Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар , Унинг Расули Муҳаммад Мустафога ҳамда ул зотнинг аҳли байт ва саҳобаларига дуруду саловотлар бўлсин. Ислом дини шаънини юқори кўтарган, исломий илму маърифатни дунёга таратган уламо ва фузалоларга раҳмату мақтовлар бўлсин.
Мўмин киши суннат ва нафл намозларини ўқишликка ҳамиша тарғиб қилиб ундалганлиги уламолар ўртасида иттифоқ қилинган масаладир.
Зеро Росулуллоҳ с.а.в. :
لا تدعوا ركعتي الفجر و لو طردتكم الخيل
“Бомдод намозининг суннатини тарк этманглар, гарчи сизларни отлиқлар қувиб келаётган бўлса ҳам” деб таъкидлаганлар.
Хўп у мусофир бўлсачи? Сафарда ҳам муқим каби барча нафлларни адо этиши керакми?
Кейинги ўн йилликларда ҳар йили ҳаж арафаси ва ҳаж мавсумида қўзғаладиган, баҳсу мунозараларга сабаб бўлган масалалардан бири мусофир одам сафарда суннат намозларини ўқиши мумкинлиги ёки ўқимаслиги ҳақида бўлаётгани кўпчиликка маълум.
Сафарда суннат ўқиб бўлмайди, дегувчилар Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Муслим (р.ҳ.) томонидан саҳоба Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил сифатида келтирадилар: “Мен сафарда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр, Умар ва Усмонлар билан ҳамроҳ бўлганман. Уларнинг биронталари ҳам сафарда икки ракъат фарздан бошқа намоз ўқимас эдилар”.
Сафарда суннатлар ўқилмайди дегувчилар Ибн Умар (612-693) разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни келтиришдан олдин, баҳс этилаётган мавзуга оид ҳамма ҳадисларни, айниқса, айнан Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифни ҳам ўқиб чиққан бўлишлари керак эди. Гап шундаки, “Саҳиҳи Бухорий”нинг “Намозни қаср қилиб ўқиш ҳақидаги китоб”идаги 7, 8, 10, 12 – бобларида сафарда нафл ўқиш ҳақидаги бир қанча ҳадиси шарифлар келтирилган. (Қаранг: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. И китоб. –Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. 180-182 бетлар.)
Уларда мусофир гарчи улов устида кетаётган бўлса ҳам, имо-ишора қилиб бўлса ҳам нафлларни адо этиши мумкинлиги, балки кераклигини таъкидланган. Айнан муаллиф келтирган ҳадиси шарифнинг ровийси Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг ўзи улов устида қайси томонга қараб бўлса ҳам фарз намозидан бошқа намозларни ўқиб кетишини Имом Бухорий томонидан ривоят қилинган-ку!
Сафарда суннат намози ўқиш мумкинлиги, суннат ўқиш асло гуноҳ эмаслигини айтувчи ўзбек олимларининг фикрлари қуйидагича:
Пойтахтимиздаги муҳтарам олимларимизнинг раҳбари Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бўлиб, ул зот “Сўраган эдингиз…” рисоласида сафарда суннат намозларини қаср қилиб ўқиш мумкин ёки мумкин эмаслиги борасидаги мусулмонлар сўраган саволга жавоб бериб, бундай деб фатво берганлар:
“Сафарда суннат намозлар қаср қилинмайди… Ҳозирги пайтда техника ривожланиб, киши хоҳлаган манзилига ўз машинасида ёки кўчанинг машинасида етиб олиши мумкин. Намоз вақти кириши билан бемалол тўхтаб, дам олиб, намозни тўкис адо этиш мумкин. Шундай пайтларда фарз намозларни қаср қилиб, суннат намозларни тўлиқ ўқийди. Мободо вақт зиқ бўлиб, фарз намознинг вақти чиқиб кетаёзган бўлса, ёки бошқа зарурат ҳолатларда суннат намозларни ўқимайди”. (Сўраган эдингиз… / Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар. 8-сон. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2009. 36-бет.)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг берган фатвоси Ҳанафия мазҳаби уламолари берган фатволарига ҳамоҳангдир. Бинобарин, вақт зиқлигида, қийинчилик бор пайтда фарзларни қаср қилиб ўқийди-да, суннатларни ўқимай қўяверади. Зотан, Ислом шариати сафарнинг қийинчилигини эътиборга олиб, фарзларни қисқартирганидан кейин суннатларни ўқимасликка рухсат беради, албатта. Бироқ, ҳарами шарифда айнан ҳаж ибодатига келган ҳожилар ибодат ва тоат шавқи ва завқида бўлиб турсалар-у, уларга суннат ўқишлик гуноҳ дейиш ҳеч бир мусулмонга жоиз эмас! Зеро, Ўзбекистон Мусулмонлари раиси “суннат намозларни тўлиқ ўқийди” деб тургани беҳуда қолиб, ихтилоф келиб чиқади-ку!?
Биринчи муфтий Эшон Бобохоннинг авлодидан муфтий Шамсиддинхон Бобохон ҳазратлари ҳамда Шайх Абдулазиз Мансур жаноблари ўзларининг халқ орасида машҳур бўлиб кетган “Минг бир фатво” рисолаларининг 2-қисмида 330-фатвода бундай деб фатво берганлар:
“Сафарда суннат намозларини ўқимасликка баъзи уламолар рухсат берган бўлса-да, хавф-хатарли жойларда ўқимаслик, барқарор, тинч жойларда ўқишлик авлодир”. (Қаранг: Шамсиддинхон Бобохон, Шайх Абдулазиз Мансур. Минг бир фатво. 2-қисм. –Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2005. 10-бет.)
Мазкур фатвога кўра, барқарор, тинч ва осойишта жой бўлган ҳарами шарифда суннат намозларини ўқиш авло экан!
Халқимизнинг яна бир буюк олими Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам “Зикр аҳлидан сўранг” ойномасининг 10-сонида 119-саволнинг 3-бандига ҳамда 67-сонида суннат намозлари ҳақидаги саволга жавоб бериб: “Сафарда юриб турганда суннатларни ўқимаса бўлади. Аммо жойлашиб олгандан кейин суннатлар ҳам ўқилади”, деб фатво берган (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Зикр аҳлидан сўранг. 10-сон. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. 18-бет. Шунингдек қаранг: 67-сон. –Т.: “Тошкент ислом университети” нашр.-матбаа бирл., 2008. 23-бет.) ва шу фикрни “Кифоя”да ҳам давом эттирган. (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. 1-жуз. –Тошкент: “Шарқ” нашриёт матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2008. 369-бет.)
“Мусофир учун баъзиларнинг қавлига кўра суннатларни тарк қилишга рухсат берилади. “Фазилат шуки, рухсат берилмайди” деганлар ҳам бор. Шамс ул-аимма (ас-Сарахсийга тегишли) “ал-Мабсут”да: “суннатларда қаср қилинмайди, унинг фазилати борасида уламолар гапирганлар” дейилган. Рухсат жиҳатдан таркни, тақарруб жиҳатдан бажаришни айтилган. Ал-Ҳиндувоний: “(Сафарда бирор жойга бориб) тушган ҳолатда суннатларни қилиш афзал, йўлда кетаётган ҳолатда эса тарки яхши” деган. Бирор жойга бориб тушган ҳолатда машаққат бўлмаса, демак, мана шу фикр адолатлироқдир! Ибн Умар (р.а.)дан бир ривоят юқорида ўтдики, у: “Агар суннат ўқийдиган бўлсам, (фарзларни) тўла ўқирдим” деган. Ҳишом айтади: “Муҳаммад (ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний)ни кўп бора кўрганманки, сафарда пешиндан олдин ҳам, кейин ҳам нафл (яъни, суннат) ўқимасди. Лекин бомдод ва шомнинг икки ракъат (суннат)ини тарк қилмасди. Асрдан олдин ҳам, хуфтондан аввал ҳам нафл ўқиганини кўрмаганман”. Шунингдек, ас-Суружийнинг “Шарҳ ал-Ҳидоя” асарида келган”. (Қаранг: Иброҳим Ҳалабий. Ҳалабийи кабир. –Истанбул: Кубро, 1325. 545-бет.)
Юқоридаги иборалардан маълум бўлдики, шариатимизда сафарда суннатларни тарк қилишга рухсат бўлса-да, фазилат ва савоб истаб уларни ўқиш яхши. “Имомлар қўёши” деб улуғланган Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сарахсий (1046-1106) ўзининг мазҳабимиздаги энг мўътабар манбалардан ҳисобланадиган асарида сафарда суннатларни қаср қилиб ўқилмаслиги ҳақида айтиб ўтган экан. Мазҳаббошиларимиздан бири Имом Муҳаммад (749-805) эса шариатимиз берган рухсатдан фойдаланиб сафарда суннат намозларини ўқимаганлигини, бироқ, бомдод ва шомнинг суннатларини тарк қилмаганини ҳам билиб олдик. Шундай бўлса-да, Имом Ҳиндувонийнинг фикри энг адолатлиси экан. Яъни, сафарда меҳмонхонагами, борадиган уйигами тушгандан сўнг суннатларни қолдирмаслик керак. Йўлда кетаётганда ўқимаса бўлади.
Демак, ҳар қандай ҳолатда, баъзилар айтганидек сафарда суннат ўқиш асло гуноҳ бўлмайди!
Хулоса о’рнида шуни айтиш лозимки агар номозхон сафар йўлида бўлса, вазиятга қараб ўзининг ҳолидан келиб чиқиб авло ё’лни – суннат намозларини ўқишликни ихтиёрий қилиши афзал. Лекин имкон бо’лмаса я’ни ма’лум сабаб туфайли вақт тиг’из бўлса рухсатни тутиб суннат намозларини тарк қилиши ҳам жоиз. Зеро Мўмин киши зукко, ўз ҳолатини тўғри баҳолашга салоҳияти юқори бўлади.
Сафар манзилига етиб борган киши учун эса суннат намозларини ўқишлик ҳеч қандай муаммо туг’дирмайди.
Хусусан ҳарамайн (Макка Мадина)да ибодат сафарида бўлган киши суннат ва нафлларни бажаришда шавқ ва завқи ўзгалардан юқори бўлса мақсадга мувофиқ бўлади иншааллоҳ.
Аллоҳ Таоло барчаларимизни ўзининг ибодатида мустаҳкам бўлиб, суннат ва нафлларда ҳам пешқадамлик билан итоат ва бандалигимизни мукаммал изҳор этишликка мувааффақ қилсин.
Тошкент ислом институти талабаси
Абдулаҳад Анваров.