Тошкент ислом институти талабалари ўртасида маънавий-маърифий ишлар ва репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзи, экологик маданият тарғиботини амалга ошириш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ташаббуси билан “Zaytun Med Tib” корхонаси раҳбари, шифокор А.Сатторов ҳамда Г.Саттарова иштирокида профессор-ўқитувчилар, толиби илмлар ва талаба қизлар учун “Мавсумий касалликлар ва уларни олдини олишнинг усуллари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Грипп энг кенг ва тез тарқаладиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, деярли дунёнинг барча мамлакатларида учрайди. Бу касаллик учун мавсумийлик хос бўлиб, асосан куз ва қиш ойларида кўп ҳолатда рўйхатга олинади. Грипп касаллиги кўрсаткичларини мавсумий кўтарилиши йилнинг ноябрь – март ойларига тўғри келади.
Грипп вирусининг А, В ва С турлари мавжуд.
Касаллик манбаи фақат бемор одам ҳисобланади. Касаллик атрофдаги соғлом одамларга асосан ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда тез юқади. Ҳавода сақланиб турган грипп вируси соғлом одамга тезда юқади. Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар бир неча соатдан 3 кунгача вақт ўтади. Касаллик тўсатдан, ўткир бошланади.
Грипп касаллигига барча ёшдагилар мойил, айниқса заиф (нимжон, яъни иммун ҳолати паст) болалар, кекса ёшдаги кишилар, ҳомиладор аёллар ҳамда сурункали хасталиклари бўлганларда яъни иммунитети паст кишиларда тез ривожланади ва оғир кечади.
Грипп нафас йўлларини яллиғланиши билан бошланиб, кейинчалик беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилиши, бош ва томоқ оғриши, бурун битиши, бурундан суюклик ажралиши, йўтал, мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, иштаҳани бузилиши баъзи ҳолларда қусиш ҳолатлари кузатилади. Касаллик беморларда енгил, ўрта ва оғир шаклларда кечади. Касалликнинг энг хавфли асоратлари ўпка тўқималарини яллиғланиши пневмония (зотилжам), менингит (мия пардасининг яллиғланиши), менингоэнцефалит (мия пардасини ва моддасининг яллиғланиши), отит (ўрта қулоқнинг яллиғланиши, синусит (бурун ёндош бўшликларнинг яллиғланиши), нефрит, пиелонефрит (буйракнинг яллиғланиши). Шунинг учун ҳам, халқ орасида гриппнинг ўзи эмас, балки унинг асоратлари ёмон деган фикр бежиз айтилмаган. Баъзида, яъни гриппнинг енгил шакллари билан оғриган беморлар атрофдагилар учун кўпроқ хавф туғдиради, чунки бундай беморлар аксарият ҳолларда уйида даволанмасдан, касаллигига етарли даражада эътибор бермай, оёқда ўтказадилар. Уларни касал ҳолатида жамоат жойларда, барча транспортларда, ўқиш ва иш жойларда учратиш мумкин.
Гриппни олдини олишда қуйидагиларни тавсия этамиз :
мавсумга хос кийиниш
гриппга қарши эмланиш
ўз вақтида овқатланиш ва дам олиш
хоналарни
вақти-вақти билан шамоллатиб туриш ва кунда намли тозалов ишларини ўтказиш.
ишлаб чиқариш корхоналари, даволаш профилактика ва ўқув муассасалари, болалар ва қариялар уйлари, ташкилот ва идораларда ҳамда турар жой биноларида иссиқлик режимига риоя қилиш барча хоналарнинг иссиқлик ҳарорати 22 даражадан паст бўлмаслиги
касалликни эрта аниқлаш мақсадида мактабгача муассасалар, мактабларда кириш жойларида эрталабки фильтрни ташкил этишни ва эрталабки фильтрлар ўтказилишига эътибор қаратилишини,
грипп ва ўткир респиратор касалликларига хос бўлган симптомлар аниқланган шахсларни жамоага қўймасликни;
грипп ва ўткир респиратор касалликларига гумон қилинган болаларни изоляторга жойлаштириш хамда ота-онасига ва ҳудудий поликлиникага хабар беришни;
эрталабки фильтр ишини амалга оширадиган грипп ва ўткир респиратор касалликларга гумон қилиниб изоляторга ёткизилган беморларни парвариш қиладиган ходимларни респиратор (ниқоблар) билан таъминланишини;
ўқув-тарбия муассасаларида танаффус пайтида шамоллатиш режимини ташкил қилишни;
мактабгача тарбия муассасаларида хар куни болаларни камида 2 маротаба тоза ҳавога сайрга чиқаришни;
барча ўқув-тарбия муассасаларида санитария-тарғибот ишларини олиб боришни
уюшган жамоаларда концерт заллари кинотеатр, ўқув ва иш жойларда кунига вақти билан 3-4 маротаба шамоллатиб туриш, хоналарда дезинфекция моддаларини қўлланган ҳолда намли тозалов ишларини олиб боришдир
Ўзингиз ва атрофдагилар соғлом бўлишини хоҳласангиз, грипп ва ўткир респиратор касалликларига гумон қилинса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг ва доимо қуйидагиларга амал қилинг:
грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) билан оғриган барча беморлар иситма даврида албатта ётиши ва шифокорни уйига чақиришни
Касалликни оёқда ўтказмасликни
Шифокор маслаҳатлари ва тавсиялари асосида иш тутишни
Агар бемор уй шароитида даволанса, унга алоҳида хона, идиш, сочиқ, ўрин-кўрпа ажратилиб, кам ҳаракат қилишни
Беморга қараётганлар бурун ва оғизларини респиратор ёки докали ниқоб билан тўсишлари ва қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туришларини
Бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб, намли тозалов ишларини амалга оширишни
Беморлар кўпроқ суюқлик — қуруқ мевалар қайнатмаси, мева шарбатларини ичириш ҳамда осон ҳазм бўладиган оқсил ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилиниши тавсия этилади
касалланган даврда жамоат жойларига (ишхонага, ўқишга, кинотеатрларга, концерт залларига, йиғилишларга, меҳмонга) бормасликни
йўталганда ва аксирганда оғиз-бурнини рўмолча билан ёпишни
ўзбошимчалик билан даволаниш касалликнинг оғир асоратларга олиб келишини унутмасликни!
Касалликни олдини олишда танани чиниқтириш, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, очиқ ҳавода юриш, ўз вақтида овқатланиш алоҳида аҳамиятга эга. Кўпроқ совуқ кунларда иссиқ кийиниш, албатта бош кийим кийиш, оёқларни иссиқ бўлиши муҳимдир. Касаллик авж олган пайтда (декабрь, январь, февраль) ойларида нафақат эпидемик жиҳатдан муҳим бўлган корхоналар ва ташкилотлар ишчи-хизматчиларига балки барча фуқароларимизга ниқоб тақиш тавсия этилади.
Касаллик қандай бўлишидан қатъи назар, инсон саломатлиги ва турмуш фаровонлигига жиддий путур етказади. Шу боис, соғлигимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлайлик. Унутманг, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал.
ТИИ Матубот хизмати