Айрим ақидапараст тузилмалар томонидан аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган мамлакатларда гарчи Исломнинг бешта аркони амалда бажарилиб келинаётган бўлса-да, шу каби юртларни «дорул ҳарб» яъни «уруш диёри» дея эълон қилиб, уларга қарши жиҳод эълон қилиш лозимлигини даъво қилмоқдалар. Ваҳоланки, бу даъволари шаръан асоссиздир.
Шайхулислом Бурҳониддин Марғинонийнинг шогирди фақиҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний ўзининг «Китобул фусул» асарининг биринчи фаслини «дорул ислом» ва «дорул ҳарб» масалалари билан бошлаган.
Ҳанафий мазҳаби мужтаҳидлари дорул ислом қандай қилиб дорул ҳарбга айланиб қолиши ҳусусида ихтилофлар қилганлар. Абу Ҳанифа сўзига кўра, дорул ҳарб бўлиши учун у мамлакатда ширк ҳукмлари жорий қилинган, дорул-ҳарбга саналувчи мамлакатга бевосита қўшни бўлиб, ўртада бошқа мусулмонлар яшайдиган шаҳар бўлмаган, бирор мусулмон ёки зиммий жонига омонлик берилмаган бўлиши керак.
Мана шу шартлар топилмаса дорул ислом дорул ҳарбга айланмайди. Яна Абу Ҳанифа айтади: Модомики, ислом аҳкомидан озгина миқдорда қолган бўлса ҳам мамлакат дорул ислом ҳукмида қолаверади. Шайхулислом Абу Бакр ҳам «Сиярул асл» китобининг шарҳида шундай дейди: Мамлакатда модомики, ислом аҳли амал қилаётган ислом аҳкомидан озгинаси қолган бўлса ҳам, гарчи аҳли исломлик аломати қолмаган бўлса ҳам дорул ҳарбга айланмайди. Шайхулислом Исбийжобий ўзининг «Мабсут» номли китобида дорул ислом аталиб келинаётган мамлакатда, гарчи битта ислом ҳукми жорий бўлиб турган бўлса ҳам, у дорул ислом ҳукмида қолаверади.
Экстремистик руҳ билан йўғрилган қора кучлар илоҳий манбаларни нотўғри талқин қилиш билан ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлиш билан бирга дунёдаги кўпчилик мусулмонларни чалғитиш ва дунё жамоатчилигига ташвиш орттириш ҳамда ислом дини ёвузликка чақирувчи дин тимсолида танитиш каби зарарли фаолиятлари билан ўта жинояткор бандалар қаторидан жой олаётганлари аниқ ва равшандир.
Динда ҳаддан ошмай мустақим туриш зарур. Бу эса васатийликдир. Аллома Юсуф Абдуллоҳ Қаразовий ўзининг «ал-Хасоисул Омма лил-Ислом» номли китобида васатияни қуйидаги таърифини келтиради: «Васатиянинг ўрнига «мувозанат» иборасини ишлатиш ҳолатлари ҳам бор. Бу билан икки бир-бирига қарши тарафлар орасида ўртамиёналик ва адолатни ирода қилинади. Токи улардан бири ўз тасирини ўтказиб бошқасини йўққа чиқармасин. Тарафлардан бири ўзига тегишли ҳақдан кўпни олиб қарши тарафга устинлик қилмасин ва уни йўқ этмасин. Қарама-қарши тарафлар дейилганда руҳонийлик ва моддийлик, якка шахс ва жамоат, воқеъийлик ва хомхаёл, собитлик ва турғинсизлик каби нарсалар кўзда тутилган бўлади. Мазкур қарама-қарши нарсалар орасида васатийликнинг жорий қилиш уларнинг ҳар бирига ўзига яраша ва керакли имкон бериш ҳамда бунда зарар етказиш ва чегарадан чиқиш, ҳаддан ташқари қаттиқ тутиш ва ҳаддан ташқари бўш қўйиб юбориш ҳолатларига йўл қўймаслик ила бўлади».
Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим. Хулоса ўрнида бу каби муаммоларнинг ечими сифатида Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жанобларининг ушбу сўзларини келтириш билан якунлаймиз: «Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…».
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси кабинет мудири Икромжон
Жўрабоев