Толиби илмнинг устози билан муносабати бошқалар билан бўлган муомиласидан тамоман ажралиб туради. Чунки талаба устозига илм йўлида ўз жиловини топширади, ундан илм олади ва у юрган йўлдан юради. Илм китоб ва саҳифаларнинг ўзидангина олинмайди. Ундайларни тарихда ҳам, ҳозирда ҳам суҳуфий деб аташади.
Илми кўп-ку лекин устози бўлмагани учун илми на ўзига ва на бошқаларга наф бермаган инсонларни кўплаб учратиш мумкин. Тарихда бирор масалада устози йўқ олимлар фикр билдирса мўътамад уламолар дарҳол “жим бўл, устози йўқ!”, деб танбеҳ беришган ва бундай кимсалар халққа диндан гапиришига йўл қўйишмаган. Талаба учун устоз ҳудди сув ва ҳаводек зарур.
Толиби илм устозининг ҳузурида ҳудди касал моҳир табиб олдида тургандек унга ўз дардини айтиши унинг кўрсатмаларига сўзсиз бўйсуниши лозим. Талаб устозини ниҳоятда ҳурмат қилиши ва устозининг хизматидан Аллоҳнинг розилигини қасд қилиши керак. Зеро, талабанинг устозига кўрсатадиган ҳорлиги азизлик, тавозеси ифтихор, бўйсуниши юксакликдир.
Имом Шофеъий уламоларга кўп тавозу кўрсатганлари учун маломат қилинганларида қуйидаги мисрани келтирган эканлар:
Уларга нафсимни ҳор айлайин икром қиларлар,
Сен ҳорламайдиган нафс икром этилмас!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу нубувват ҳонадони вакили бўлишларига қарамай Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг отлари жиловидан ушлаб, уламоларни шундай эҳтиром қилишга буюрилганмиз, деганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, бизга устоз бўлмиш уламолар умматнинг йўл бошловчилари ва фидойиларидир. Шундай экан уларни эҳтиром қилиш ҳар бир мусулмон учун зарурдир. Уларни эъзозлаш динни эъзозлаш демакдир. Олимларини қадрлаган миллат азиз бўлади.
ТИИ талабаси Абдумавлонов Абдуллоҳ
Juda chiroyli suratda bayon qilingan…