islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Туринг, эй Абу туроб!

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошчилик алоқаларига жуда эътиборлик эдилар. Қизларини зиёрат қилар ва набираларини ўйнатардилар. Кунларнинг бирида қалбларини бир бўлаги бўлган қизлари Фотима розияллоҳу анҳони зиёрат қилиш учун уйларига келдилар. Уйда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кўрмадилар.

Али розияллоҳу анҳу ҳақларида қизларидан сўраган вақтларида Фотима розияллоҳу анҳо ораларида ўзаро келишмовчилик чиқиб қолгани ва шу сабаб Али розияллоҳу анҳу уйдан чиқиб кетганликларини айтдилар. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизларини уйда қолдириб кўчага чиқдилар, атрофдаги кишилардан бирига «Қара-чи, у қаерда экан?» дедилар. У келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, у масжидда ухлаб ётибди», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бордилар. У (Али) ёнбошлаб ётар, ридосининг ёни очилиб қолган, ўзига тупроқ теккан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан ундан тупроқни қоқа туриб: «Туринг, эй Абу Туроб, туринг, эй Абу Туроб*», дедилар.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис бизларга бугунги кунимиздаги долзарб муаммолар ечимини кўрсатиб беради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларидан бўлиб ўтган воқе ҳақида батафсил сўрамадилар. Сен Алига нима дединг, унинг сенга айтган гапи нималардан иборат деб ўтирмадилар, балки уйдан чиқиб кеттилар. Гўёки Росулуллоҳ бизга ҳар уйнинг ўзини сири бўлиши, эр-хотиннинг орасидаги каттаю кичик ишларга аралашавериш муаммонинг ечими эмаслиги, балки мавжуд муаммони янада кўпайтиришини, Аллоҳ таоло сатр қилган нарсаларни очмасликни, ишни аввалида эр-хотинни ўзларига қўйиб беришни таълимини бермоқдалар.

Оилавий муаммолар ҳар қандай уйда бўлиши табиий ва одатий ҳолдир. Фотима онамиз дунё аёлларини йўлбошчиси. Ҳазрати Али бўлсалар рошид халифаларнинг тўртинчилари. Лекин шундай бўлишига қарамай уларнинг ораларида ҳам муаммо юзага келди. Бундан муаммолар ҳаётимизнинг бир бўлаги эканлигини биламиз. Ўша муаммога йўлиққан вақтимизда оилани ажратиб, болаларни етим қилиб ҳаммани оғзида гап сўз бўлиш эмас, балки уни ечимини қидиришимиз, бўлиб ўтган воқеадан хулоса олишимиз лозим бўлади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқилона тутган йўлларига қарайлик: Алини олдиларига бордилар, юпатдилар, юзларидан тупроқни қоқдилар. Қизлари ва Али ораларида юз берган иш учун Алини маломат қилмадилар, ҳатто сўраб ҳам ўтирмадилар. Росулуллоҳни қилган бу ишлари келин ва куёвнинг ота-оналарига муаммо вақтида ўзларини қандай тутишликлари борасида улкан дарсдир. Арзимас муаммо учун уларни ораларини ажратиб, оловга мой сепиш ўрнига куёв томон келинни қилган хизматларию ундаги гўзал хислатларни унутмасликлари, шу билан бир қаторда келин томон ҳам куёвни Аллоҳни раҳматидан қувилган шайтон билан бир сафда қилиб қўймасликлари лозимдир.

Бу воқеада Али розияллоҳу анҳу ҳам уйда муаммо чиқиб, ўзаро келишолмай қолган вақтда куёв ўзини қандай тутиши керак эканлигини ўргатяптилар. У зот Фотима ўзларига келиб, тинчланиб олишликлари учун уйдан чиқиб кеттилар. Ҳозирги кунимизда эса эр-хотин муаммо вақтида бир-бириларига озор берадиган, дилхираликка сабаб бўладиган гапларни айтиб қўйганликларни кўп бора эшитяпмиз, кўряпмиз. Энг тўғри ечимни бизга Ҳазрати Али ўргатяптилар. Келишмовчилик чиққан вақтда ўзини уруш майдонидаги хўроздек тутмасдан икки томон тинчланиб олиши учун уйни тарк этиш афзал эканлиги, уйни тарк этувчи куёв бўлиши муаммони ечими учун фойдалироқ эканлигини кўрамиз. Қолаверса келинни уйдан чиқариб юбориш вазиятни чигаллаштиради, келин ва оиласини пастга уриш бўлиб қолади. Аллоҳ таоло оилавий муаммоларимизни камайишини насиб қилсин. Муаммога рўбару келган вақтда унга тўғри ёндошагинлардан, Росулуллоҳ ва у зотнинг саҳобаларига сўз ва амалда эргашадиганлардан бўлишимизда ўзи ёрдамчимиз бўлсин.

ТИИ талабаси Абдулбосит Убайдуллоҳ ўғли

330720cookie-checkТуринг, эй Абу туроб!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: