржимони Ҳасан Таҳсин раҳимаҳуллоҳ ёзадилар: “Аллоҳни истиғфор ва тавҳид билан ёд этмоқнинг ёнида энг улуғ зикр Қуръони Каримдирки, бу эса, ҳам уни ўқимоқ, ҳам унинг амрларини ҳаётда ҳоким тутмоқ билан булур. Ана шунда фикр, кўнгил ва ҳаёт ҳузурга, ором олишга эришади. Йўқса, ғояси ҳақиқийлашмаган зикрлар билан қалб ва ҳаёт ҳузурсизликдан, безовталикдан қутулмагай. Аллоҳнинг зикрини қалбга, фикрга ва ҳаётга синдирмаган кимсалар худди томирларига сув етмаган дарахтлар каби бўлурлар”.
Ҳар қандай яхши амалнинг шарти ва одоблари бор. Бу ҳақда Ҳазрат Ашроф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тоат ва ибодатларнинг асосий фойдаси охират савобини олишдир. Ҳар қандай яхши амални ўз шарти ва одоблари билан адо қилган банда бу фойдага, яъни охират савобига эга бўлиши аниқ. Тоат ва ибодатларнинг яна бир фойдаси шуки, ҳар бир амалда ўзига ҳос таъсир ва барокатлар бўлиб, улар шу дунёнинг ўзидаёқ зоҳир бўлади. Лекин бу таъсир ва барокатларнинг намоён бўлиши учун шарт шуки, киши амал қилаётган вақтда ўша таъсирларни ҳам ният қилган бўлиши лозим. Умуман олганда, одамлар ўз ибодатлари натижасида мазкур таъсирларни ҳосил қила олмасликларига сабаб шу бўладики, улар шу таъсирларни ният қилган бўлмайдилар. Масалан, Қуръон Каримда намоз туфайли инсонга гуноҳлардан сақланиш тавфиқи берилади, дейилган:
“Намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарур” (Анкабут, 45).
Лекин намознинг бу таъсир ва хосияти уни ўз шартлари ва одоблари билан бирга қўшиб, “Намозим гуноҳлардан қайтишимга сабаб бўлсин”, деб ният қилган кишига ҳосил бўлади” (Мажолиси ҳакимул умма китобидан).
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Анкабут сураси 45-оятга шундай шарҳ беради:
Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Намоз ўқи», деб эмас, «Намозни тўкис адо эт», деб хитоб қилмоқда. Ҳа, тўкис адо қилинганда, «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур».
Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фаҳш ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фаҳш ва мункар ишлардан қайтади.
Имом ибн Жарир Тобарий Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир намоз ўқиса-ю, намози уни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, у кишининг ўз намози ила Аллоҳдан узоқ бўлиши зиёда бўлади, холос», – деганлар.
Чунки намоз Аллоҳнинг зикридир.
«Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир».
Дунёда Аллоҳни зикр этишдан буюкроқ амал йўқдир. Ушбу буюк ишни тарк этган одам ҳар қандай жазога лойиқдир. Бундай буюк ишни тўкис адо этмаган одам Аллоҳдан узоқлашмай, ким узоқлашсин?!
«Аллоҳ нима қилаётганингизни билур».
Жумладан, намозни тўла-тўкис адо этсангиз ҳам билур, чала-ноқис ўқисангиз ҳам билур. Ундан ҳеч бир иш махфий бўлиб қолмас.
Ҳазрати Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: Кимки муомаласини Роббиси билан гўзал қилса, Аллоҳ таоло унинг муомаласини халқ билан гўзал қилиб қўяди, дедилар.
Ҳасанул Басрий раҳимаҳуллоҳ нима дедилар:
“Сизлар зикри ҳаловатни учта нарса ичидан қидиринглар ва аҳтаринглар: Намоз, Қуръон тиловати ва зикрда. Агар қай бирида топган бўлсангиз, уни маҳкам тутинг ва севининг. Агар топа олмасангиз, билингки, сиз учун яхшиликнинг эшиклари ёпилибди…”
«Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» (28-оят).
Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканини яхши биладилар. Аллоҳдан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳам яхши биладилар. Бу дунё-ю у дунёнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нега Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасин?!
«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!»
Бу оромнинг нелигини уни тотиб кўрганларгина биладилар. Иймонсизлар қалб ороми нима эканидан бутунлай бехабардирлар. Улар ер юзидаги энг бадбахт одамлардир. Дунёдаги энг бахтли одамлар эса Аллоҳ томон йўналганлар, ҳидоят топганлар, иймон келтирганлар ва қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топганлардир.
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳ.
Юнусобод тумани “Оқтепа” жоме масжиди
имом ноиби Уролназар Мустaфо