“Каромат”, “карума”, “якруму” феълидан олинган масдар бўлиб, юқорилик ва шараф маъносини англатади. Каромат луғатда “иззат-икром”, “қадр-қиммат”, “олийжаноблик” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса, “Аллоҳ таолонинг Ўзи севган бандаларига қилган иззат-икроми каромат, дейилади”.
Каромат шу маънода икки хил бўлади:
- Аслий.
- Касбий.
Биринчи турдаги каромат барча инсонларга тегишлидир. Чунки уларни Аллоҳ таоло инсон қилиб яратган. Инсон қилиб яратилганлар эса мўмину кофирликларидан қатъи назар бошқа барча жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйилган, яъни ҳозирги баҳс нуқтаи назаридан қаралса, одам боласи бўлиб, дунёга келишларининг ўзи Аллоҳ таолонинг уларни иззат-икром қилганидир. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, бошқа жониворнинг боласи ҳолида дунёга келишлари ҳам мумкин эди. Аллоҳ таолонинг Ўзи уларни одам фарзанди сифатида дунёга келишларини ирода қилган. Одам болаларини эса бошқа кўплаб жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйган. Ушбу азизу мукаррам қилиниш, инсониятнинг туғма кароматидир.
Биринчи (аслий, яъни туғма каромат)нинг мисоли қуйидаги оятда:
۞﴾وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلۡنَٰهُمۡ عَلَىٰ كَثِيرٖ مِّمَّنۡ خَلَقۡنَا تَفۡضِيلٗ ﴿ا٧٠
“Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик”[1].
Яъни Аллоҳ таоло Одам наслига ақл бериб, илм бериб, нутқ бериб, коинотдаги барча нарсаларни уларга тобе қилиб, бошқа махлуқотлардан уларни азизу мукаррам қилиб қўйган. Уларга ҳайвонларни улов қилиб берган ва кемаларни ҳам кўтаришга салоҳиятли қилиб қўйган. Лаззатли таомлар ва ширин сувларни ризқ қилиб берган. Муқотил: “Бу ояти карима “Биз одам болаларига сариёғ, асал, қаймоқ, хурмо каби покиза нарсаларни ризқ қилиб бердик, бошқа ҳайвонларга эса сомон, суяк каби нарсаларни ризқ қилиб бердик” маъносини англатади”, – деган.
Иккинчи касбий каромат, яъни меҳнат билан эришиладиган каромат фақат тақводор мўминлардагина ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу каромат мўминларга хос эътиқод ва ҳаракатлар билан ҳосил бўлади.
Қуръони каримда инсонлар орасидаги энг ҳурматли, Аллоҳ таолонинг иззат-икромига сазовор банданинг сифати баён қилинган:
﴾﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنَّا خَلَقۡنَٰكُم مِّن ذَكَرٖ وَأُنثَىٰ وَجَعَلۡنَٰكُمۡ شُعُوبٗا وَقَبَآئِلَ لِتَعَارَفُوٓاْۚ إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٞ١٣
“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир”[2].
Бу хитоб бутун башариятга қарата айтилган. Яъни эй одамлар, Биз сизларни битта аслдан яратганмиз. Сизларни бир ота ва бир онадан вужудга келтирганмиз. Шунинг учун ота-боболар билан мақтаниш ҳам, насабга суяниш ҳам беҳудадир. Сизлар барчангиз Одамдан тарқалгансизлар, Одам эса тупроқдан яратилгандир! Башариятнинг халқлар ва қабилалар қилиб қўйилиши ота-боболар билан фахрланиш учун эмас, балки бир-бирларининг насабларини таниб олиш, оталаридан бошқага нисбат бермаслик учундир.
Насаб урфда ҳам, шариатда ҳам эътиборга олинса-да, лекин унинг Аллоҳ ҳузурида қадри баланд бўлишда ҳеч қандай эътибори йўқдир. Аллоҳ ҳузурида азиз бўлиш иймон ва тақво билан бўлади. Бу азизлик олдида қолган азизликлар худди қуёш чиққанида юлдузлар ғойиб бўлгани каби кўзга ташланмай қолади. Ҳа, одамлар наслу насаб билан эмас, тақво билан азиз бўладилар. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:
Ишонма отага, қолма талабдин,
Сўралмасдур қиёматда насабдин.
Яъни мен фалонийлар авлодиданман, деб алданиб қолмагин, чунки ҳисоб-китоб кунида насл-насабингдан сўров бўлмайди, балки қилган амалларингдан сўров бўлади. Аммо дунёда бировнинг ҳам амали яхши, ҳам насаби яхши бўлса, нур устига нур бўлади. Бироқ амали ёмон бўлса…
Ҳикматли сўзда: “Амали ортга сурган кимсани насаби олдинга сура олмайди”, дейилган.
Шунинг учун, кимки дунёю охиратда азизу мукаррам бўлишни, Аллоҳ таолонинг иззат-икромига сазовор бўлишни хоҳласа, албатта, тақводор мўмин бўлиши лозим!
Одатдан ташқари ишларни каромат дейиш мажозийдир. Чунки Аллоҳ таоло ўша ишларни тақводор мўминнинг икроми учун унинг томонидан содир этади. Аллоҳ таолонинг икром қилиши ўша ишларнинг содир бўлишига сабаб бўлади.
ТИИ Модуль таълим шакли
битирувчиси Азизов Мансур
[1] Исро сураси, 70-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:198.
[2] Ҳужурот сураси, 13-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:396.