Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 59-оятидан марҳамат қилади:
فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ
“Бордию, бирор нарсада келиша олмай қолсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтаринглар”.
Улар айтишадики, ушбу оятда Аллоҳ таоло бизни келиша олмайдиган масалаларда Аллоҳ ва расулидан бошқасига мурожаат қилишдан қайтармоқда. Бу эса бошқаларга тақлид қилманг, деганидир.
Бундай далилланиш ҳам бекор. Чунки шундай масалаларда Аллоҳ ва Расулининг аҳкомларини биладиган кишига мурожаат қилиш, айнан, Аллоҳ ва расулига қайтариш саналади. Демак, у тақлидни ботил қилмайди. Агар уларнинг юқоридаги гаплари тўғри бўлса, бирор масалада имом Бухорий ва имом Муслим каби зотларга мурожаат қилиш ҳам мумкин бўлмаслиги керак бўлиб қолади. Ҳолбуки, ҳеч ким, ҳатто уларнинг ўзлари ҳам буни қабул қилмайдилар.
Улар яна Тавба сурасининг 16-ояти билан ҳам далилланадилар:
أَمْ حَسِبْتُمْ أَن تُتْرَكُواْ وَلَمَّا يَعْلَمِ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ جَٰهَدُواْ مِنكُمْ وَلَمْ يَتَّخِذُواْ مِن دُونِ ٱللَّهِ وَلَا رَسُولِهِۦ وَلَا ٱلْمُؤْمِنِينَ وَلِيجَةً
“Ёки сизлардан (Ҳақ йўлида) курашган ва Аллоҳдан, Расулидан ва мўминлардан ўзгаларни (сирдош) дўст тутмаганларни Аллоҳ билмай (синамай) ўз ҳолларингизга ташлаб қўйиласизлар, деб ҳисобладингизми?”.
Улар айтишадики, Аллоҳ, расули ва умматнинг гарларини қўйиб, айнан бир кишининг гапини танлаб, унга эргашган киши бошқасини сирдош дўст қилиб олган шахс ҳисобланади. Бир кишини сирдош дўст тутган шахс унинг сўзини қолганларнинг сўзидан олдинга қўяди. Уни Аллоҳнинг китоби, расулининг Суннати ҳамда умматнинг ижмосига солиштириб, қай бири тақлид қилган дўстининг гапига тўғри келса, шу мос келгани учунгина унга амал қилади. Унинг қарашига хилоф келган оят, ҳадис ва ижмони рад этиш учун турли асоссиз жавоблар ахтаради, ҳийлалар излайди. Мана шу иш оятда айтилган валижа, яъни сирдош дўст тутиш бўлади.
Уларнинг ояти каримага бундай ёндошишлари нотўғри. Чунки мужтаҳидга тақлид қилган киши уни улар айтган шаклда раҳбар қилмайди. Аксинча, имомининг гапини Аллоҳ ва расулининг сўзидан устун кўргани сабабли эмас, балки унинг гапи Аллоҳ ва Расули сўзларининг маъносини очиб, кашф қилиб беради, деб билади. Шунинг учун у мужтаҳидга тақлид қилади. Бу билан у имоми истаганини олиб, истаганини тарк қилаётгани йўқ. Демак, мужтаҳид имомга эргашган киши Аллоҳ ва расулини қўйиб, бошқасини дўст тутмаган ҳисобланади. Балки у Аллоҳ ва расулини сўзини очиб берадиган кишининг гапига амал қилди.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов