islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Халифалар Восиқ, Мутаваккил, Мунтасир даврида Аббосийлар давлатининг мухтасар тарихи

Ҳижрий 227 (милодий 842) йил халифа Мўътасим вафот қилгач, унинг ўрнига ўғли Восиқ халифа бўлади. У 228 (мил. 843) йил халифа Ашнас Туркийни Жазира, Миср ва Шомнинг барчасига подшоҳ этиб тайинлайди ва унинг бошига жавҳарлар билан безатилган тож кийгизади. Халифа Восиқ ҳам аввалга отасининг йўлидан юриб мусулмонларни “Қуръон махлуқ” деган сўзни айттириш билан машаққатга қўяди. Басра амирига имом ва муаззинларни имтиҳон қилиш учун иккинчи бор мактуб юборади. Бу ҳолат Халифанинг Насаий ва Абу Довуднинг устози  Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ  Азрамийни мўътазилийлар бошлиғи ибн Абу Довуд олдида имтиҳон қилиши ва ибн Абу Довуднинг шармандаларча мағлуб бўлиши билан ниҳоясига етади.

232/847 йил Восиқдан сўнг Мутаваккил халифа бўлади. Халифа суннатга моил эканини билдиради, ва унинг аҳли бўлган муҳаддисларга ёрдам беради. Мусулмонлардан “Қуръон махлуқ” деган синов меҳнатини кетказади ва бу нарсани тарқатиш учун атрофдаги шаҳар волийларига мактублар юборади. 234/848 йил Сомурро шаҳрига ишга таклиф қилади ва уларга маошлар тайинлайди. Шу йилда Ироққа шиддатли иссиқ шамол келади. Инсонлар ҳали бунга ўхшашини кўрмаган эдилар. Бу шамол эллик кун давом этиб, Куфа, Басра ва Бағдодга ҳам етиб боради ва экинларини ёндириб юборади. Йўлдаги мусофирларни ҳалок қилади. Бу шамол бўлишидан олдинги йилда Дамашқда қаттиқ зилзила бўлиб, кўп иморатлар бузилган эди. 236/850 йил Халифа Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қабрини ва унинг атрофидаги уйларни ҳам бузиб ташлаб, экинзорга айлантиришга буюрди. Шунингдек, инсонларни уни зиёрат қилишдан ман килди. 237/851 йил Мисрдаги ноибига Миср қозилари қозиси Абу Бакр Муҳаммадни жаҳмийлар[1] бошлиғи ва золим бўлгани сабабли соқолини олиб ташлаб калтакланиши ва эшакка ўтқазиб шаҳарни айлантирилишига буюради. Бу ишлар амалга оширилгандан сўнг имом Моликнинг шогирди бўлган Ҳорис ибн Мискин қозилар қозиси этиб тайинланади. 245/859 йилда қаттиқ зилзила бўлиб, Антокиядан бир тоғ денгизга қулаб тушади. Миср атрофида жойлашган Билбис аҳолиси осмондан қаттиқ ва қўрқинчли овоз эшитади ва кўплаб инсонлар ҳалок бўлади. Ўша зилзила туфайли Маккаи Мукаррамадаги қудуқлар суви тортилиб кетади. Халифа Мутаваккил  қудуқларга Арофатдан сув келтириш учун юз минг динор юборади. Мутаваккил халифалик қилган муддатда ҳанбалий мазҳаби асосчиси имом Аҳмад ибн Ҳанбал оламдан ўтади.

Абу Жаъфар Муҳаммад Мунтасир халифаликка келган кундан бошлаб туркийларни ҳақоратлаб, четлаштира бошлайди. Турклар Халифа касал бўлганда уни даволайдиган табибига ўттиз минг динор бериб Халифани захарлаб ўлдиради.

Ҳижрий иккинчи-учинчи асрда жамият араб, форс, рум ва аҳли зимма[2]лардан иборат турли қабилалар билан аралашиб кетди. Аввалига Ироқда, кейинчалик барча Ислом оламидаги инсонлар ҳаёт тарзига форсча ижтимоий анъаналар кириб кела бошлади. Форсча кийиниш, яъни узун бош кийим кийиш, форсча кийим турлари кенг тарқалиб кетди. Форс подшоҳликларида бўлгани сингари қозилар бошқаларга нисбатан катта бош кийим, подшоҳ ва унинг вазирлари эса даражасига қараб салла кияр эдилар. Ўша вақтда шаҳардаги бинолар ҳам форсча услубда қурила бошлаган эди. Ўша асрда пешво бўлган аббосийлар форсларда бўлгани сингари кенг ошхоналар қуриб, уларнинг  дастурхонларини нозик дид билан безаб тўлғазар эди. Аста секин бу ҳолат бошқа ислом шаҳарларига ҳам Бағдоддан юборилган волийлар томонидан кириб борди[3].

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

[1] (жаҳмийлар- Абу Мухриз Жаҳм ибн Сафвоннинг издошлари бўлиб. Ўрта аср илоҳиёт олимлари уларни муржийларга, баъзилар жабарийларга мансуб қиладилар. Бу таълимот Жаҳм ибн Сафвон вафотидан сўнг унинг номи билан аталувчи бўлиб тарихга кирди. ) Жалолиддин ас-Суютий. Аҳмад Иброҳим ва Саъид ибн Аҳмадлар таҳқиқ қилган. Байрут 1431/2010 Тарихул-хулафо.Б.267-276.

[2] (аҳли зимма- ислом давлати ҳимоясида яшайдиган ғайридинлар. Яъни, улар дини, жони, моли ва б. соҳаларининг тинч-омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлганлардир. Улар б-н аҳднома тузилганда мусулмонлар ана ўша нарсалар ила уларни таъминлашни ўз зиммаларига олганлар)

[3]Ҳасан Аҳмад Маҳмуд ва Аҳмад Иброҳим аш- Шариф. Ал-Аламул-исламий фил-асрил-аббасий.Дарул-фикр-арабий. Б.232.

329620cookie-checkХалифалар Восиқ, Мутаваккил, Мунтасир даврида Аббосийлар давлатининг мухтасар тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: