بِسْمِ ٱللَّٰهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
Тарихда ижтомий-сиёсий ва маданий-маънавий алоқаларда муҳим шаҳарлардан бири бўлган Тошкент масжидларининг сероблиги билан ҳам машҳур бўлган. Хусусан, 13-асрга оид Жамол Қаршийнинг “Мулҳақат би-с-суроҳ” асарида “Маҳллаларида минглаб масжид бор” дея Шошга таъриф берилган. Тарихчи олимлар Масжидлар сони ҳақида ўз даврида турли фикрларини баён қилишган. Тошкент тадқиқотчиларидан А.И.Добросмислов 20-аср бошида Тошкентдаги масжидлар сони 400 га яқинлигини таъкидлаган.
Шаҳардаги дастлабки масжид Бинкатда бунёд этилган. Аммо, бу ҳақида батафсил маълумот етиб келмаган. 9 – 10 – аср араб тарихчилари Истахрий, Мақдисий ва Ибн Ҳавқал Шаҳар арки ёнидаги жоме масжидини тилга олиб ўтган.
Тарихий аҳамиятга эга бўлган масжидлардан Хожа Аҳрор Валий, Мўйи Муборак (Уккоша), Коҳота Бузрук, Хўжа Аламбардор, Сузукота, Қўйлиқота, Тўхтабой, Имом Ат-Термизий жоме масжидлари алоҳида ўрин тутади.
Ҳоссатан, Сузук ота – асли Сузукота шахси билан боғлиқ масжид бўлиб. Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида таваллуд топган. У киши Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Балоғатга етгач, кароматлар соҳиби Тошкентдаги “Чақар”, “Чуқуркўприк” (Чўпонота) ва “Мирлар” маҳаллаларига туташ бўлган кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат ерда қўним топиб, шу маҳаллани обод қилишга киришади. Сузук ота ҳунармандларнинг устози, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган зотдир. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб, “Менинг сузигим (суюклигим), ҳуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам шу исм билан чақира бошлаган. Юзлаб шогирларнинг устози Сузук ота 1217 йилда вафот этган. 1363-1364 йилларда Амир Темур Аҳмад Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. Хонақоҳ ва айвонда етти юзга яқин намозхон ибодат қилиши мумкин бўлган.
Хўжа Аҳрор Валий жоме масжиди – қурилиш даври 15-асрга бориб тақалади. Хожа Аҳрор қурдирган, шаҳарнинг бош жоме масжиди бўлган, Усмон Қуръони шу ерга келтирилган эди. 1875 йил чор маъмурлари томонидан бузиб ташланган. Усмон Қуръони Самарқандга олиб кетилган. 1886 йил маҳаллий аҳоли норозилигидан хавфсираган чор маъмурияти масжид биносини қайта қуриб берган. 1999 йил масжид пойдеворини бузиш пайтида уни шу йили қурилгани ҳақидаги ёзув топилган. Аммо руслар томонидан бунёд этилган бу иншоот масжид бўлмай, келгусида черковга мўлжалланган бўлган. Масжид биноси ичида меҳроб ўрнига икона ўрнатадиган хоччалар қилинган эди.
Мўйи Муборак ( Уккоша) – Масжиднинг қурилиш тарихига тўхталадиган бўлсак, унинг “Уккоша” номи қадимийроқдир. Бу исм Росулуллоҳ С.А.В. нинг саҳобаларидан бирининг исми бўлиб, унинг тўлиқ исми Уккоша ибн Миҳсан ибн Ҳарсан ал-Асадий бўлиб, 16-17 аср муаррихлари Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” ва Муҳаммад Тоҳирнинг “Ажойиб ут-табоқат” асарларида Тошкент шаҳридан ташқари Балх шаҳри ташқарисида ҳам ҳазрати Уккоша қабри борлиги қайд қилинган. Аслида ҳазрати Уккоша халифа Абу Бакр Р.А. даврида (632-634 м.й) сохта пайғамбар Тулайҳа ибн Ҳувайлидга қарши жангда ўлдирилган ва Тошкент ҳамда Балх шаҳарларидаги қабрлар рамзий ҳисобланади. Тошкентдаги ҳазрати Уккоша мозорининг қайси даврдан шакллангани ҳақида аниқ фикр айтиш қийин. Ҳар холда ҳазрати Уккоша мозорида Бароқхон давригача ҳам намозгоҳ масжид мавжуд бўлган. Мазкур намозгоҳдан аҳоли 17-аср давомида ҳам фойдаланиб келган. Хусусан, Аштархоний Субхонқулихон (1681-1702) мухри босилган Ҳожа Аламбардор мозорига мутавалли тайинлаш ҳақидаги бир ёрлиқда Тошкент намозгоҳи замини тилга олинади. Намозгоҳ қалмоқларнинг Тошкентга ҳужумидан кейин (18 асрнинг 20 йиллари) қаровсиз қолган ва 19-асрга келиб ёзма манбаларда “Кўҳна намозгоҳ” ёки “Эски намозгоҳ” деб тилга олинган. Ҳатто бу ном кўча ва маҳалла номи сифатида Ҳазрати Уккоша қадамжойи ва мозор яқинидаги шифобахш булоқ, шаҳардаги гавжум зиёратгоҳлардан бўлган.
Масжиднинг “Мўйи-Муборак” деб номланишининг сабаби 20-асрнинг бошларига қадар масжид хонақоҳида Расулуллоҳ С.А.В. нинг муборак соқол толалари шиша идишга солиниб юқори қисмига осилган ҳолда сақланиб турганлиги ҳақида маҳалла кекса ёшли отахонлар томонидан ривоят қилинган.
Коҳота Бузрук жоме масжиди – собиқ Себзор даҳасининг Тахтапул дарвозаси яқинида, ҳозирги Шайхонтоҳур тумани Коҳота маҳалласида жойлашган (тахминан 18-аср). Масжид ичида Коҳота Бузрук мақбараси жойлашган. Коҳота Бузрук (Бузург) шахси тўғрисида турли қарашлар мавжуд. Шарқшунос А.Носировнинг «Тошкент машойихлари» мавзусида тўплаган материалларидаги маълумотларга қараганда, Коҳотанинг асл исми Саид Камолиддин Шомий бўлган. Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкандийнинг (19-аср) ёзишича, Коҳота Хожа Аҳмад Яссавий сулукига мансуб шайхлардан бўлган. Масжид биноси 250–300 намозхонга мўлжалланган. 1998 йил 15 октябрда рўйхатдан ўтган. Бир неча марта таъмирланган.
Қўйлиқота жоме масжиди (Миробод тумани Истиқбол кўчаси, 4/2) – ўрта асрларга оид мақбара ўрнида барпо этилган масжид. Дастлаб Аҳмад Яссавий авлодларидан бўлган, Самар¬қанд қозикалонининг ўғли Ҳофиз Қўйлиқий мақбараси бунёд этилган (15–16-асрлар). Ривоятларга кўра, у тўғрилик ва эзгуликни тарғиб этиб, чорвачилик билан машғул бўлган, қўйларни тез кўпайтириш йўлларини яхши билган. Шу минтақадаги аҳоли ҳам, асосан чорвачилик билан шуғулланган ва Ҳофиз Қўйлиқийнинг бу борадаги билимдонлиги туфайли, уни авлиё даражасида кўришган. 1854 йил йўл қурилиши натижасида мақбара зиён кўрган ва маҳаллий аҳоли томонидан Қўйлиқота қабри ҳозирги ўрнига кўчирилган. 1989 йилда аҳоли талабига кўра мақбара қайта таъмирланиб, масжид барпо этилган. Унда, асосан, Қўйлиқота ва Хонобод маҳаллалари аҳолиси намоз ўқийди.
Тўхтабой жоме масжиди, Тўхтабойвачча масжиди (Форобий кўчаси, 13) – 20-аср бошига оид меъморий ёдгорлик (1908). Шу маҳаллалик тижоратчи бойлардан Тўхтабоёта томонидан қурилган. Масжид 1500–2000 намозхонга мўлжалланган. 1998 йил августда рўйхатдан ўтган. Масжид шўролар даврида, хусусан 2-жаҳон уруши йилларида ҳарбий комиссариат, кейинчалик мактаб, сўнгра шиша идишлар сақланадиган омборхона ҳам бўлган. 1989 йил мусулмонлар ихтиёрига қайта топширилган. Мустақиллик йилларида таъмирланиб, муҳташам бинога айлантирилган. Масжиднинг олд қисми 30×4,5 м лик айвон, 15×5 м лик пешайвон, 4 намозхона, 3 та кичик хоналар: имом-хатиб хонаси, қоровулхона, ноиб имомлар хонаси; мутаваллиёт ва ошхонадан иборат. Ҳовли сатҳи 25×16 м ни ташкил қилади. масжид, асосан, Ҳофиз Кўҳакий, «Эски шаҳар» ва «Қўштут» маҳаллаларига хизмат қилади.
Юртимиз тарихий обидалар қатори кўплаб тарихий масжидларга эга ўлка. Юқорида биз айтиб ўтганларимиз шуларнинг орасидан бир бўлак эди. Бўлиб ҳам фақат Тошкентдаги кўҳна Шошга алоқадорлари эди. Албатта ҳар бир вилоятларимизни, шаҳарларимизни тарихини ўргансак кўпгина тарихий масжидлар ҳақида билиб оламиз.
ТИИ 403 гуруҳ талабаси Шокирова. Р