VII аср иккинчи ярмида хаворижлар орасида йигирмага яқин турли гуруҳлар пайдо бўлди. Улар ичида энг йириклари – ибодийлар, азориқалар ҳамда суфрийлар бўлиб, ўз йўлбошчилари номи билан шундай аталганлар.
Ибодия. Ибодийа бошқа хавориж гуруҳлари орасида энг мўътадили ҳисобланиб, бизнинг давримизгача сақланиб қолган ягона хавориж фирқасидир. Бу мазҳабнинг асосчиси умавий халифа Абдулмалик ибн Марвон (685-705) даврида вафот этган Абдуллоҳ ибн Ибод (ёки Абод)дир. Мазкур мазҳабнинг таълимоти мўътадил бўлиб, у қолган мусулмонлар билан қиз олиб-қиз беришдан, улар билан мерос улашишдан қайтармайди. Шунингдек, уларнинг таълимоти ҳужжат ва исбот келтириб эълон қилгандан сўнггина бошқа мусулмонларга қарши уруш очишга ижозат беради. Бунинг акси ўлароқ бошқа хаворижлар эса ўзларидан бошқа оқимдаги мусулмонлардан уйланишни, улар сўйган ҳайвон гўштини ейишни, улар билан ўзаро мерос улашишни ман этиб, эълонсиз уларга қарши уруш очишни жоиз деб билишади. Гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган одамни кофир деб, товон (жизйа) тўлаб юрган бошқа дин вакилларини (аҳл аз-зимма) ўлдиришни ва мол-мулкини тортиб олишни мумкин деб билишади.
Ал-Ибодия фиқҳий мазҳаби аҳл ас-сунна мазҳаби билан кўплаб амалий диний масалаларда (фуруъ) ўзаро келишади. Бу мазҳабнинг таълимоти кўплаб қўлёзма ва босма китобларда жамланган. Энг муҳим чоп этилган китоби Муҳаммад ибн Йусуф ибн Утфоишнинг ўн жилдда чоп этилган «Шарҳ ан-нил» асаридир. Мазкур мазҳаб вакиллари Марокаш, Уммонда истиқомат қилишади.
Азрақийлар. Азрақийлар (Азориқа) гуруҳининг асосчиси Нофиъ ибн ал-Азрақдир (ваф. 685 й.). Хавориж гуруҳлари орасида энг муросасиз ва бешафқат саналган бу жамоа ҳозирги кунгача етиб келмаган.
Азориқа таълимотига хос бўлган жиҳатлар қуйидагилар:
- халифа Алини «кофир» деб ҳисоблаганлар;
- гуноҳи кабира қилган мусулмонларни кофир деб эълон қилганлар;
- азориқалардан бўлмаган мусулмонлар, уларнинг қариялари, аёл ва болалари қонини тўкишни (истирода) ҳалол деб ҳисоблаганлар;
- ҳайз кўрган аёлларга ҳам намоз ўқиш ва рўза тутишни фарз деб ҳисоблаганлар;
- майда ўғрилик учун ҳам қўлни бутунлай елкадан кесиб ташлашни буюрганлар.
Суфрия. Суфрия ҳам хаворижларнинг бир гуруҳи бўлиб, Зийод ибн ал-Асфар деган киши номидан шундай деб аталди.
Суфрийлар таълимоти ўзининг нисбатан мўътадиллиги билан ажралиб туради. Бу гуруҳнинг ажралиб чиқишига хаворижлар орасида кўтарилган имон масаласидаги тортишувлар сабаб бўлган. Улар азориқадан фарқли ўлароқ қўзғолонларда қатнашмаган ўз диндошларини кофирга чиқармаганлар. Рақибларнинг қария, аёл ва болаларини ўлдиришдан қайтарганлар. Онгли равишда тақийага – ўз имонини амалда эмас, фақат оғзаки равишда яширишга йўл берганлар. Бу фирқа VIII асргача ўз фаолиятини давом эттирганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Қарматийлар. Баҳрайнда қарматийлар ҳаракати билан танилган янги фирқа вужудга келди. Бу фирқанинг асосчиси куфалик Ҳамдон Қарматдир. Исмоилийа арбобларидан Ҳусайн ал-Аҳвозий вафот қилгач, Ҳамдон бошқарувни ўз қўлига олди. У ўз сиёсатини тарғибот қилишда фаол иш олиб борди, натижада унинг тарафдорлари аста-секин кўпайди. У Куфа ташқарисида жойлашган «Дорул ҳижра» деб номланган марказни ўзи учун қароргоҳ қилиб, у ерда даъватчилар тайёрлади. Шунингдек, у камбағал ва бева-бечораларга ёрдам бериш мақсадида сафдошларидан мол ва турли солиқларни йиғар эди.
Қарматийларнинг сиёсий-ғоявий ҳаракати Куфа атрофида бошланиб, IX аср охирларига келиб давлатга таҳдид солувчи ва кишилар қалбига қўрқув тарқатувчи ҳаракатга айланди. Кейинчалик улар Басра, Куфа ва Шомнинг баъзи ноҳияларига ҳужум қилишди, сўнгра Яман ва Баҳрайн ҳудудларига ёйилдилар. Натижада улар Баҳрайнда Абу Саъид ал-Жаннобий бошчилигида кучли давлатга асос солдилар. Қарматийлар ўша даврда Аббосийлар билан бир қанча жанглар ўтказиб, зафар ҳам қозонишди. Ҳаж мавсумларида ҳам карвонларга ҳужум қилиб, босқинчилик ва талон-тарожлик билан шуғулланганлар. Чунки қарматийларнинг ботиний таълимотига кўра, кўп амаллар, жумладан, ҳаж, «Қора тошга» сиғиниш нотўғри эди. Улар фаолиятининг кучайган даври 929 йил ҳисобланади. Шу йили улар Абу Тоҳир Сулаймон бошчилигида Маккага кириб, ҳожиларни ўлдириб, жасадларини Замзам қудуғига ташладилар ҳамда Каъбани бузиб, «Ҳажарул асвад» (Қора тош)ни ўз пойтахтлари Баҳрайнга олиб кетдилар. Ибн Касир ўзининг «ал-Бидойа ван ниҳойа» асарида зикр қилишича, «Ҳажарул асвад» қарматийлар қўлида 22 йилдан ортиқ қолиб, 951 йилда Маккага қайтарилган. Қарматийлар фаолияти узоқ муддат давом этиб, 1077 йилларга келиб заифлашган[1].
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси Зафар Маҳмудов
[1] Исломдаги мазҳаблар ва ғоявий-сиёсий оқимлар. https://religions.uz/