islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Кибрни йўқ қилиш фарзи айндир

Кибр – кибр-ҳаво, манманлик, димоғдорлик ўз шахсиятига, қобилиятига ортиқча баҳо бериш, ўзини бошқалардан юқори қўйиш, калондимоғлик оқибатида намоён бўладиган салбий ахлоқий сифат. Бу сифат кишиларни менсимаслик, уларга паст назар билан қараш, ўринсиз ғурурга берилиш, ўзининг арзимас ютуқларини бўрттириб кўрсатишда кўринади. Кибрли киши ўз айби, нуқсонларидан кўз юмади, манмансирайди. Бундай киши ўзгаларнинг насиҳатини ёқтирмайди, залолат ботқоғига ботади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад) эсланг, биз фаришталарга Oдамга таъзим қилинг, дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди” (Бақара, 34).

Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: Кимнинг қалбида заррача мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди, дедилар.

Кибр одамлар ўртасида бирдамлик, аҳиллик ва муҳаббатни йўқ қилади, адоват уйғотади. Кибр одобсизлик белгиси бўлиб, у доимо қораланган. Имом Ғаззолий кибрни: “У ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш” деб таърифлаганлар. Имом Ғаззолий “Иҳъёу улумид дин”да кибрни бадбахтлик калити эканини қуйидагича баён қилади: Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.

Кибрнинг сабаблари:

  1. Илм.
  2. Амал.
  3. Ҳасаб ва насаб ила кибрланиш.
  4. Жамол ила кибрланиш.
  5. Мол билан кибрланиш.
  6. Куч қувват билан фахрланиш.
  7. Ўзининг тарафдорлари билан кибрланиш.

Кибрнинг зарарлари:

  1.  Кибр Аллоҳ таолонинг ғазабига олиб борувчи йўлдир.
    2.    Кибр нафснинг паскашлиги ва юзтубан кетганлиги аломатидир.
    3.    Кибр Аллоҳ таолодан ва одамлардан узоқ бўлишга сабабдир.
    5.    Кибр ҳалокатга етакловчи ва умрнинг баракасини кетказувчи омилдир.
    6.    Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг тоатидан узоқлаштиради.
    7.    Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувади.

Кибр ҳалокатга олиб борувчи дардлардан бўлиб, инсоннинг ундан холи бўлиши қийин. Кибрни йўқ қилиш фарзи айндир. Кибр ўз-ўзидан йўқ бўлмайди, балки уни турли дармонларни ишлатиб қунт ва бардавомлик ила даволаш лозим. Кибрни даволаш икки мақомда бўлади:

Биринчи мақом – кибрни таг-томири билан қўпориб ташлаш.
Бу мақомдаги даволаш илмий ва амалий бўлади. Ҳар иккиси ҳам ишга солинмаса, шифо мукаммал бўлмайди. Илмий муолажа қуйидагича бўлади: Аввало, банда ўзини ва Парвардигорини танисин. Шунинг ўзи ундаги кибрни йўқотиш учун кифоя қилади. Агар банда ўзининг кимлигини ҳақиқатда англаб етса, ҳар бир хордан ҳам хор эканини, ҳар бир кичикдан ҳам кичик эканини билади. Ана шунда унга тавозуъли бўлиш ва ўзини ҳоки сор тутишдан бошқа нарса тўғри келмаслигини англаб етади. Агар банда Роббисини ҳақиқий равишда таниса, улуғлик У зотдан бошқага тўғри келмаслигини англаб етади. Амалий илож қуйидагича бўлади: Бунда амалий равишда Аллоҳ таолога тавозуъ қилинади. Одамларга нисбатан доимий равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, аҳли солиҳларнинг ва тавозуълиларнинг ахлоқи ила муомалада бўлинади. Агар кибрланиш жамол туфайли бўлса, ўзининг ичига оқиллар назари билан қарасин, ҳайвон кўзи билан қарамасин. Агар кибрланиш қувват сабабли бўлса, ўйлаб кўрсин, бир кеча уйқусизлик етса қуввати кетиб ожизларнинг ожизига айланиб қолади-ку! Бир кун иситма чиқса, қувватини бир неча кунгача қайта тиклай олмай қолади. Оёғига тикон кирса нима бўлишини ўйласин. Агар кибрланиш бойлик сабабли бўлса, ўзидан олдин ўтган ва ҳалокатга учраган бойларнинг ҳолини кўз олдига келтирсин. Офат етиб бир лаҳазада бир тийинсиз қолиши мумкинлигини эсидан чиқармасин. Агар кибрланиш илм сабабли бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳужжати жоҳилдан кўра олимга таъкидли эканини билиб қўйсин. Илм аҳлининг масъулияти катта эканини эсига олсин. Кибр қилган банда Аллоҳ таолонинг наздида ёмон кўринишини унутмасин. Ўзидаги кибрни тавозуъ ила даволаш пайидан бўлсин.

Тошкент ислом институти талабаси

Даврaнова Зебинисо

329570cookie-checkКибрни йўқ қилиш фарзи айндир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: