islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЖАҲОЛАТНИ ЕНГИШНИНГ БИРДАН БИР МАНБАИ – БИЛИМ Мотуридийлик таълимотида билиш назарияси (2-қисм)

Билиш (маърифат) воситалари

Тақлид, илҳом ҳамда маъсум имом маърифат воситаси бўла олмас экан, унда ўша – восита нима?! Мотуридийнинг фикрича маърифатнинг уч воситаси бор ва мана шу воситалар ёрдами инсон нарса-ҳодисалар ҳақида билим ҳосил қилади. Булар: сезги ёки ўз-ўзидан маълум нарсалар; нақл (хабар); ақл (мантиқ, тафаккур).

1. Сезги. Мотуридий буни ўз замонасидаги файласуф ва мутакаллимлар сингари “аъён” деб номлаган. Бунга сезги аъзолари – эшитиш, кўриш, пайпаслаш, ҳидлаш, татиш воситасида қабул қилинадиган маълумотлар киради. Сезги билишнинг воситаси сифатида ақл учун ҳам фундаментал аҳамият касб этади. Сезги аъзолари орқали олинадиган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа билан қарашнинг ҳатто имкони йўқ. Аммо бу турдаги маърифат воситаси айрим тоифалар, хусусан билишнинг барча воситаларига шубҳа ва ишончсизлик билан қарайдиган софистларнинг танқидига учраган ва инкор этиб келинган. Афтидан Мотуридий бу тоифанинг таълимот ва услубларидан хабардор бўлган. Шунинг учун ҳам улар билан баҳслашган ва кескин раддиялар берган.

Софистлар сезгининг билиш воситаси эканлигини инкор қиладилар – дейди Мотуридий. Уларнинг фикрича, кези келганда сезги панд бериши мумкин ва шунинг учун билиш воситаси бўла олмайди. Масалан, ғилай кўз битта нарсани иккита кўрсатади, холецистит (ўт пуфаги яллиғланиши) билан оғриган одамга асалнинг таъми аччиқ туюлади, одамнинг тушига воқеликда мавжуд бўлмаган ёки воқеликдагидан фарқ қиладиган нарса-ҳодисалар ҳам киради. Шунингдек, узоқдан кўринган нарса яқинлаштирилганда аввалгисидан фарқ қилади, айрим нарсаларнинг борлигини илғаб бўлмайди – кўзга кўринмайди. Бундай ҳолатларда, сезиш аъзолари ожиз бўлиб қолади. Нарсаларнинг ташқи кўриниши алдамчи, сезги эса ишончсиз восита, шунинг учун сезги билим воситаси бўла олмайди.

Мотуридий софистларнинг бу фикрларини муҳокама қилиб, уларнинг далиллари кучсиз ва нотўғри эканлигини айтади. Софистлар келтирган далилларнинг ўзиёқ сезгининг маърифат ва идрок асоси бўлишига ҳужжат бўлишини тушунтиради. Чунки, улар санаб ўтган турли ҳолатларнинг воқеликка тўғри келмаслиги ҳақидаги қарашлари (билимлари) ҳам сезги воситасида пайдо бўлган.

Софистлар сезги воситаларига нисбатан эътирозларини сезги аъзоларининг шикастланган (носоғлом) бўлиши мумкинлиги, узоқ ва яқин, туш ва ўнгдаги нарсаларнинг турлича сезилиши ёки ёш боланинг ҳақиқатни англаб етмаслиги билан изоҳлайдилар.

Бу ҳолат Мотуридий таълимотида сезиш аъзоси ва сезиш объекти ўртасидаги номувофиқлик келтирувчи тўсиқлар (маъуқот), ёки сезги аъзосининг шикастланганлиги билан ифодаланади. Сезги аъзосининг шикастланганлиги сезиш объектининг ўзгаришига сабаб бўлмайди.

Сезгидаги тўсиқлар ва шикастликлар сезгининг билиш воситаси эканлигини инкор этишга асос бўлмайди. Албатта, номукаммал восита билан мукаммал идрок қилиб бўлмайди. Бу ерда ақл борлигини ҳам назардан қочирмаслик керак-ки, у сезгидаги носозлик айнан қаерда эканлигини аниқлаб, нарса-ҳодиса ҳақидаги билим нотўғри ҳосил қилинганини кўрсатиб беради. Бу йўл билан сезгининг алдовидан қутилиш кафотланади. Шундай қилиб, Мотуридий сезги аъзоларининг шаксиз билиш воситаси эканлигини исботлайди. Билим ҳосил қилиш манбаси сифатида унинг қийматини паст баҳолаш мамкин эмас, деб ҳисоблайди.

2. Нақл (хабар).

Хабар маърифат ҳосил қилишнинг иккинчи воситаси. Унинг ёрдамида одамнинг насл-насаби ва нарсаларнинг номлари, олисдаги мамлакатлар, ўтмишдаги воқеа-ҳодисалар, ҳаёт билан боғлиқ фойда ва зарарли нарсалар, одам ўзи мустақил равишда билиб ололмайдиган ҳолатлар маълум бўлади. Мотуридий нақлни икки қисмга бўлади: Умумий нақл – факт ҳамда хабарлар; Пайғамбарлардан келган нақллар.

Умумий ахборотнинг ўзи маърифат манбаси бўла олар экан, Пайғамбардан келган нақлни сўзсиз, маърифатнинг энг ишончли манбаси ҳисоблашдан ўзга чора йўқ. Негаки, пайғамбар хабарларининг манбаси аниқ ва ишончли – ваҳй.

Мотуридий умумий нақл, хусусан пайғамбарлардан келган нақлни шубҳа остига олган, қисқасини айтганда, пайғамбарликни инкор этишга интилган айрим фирқа ва тоифалар ҳақида тўхталади. Исломий фирқаларни ўрганган тарихчилар бундай қарашлар браҳман ва шраманага хослигини айтадилар. Мотуридийнинг фикрича нақлни инкор қилиш ўз-ўзини инкор қилишдай гап. Чунки инкор жумласининг ўзи ҳам бир нақл (хабар)дан иборат бўлади. Нақл тан олинмаган ҳолда инсон ўз насабини, исмини, номларни билмайди. Натижада узоқдаги нарса-ҳодисалар у ёқда турсин кўз ўнгидаги нарса-ҳодисаларни ҳам билмайди.

Нақлнинг билиш воситаси эканлигини инкор этувчи браҳманлар сингари тоифлар тарихий воқеа-ҳодисалар ҳақидаги маълумотлар ўзгаришга учраган бўлиши мумкинлигини асос қиладилар ва шунинг учун уни ишончсиз деб ҳисоблайдилар. Мотуридий наздида бу нақлни мутлоқ инкор қилиш учун сабаб бўла олмайди. Негаки, айрим нақлларнинг сохталаштирилгани ёки ўзгартирилгани ўша нақлда келтирилган нарса, воқеа-ҳодиса бўлмаганини англатмайди. Бу ўринда ҳақиқатлигини инкор қилиб бўлмайдиган нақлларни ҳам назардан қочирмаслик лозим. Шундай экан нега нақл ҳақидаги қароримиздан воз кечишимиз керак?! Мотуридийнинг фикрича бундайларга раддия беришнинг энг яхши воситаси уларнинг устидан кулиш ва калака қилишдир. Масалан, нақлнинг билим воситаси эмаслигини асослашга уринаётган одамга “нима дединг?!” деган саволни берасиз. Шунда у гапини такрорлайди ва хабарни тан олган бўлиб қолади. Негаки биринчи марта гапирган гапи аллақачон тарихга айланиб бўлган ва такрорлаганда ўша гапини нақл қилган бўлиб қолади. Шунда ҳам тан олмаса, демак у – яхши одам эмас. Ёки бошқа бир услубни қўллаш мумкин: уни жони оғрийдиган даражада туртасиз. Албатта, оғриқни ҳис қилганини ифодалашнинг нақл (хабар)дан бошқа воситаси йўқ. У сизга “нега урасан, оғриди-ку” деганда ўзингизни билмаганга соласиз ва у нақл ҳақидаги қарашларининг хатолигига иқрор бўлади.

Мотуридий пайғамбарларнинг ғайб ҳақида, ўтмишда ўтган инсонлар ҳақидаги нақлларини энг ишончли хабар деб қабул қилади. Чунки пайғамбарлар шахсиятининг комиллиги, нақли, нақл манбасининг ҳақлиги шубҳага ўрин қолмайдиган даражада далилланган ва исботланган. Шунда ҳам уларнинг нақлини инкор қилиш, ўта кетган сурбетлик бўлади.

Аммо пайғамбарлар қолдирган хабар (нақл) бизгача гуноҳдан холе бўлмаган ровийлар силсиласи орқали етиб келган. Шу сабабли улардан келтирилган нақллар орасида айрим хато ва камчиликлар, ҳатто ёлғон маълумотлар ҳам учраши мумкин. Бундай маълумотларга аниқлик киритиш лозим. Нақлнинг ростлиги ва бу нақлни айтаётган ровийнинг ҳақиқатгўйлиги ҳар томонлама исботланса, нақл мутовотир (шубҳасиз) даражада рост ва ундан фойдаланиш мумкин бўлади.

Бу ўринда пайғамбардан келган нақл ростлигининг қуйироқ даражаси ҳам борки, бундай нақллар ҳам ҳар жиҳатдан текширилиб, шу билан бирга Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларга мувофиқлиги алоҳида текширилади. Натижага кўра бундай нақлллар қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги ҳам мумкин.

Мотуридий мутавотир нақл (ҳадис)ни ҳимоя қилир экан, бу билан нақлнинг ростлигига асос бўлиб хизмат қиладиган ровийлар занжири мутавотирлигини эътиборга олмайдиган муътазилийларга раддия беради. Муътазилийларнинг фикрича ровийлар занжирида кимдир ёлғон гапирган бўлиши ёки барча ровийлар тил бириктириб ёлғон маълумот тақдим қилиши эҳтимолдан холе эмас. Мотуридий нақлни танқид қилганларга раддия берар экан, мутавотир нақлнинг аҳамиятини таъкидлайди. Уни инкор қилиш тарихни, ваҳийни, инсоннинг дунё ва охирати учун зарур бўлган билимларни инкор қилиш билан баробарлигини тушунтиради.

3. Ақл (мантиқ, тафаккур). Мотуридийнинг эътирофича ақл ва тафаккур билишнинг учинчи воситаси ҳисобланади. Ақлий фолият, ҳужжат келтириш ва мантиқийликни ифодалаш учун Мотуридий “назар” (таҳлил), “истидлол” (далиллаш), “ақл” сўзларини ишлатади. Мотуридий билиш назариясида ақлга катта ўрин ажратади. Унинг фикрича ақл сезги ва хабар орқали олинган маълумотлар устидан зарурий ва лозим ҳукм қилувчи вазифасини ўтайди. Хусусан ақл сезгининг нуқсони ва нақлдаги ноаниқларни бартараф этишда ҳал қилиувчи роль ўйнайди. Бу ўринда ақл ҳақиқатни англаш, нақл келтираётган ростгўйни ёлғончидан фарқлаш имконини беради.

Ақл билишнинг ишончли воситаси эканини асослаш учун Мотуридий Қуръони каримга таянади. Инсонни олам мўжизалари ҳақида тафаккур қилишга ундайдиган кўпгина оятларга ишора қилади. Атрофни ўраб турган оламга, ўз-ўзига назар солиб ибрат олиш ва хулоса чиқаришга чақиради.

Қуръондан келтирилган далиллар билан бирга ақлнинг маърифат (билиш) учун зарурий воситаси эканига далолат қиладиган жуда кўп ақлий ҳужжатлар ҳам бор. Масалан ақл мавжуд нарсалар моҳиятини таҳлил қилиш орқали Худони билиш воситаси бўла олади. Шунингдек, Худо инсонга бўйсиндириб берган ер юзини обод қилиш учун ҳам ақл керак. Сезги ёки хабар орқали яхшилик ёки ёмонлик деб белгиланаётган маълумотларни тўғри-нотўғрига ажратиш учун ҳам ақл керак.

Мотуридийга бу борада қарши чиққанлар инсон ўз тақдирини ақлнинг қўлига топшира олмайди дея далил келтирадилар. Чунки, бундай одамнинг тутган йўли раҳмоний ёки шайтоний эканлигини кафолатлаб бўлмайди. Шунингдек, бу инсон тақдирини ўз қўлига топшириб қўйгандай гап, дейдилар. Шу сабабли фақатгина нақлга ва қалбга таяниш керак деб ҳисоблайдилар.

Мотуридий эса ақлни четга суриш инсонни нажотга эмас ҳалокатга бошлашини тушунтиради. Чунки инсон табиатан фикрлаш қобилиятига эга. У доим ўзининг моҳияти, пайдо бўлиши, унинг учун нима фойдаю, нима зарарлиги тўғрисида ўйлайди. Бундай бўлмаслигининг иложи йўқ. Ҳаётда турли қараш ва фикрлар кўп. Дуч келган фикрга эргашиш эса уни ҳалокатга етаклайди. Шу сабабли нима яхши, нима ёмонлигини ақл билан ажратиб олишдан бошқа чора йўқ. Бунинг учун ё бир одамни ақл билан танлаб шунга эргашади, ёки ўзи ҳикмат излайди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ақл ва тафаккурни ишлатмасликнинг иложи йўқ.

Мотуридийнинг фикрича шайтон инсонга тафаккур қилмаслик, ақлни ишлатмасликни васваса қилади. Чунки тафаккур шайтоннинг инсонга дахл қилиш йўлини тўсади. Ақлий мулоҳаза орқали моҳиятни билишга интилаётган одам яратувчини билиш сари одимлар экан, бундай одам шайтон томомнидан таклиф қилинаётган ҳалокатли йўлга назар ҳам солмайди.

Инсон тафаккур сабабли ўзининг кимдир томонидан яратилгани, яратувчи олдида ҳисобдорлиги, шу сабабли яратувчининг амру фармонига итоат қилиш лозимлигини ангайди, шу тарзда дунё ва охират саодатига эришади. Ёки, тескари фикр юритиши ҳам мумкин. Бу билан инсон дунё саодати ва лаззатларига эришади, аммо охиратдан бебаҳра бўлади. Ҳеч бўлмаганда ақл ва тафаккур ёрдамида мураккаб муаммоларни еча олади. Шундай қилиб инсон ҳаётининг ҳар жабҳасида ақл ва тафаккурнинг ўрни зарурлиги маълум бўлади.

М.Нсриев, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси

(Давоми бор…)

329710cookie-checkЖАҲОЛАТНИ ЕНГИШНИНГ БИРДАН БИР МАНБАИ – БИЛИМ Мотуридийлик таълимотида билиш назарияси (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: