Ҳудайбия йилида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ мусулмонлар билан Умра учун Маккани қасд қилиб йўлга чиқдилар. Шу онда Маккада мусулмонлар уруш учун келяптилар деган шов-шувли хабар тарқалди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳлига элчи юбориб мусулмонлар уруш учун эмас, балки умра учун келишаётгани, Маккада бир кеча-кундуздан кўп турмасликларини хабарини беришликни истадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни элчилар бошлиғи этиб тайинлашни ўйлаб турган вақтлари Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг ўрниларига Усмонни жўнатишни таклифини бердилар. Чунки Умар Бану Адий қабиласидан бўлиб, бу қабила ўша вақтда Маккада оз эди. Қурайшликлар Умарни ҳибс қиладиган бўлсалар Бану Адий қабиласи Умарни қутқара олмас эдилар. Ҳазрати Усмон эса Қурайшни зодагон ва кучли бўлган Бану Умайя қабиласидан бўлиб, бу қабила вакилларига зарар беришга бирор киши журъат қилолмасди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу таклифни қабул қилиб, Усмонни “биз уруш учун эмас, балки Умра учун келяпмиз” деган мактубни етказишлик учун Маккага юбордилар.
Усмон Маккага етиб келиб мактубни Қурайш саййидларидан бўлган Абу Суфёнга олиб борганларида Абу Суфён: “Байтни тавоф қилишни истаётган бўлсанг ўзинг тавоф қил”, деди. Усмон унга “Аллоҳни росули уни тавоф қилмасдан туриб мен уни тавоф қилмайман, деган жавобни бердилар. Бу жавобни эшитган қурайшликлар Усмонни мактубга жавоб ёзгунларича озроқ олиб қолдилар. Усмонни қайтишлари кечиккач атрофга “Усмон ўлдирилибди”, деган хабар тарқалди. Ўша вақтда қабилалар орасида “Элчига ўлим йўқ” деган ўзаро келишув бор эди. Бу хабардан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазабга тушиб, Қурайшга қарши жанг қилиш учун мусулмонлардан байъат беришликларини сўрадилар. Бу кейинчалик Ризвон байъати номила билан машҳур бўлган байъат эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўлларини қўйдилар, саҳобалар ҳам бирин-кетин у зотнинг муборак қўллари устига қўлларини қўйиб байъат қила бошладилар. Барча қўллар жамлангач унинг устига Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи қўлларини қўйдилар ва “бу Усмоннинг қўли”, деб айтдилар.
Тўғри, агар Қурайш Усмонни ушлаб қолмаганда бу байъат бўлмасди. Усмон эса ўзлари йўқ бўлишларига қарамасдан бу байъатда қатнашаётганди. У зотнинг номларидан инсонлар саййиди бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вакил бўлмоқдалар. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бу байъат бошқа сабаб билан бўлганида ва ораларида Усмон бўлганларида бу байъатдан қолиб кетмасликларини билар эдилар.Шунинг учун ҳам У зот Усмонни йўқликларини билдирмадилар.
Шу ерда табиий савол туғилади. Бизлар ҳам дўстларимиз йўқлигини билдирмай, уларни ўрнини ёпа оляпмизми? Бирор яхшилик қилаётган вақтимиз агар фалон дўстим ҳозир бўлганида у ҳам албатта шундай қилган бўлар эди деб унинг номидан ҳам яхшилик қиляпмизми?
Табук ғазотини эслайлик. Табук ғазотида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъб ибн Моликни йўқлигини сезиб қолдилар. Саҳобалардан “Каъбга нима бўлди кўринмаяпти, деб сўрадилар? Бану Салама қабиласидан бўлган бир киши: “У ўз ишлари билан машғул бўлиб юрибди”, деди. Шу пайтда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб: “Қандай ҳам ёмон сўз айтдинг дедилар ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб, эй Аллоҳнинг Росули, биз Каъб ҳақида фақат ва фақат яхшиликни биламиз”, дея жавоб бердилар. Каъб ўзи йўқ эди, лекин у Муознинг қалбларида яшарди ва Муоз унинг риоясини қилиб ҳимоя қилишга шошдилар.
Ҳаётимизга бир назар ташлайлик. Бизлар ҳам дўстларимиз билан бўладиган муносабатларда саҳобалар каби йўл тутяпмизми ёки унинг акси ўлароқ дўстларимиздан баъзисини бошига ташвиш тушиб қолганда “ўзи охирги вақтларда юриш-туриши ўзгариб қолган эди”, деяпмизми?! Дўстлик ҳақидаги тушунчаларимиз Росулуллоҳ ва саҳобаларни тушунчаларига ўхшашми ёки “кўрганда кўз ёши” қабилидами?! Дўстларимиз йўқлигида улар ҳақида салбий гаплар гапирилган вақтда ҳимоя қила оляпмизми ёки ёмонловчилар сафининг аввалги қаторидамизми?
Аллоҳ таоло бизларни дўстлик муносабатларида ростгўйлардан қилсин, дўстларимиз йўқ бўлган вақтда уларни ўрнини тўлдирадиган ва доимо «бу Усмоннинг қўли» деган сўзни ёдда тутадиганлардан бўлишимизни насиб қилсин.
ТИИ талабаси
Абдулбосит Убайдуллоҳ ўғли