islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Умматнинг аввалини муҳаббат ислоҳ қилди, охирини ҳам муҳаббат фасод қиляпти

Аббосий халифаларидан бири Хорун ар-Рашид даврида Баҳрул доно исмли авлиё зот ўтган экан. Бу зот бир куни қабристондан қабр кавлатиб, унинг ичига тушиб олибди. Султон аскарларига Баҳрул донони ҳузурига келтиришларини буюрибди. Аскарлар бутун шаҳар қидиришни бошлабди. Аскарлар билишса, Баҳрул доно қабристонда экан. Уни олиб кетгани боришса, ҳазрат кўзларини юмиб олиб, “мени уйғотманглар” деб аскарларга қаршилик кўрсатибди. Табиийки, аскарлар султонни амрига кўра Баҳрул донони кўтаришиб султон ҳузурига олиб боришибди. Баҳрул доно кўзини очса, султон ҳузурида турибди. Султон савол берибди: “Ҳазрат, бу қандай иш? Аскарлар сиз иззат икром билан ҳузуримизга олиб келамиз дейишсаю, сиз кўзларингизни юмиб олиб уйғотманглар деб қаршилик қилибсиз.

Баҳрул доно: “Туш кўрибман. Унда султон эканман. Салтанатим, қасрим, аскарларим, ҳизматчиларим, бойликларим бор экан. Шундан айрилиб қолмай деб шундай қилдим. Лекин аскарлар уйғотиб юборди. Подшоликдан айрилдим.

Султон мийиғида кулиб: “Ҳеч жаҳонда инсон тушидаги нарсага ҳам эътибор қиладими? Унга ҳақиқат деб ишонадими?” дебди.

Шунда Баҳрул доно бир султонга, бир аскарларга қарадида, султонга: “Мени тушимдаги салтанатим билан сизнинг бу салтанатингиз ўртасида қандай фарқ бор. Мени салтанатим уйқудан уйғониш билан тугади, сизники эса ўлишингиз билан тугайди” деб айтибди.

Баҳрул доно бу ҳикмати ила султон ва бошқаларга дунё, ҳаёт, мансаб, бойлик, мақом ва бошқа барча нарса ўткинчи экани, муҳаббатни боқий нарса учун қўйилиши кераклигини еткашмоқчи бўлган.

Аллоҳ таоло бу ҳаётимизни Ўз каломида сувга ўҳшатиб шундай дейди:

«Уларга дунё ҳаётининг мисолини келтир. У, Биз осмондан туширган сувга ўхшайди …»  (Каҳф сураси,45-оят)

Нега Аллоҳ дунёни сувга ўхшатган? Имом Қуртубий оятнинг тафсирида айтади: – Сувнинг дунё ҳаётига ўхшатилганига уламолар бир неча ҳикматларни айтадилар:

1.- Чунки, сув бир ҳил ҳолатда қарор топмайди. Ширин, шўр, музлаган, лойқа, тиниқ ҳолатда бўлиши мумкин. Ҳаёт ҳам бир ҳолатда қолмайди. Ҳаётнинг қувончли ва машаққатли пайтлари бўлади. Чунки, синов, имтиҳон.

2.- Чунки, сув бир ерда турмайди, кетади. Оқиб, ерга сингиб кетиши ёки буғланиб кетиши мумкин. Дунё ҳам боқий эмас, фоний, ўткинчидир.

3.- Чунки, инсон сувга кириб хўл бўлмай чиқа олмайди. Ҳудди шундак дунё фитна ва офатларидан саломат қола олмайди.

4.- Чунки, сувнинг ози фойдали, унуб ўстиради, кўпи эса ҳалок қилади. Ҳудди шундак дунё ҳам ози фойдали, кўпи ҳалок қилади» (Имом Қуртубийдан иқтибос тугади).

Дунёга бўлган рағбатимизга қарайлик. Ози, турмушимизга кифоя қиладигани фойдали бўлади. Дунёмиз учун қаноат қилишга олиб боради. Охиратимизда ҳисобимизга енгиллик бўлади.

Ҳаддан зиёд дунёга муҳаббат қўйиш аввало ўлимни унуттиради. Бу эса инсонни солиҳ амаллар қилишига йўл қўймайди.

Уламолар айтадилар: «Одам боласининг бадани ердан, руҳи эса осмон мулкидан яратилиб, сўнг иккиси қориштирилди. Агар инсон баданни оч қолдириб, тунлари бедор бўлса ва ўз хизмати учун сафарбар қилса, руҳ енгил тортиб, роҳатланади, ўзи яратилган ўринга интилади ва олийлик оламига муштоқ бўлади. Агар баданни тўйдириб, неъматларга ғарқ қилса, ғафлатда қолдирса ва унинг хизмати, роҳати учун  интилаверса, бадан яратилган жойига ёпишиб, руҳни ҳам ўзи билан бирга пастга тортади ва ҳибс этади. Агар руҳ маҳбусликка ўрганиб қолмаса, ўзи яратилган оламдан узилиб қолгани учун айрилиқ азобидан қутулиш мақсадида албатта ёрдам сўраган бўларди. Хуллас, бадан қанча енгил бўлса, руҳ шунча жозибали, чаққон бўлади ва буюклик оламини талаб қилади. Бадан қанчалик оғир бўлса, роҳат-фароғатда бўлса, руҳ шунча оғир бўлиб, олийлик оламидан тушади ва паст табақада бўлади…».

Аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги ҳикматлари айни сизу биз учун айтилгандай: “Умматнинг аввалини муҳаббат ислоҳ қилган. Охирини ҳам муҳаббат фасод қиляпти.  Аввалгиларини Аллоҳга муҳаббат ислоҳ қилган бўлса, кейингиларини дунёга муҳаббат фасод қиляпти.

Юқоридаги гаплардан инсон дунёга умуман рағбат қилмаслиги керак экан хулоса чиқармаслиги керак. У ерда дунёдан бутунлай узилишга эмас, балки меъёрида, эҳтиёжи даражасида фойдаланиш кераклиги тушунтирилмоқда. Меъёридан ортиқ дунё ортидан қувиш  инсонни дини қайтарган гуноҳ ишлар: қаноатсизлик, ризққа рози бўлмаслик, ношукрлик, ҳасислик каби қалбий, ўғрилик, судхўрлик, коррупция ва бошқа шу каби инсон ақлида тезда бойлик келтиради деб ўйлаган амалларга бошлайди.  Ҳозирги ҳаётимизда ОАВ орқали турли кўринишдаги бунга мисолларни тез-тез учратиб, кўриб турибмиз.

Хулоса ўзимиздан, меъёрида фойдалансак фойда кўрамиз, ҳаддан ошсак зиён кўргувчи ҳам ўзимиз.

Тошкент ислом институти талабаси

Нодирбек Нишонов

 

330770cookie-checkУмматнинг аввалини муҳаббат ислоҳ қилди, охирини ҳам муҳаббат фасод қиляпти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: