islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Тақлид ҳақида нотўғри тушунчалар

Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 31-оятида марҳамат қилади:

اتَّخَذُوا أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَابًا مِّن دُونِ اللَّهِ

(Улар) Аллоҳни қўйиб, ўзларининг донишмандлари ва роҳибларини… рабб (илоҳ) қилиб олдилар”.

Улар шбу оятдан далилланиб, муқаллид Аллоҳни қўйиб, мужтаҳидни рабб деб биладиган кишига ўхшатмоқдалар. Бундай ҳужжатланиш хато. Чунки биз сўз юритаётган тақлид насоро ва яҳудийларнинг руҳоний ва роҳибларига тақлид қилиши каби эмас. Зеро, улар ўз диний раҳнамоларини бирор нарсани ҳалол ёки ҳаром қилишда яккаҳоким, шунга яроқли, ўзидан келиб чиқиб шуни қила олади, деб билишади. Биз айтаётган муқаллид эса ўз мужтаҳид имомларининг сўзини Аллоҳ ва расулининг қавллари нимани англатаётганини тушунтириб беради, дейишади, холос.

Уларнинг яна бир далили Анбиё сурасининг 52 – 53-оятлари:

إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ وَقَوْمِهِ مَا هَٰذِهِ التَّمَاثِيلُ الَّتِي أَنتُمْ لَهَا عَاكِفُونَ قَالُوا وَجَدْنَا آبَاءَنَا لَهَا عَابِدِينَ

“Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: “Сизлар доимо сиғинадиган бу ҳайкаллар нимадир?!” деди. (Улар) айтдилар: “Бизлар ота-боболаримизни уларга сиғинган ҳолда топганмиз”.

Улар айтишадики, ушбу оят мужтаҳидларга тақлид қилиш нотўғри эканига ҳам далил. Оятда зикр қилинган кимсаларнинг кофир эканига қарамай, уламолар мазкур масалага шу оятни далил қилдилар. Бу билан ўша кимсалар билан муқаллид ўртасидаги иймон ва куфр фарқи эмас, балки, иккаласида ҳам бошқаларга ҳужжатсиз эргашиш борлиги ўхшаш жиҳат қилиб кўрсатилмоқда. Чунки, англамасдан бошқага тақлид қилиш гоҳида ширкка бошласа, баъзида гуноҳга сабаб бўлади. Тўғри, натижа ўлароқ, улар орасида фарқ бор. Лекин, кўр-кўрона тақлид борасида ўзаро ўхшашдирлар. Нима бўлганда ҳам, бундайлар далил-ҳужжатсиз тақлид қилгани учун таънага нишон бўладилар.

Уларнинг бундай далилланиш нотўғри. Чунки оятда уларни нотўғри йўлда эканига фақат ҳужжатсиз тақлид қилиш сабаб қилинаётгани йўқ. Балки, йўлдан озган ва бошқаларни ҳам оздирадиган ота-боболарига эргашиб, буни мавжуд ва собит ҳақларни рад этишга восита қилиб олганлари бунга асосий сабаб эди. Бу сифат ўзи ҳидоят узра бўлган, бошқаларни ҳам ҳидоятга бошлаган имомларга ҳаққа эргашиш маъносида тақлид қилган инсонларда топилмайди. Бу икки тақлидни бир-бирига қиёслаш икки қарама-қарши нарсани ўзаро қиёслаш бўлади.

Улар яна ўз қарашларига имом Байҳақий ривояти билан келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

اتقوا زلة العالم

“Олимнинг тойилишидан сақланинглар” ва:

…أشد ما أتخوف على أمتي ثلاث : زلة عالم

“Умматимга энг қўрқадиган нарсам учта: олимнинг тойилиши…” ҳадисларини далил қилиб, айтишадики, олимнинг тойилишидан қўрқилишига сабаб унга тақлид қилинишидир. Чунки, унга тақлид қилинмаганида унинг тойилишидан хавф қилинмас эди.

Уларнинг бу хилдаги ҳужжатлари нотўғри. Чунки, ҳадис ижтиҳодга қодир олимнинг ижтиҳодда тойилганини билган инсонга нисбатан айтилган бўлиб, хатосини била туриб унга эргашиб кетмасликка чақирилган. Яъни, ҳадис тўғриси билан тойилишни ажрата олмайдиган муқаллидга хитоб қилмаяпти. Демак, илмсиз инсон ижтиҳодга қодир бўлмагани учун олимга тақлид қилади. Шундай экан, у олимнинг ижтиҳодини хато ёки тўғри бўлганини фарқлай олмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва слламнинг “Умматимга энг қўрқадиган нарсам учта: олимнинг тойилиши…” ҳадисларига келсак, унда тақлиддан қайтарилмаган. Балки, бу ҳадис уламоларни фатво беришда эҳтиёткорликка чақириб, бу борада огоҳлантириш берган. Бу эса фатво бераётган инсонга тақлид қилиш борлигига далолат қилади. Зеро, олимнинг тойилишидан қўрқилишининг маъноси шуки, у хато қилса, унга тақлид қилганлар ўша хато йўлда бўлиб қоладилар. Соддароқ айтганда, тақлид бор эканки, фатвода эҳтиёткорликка чақирилмоқда. Шунда одамлар нотўғри қавлга эргашиб қўймайди. Қолаверса, билимсиз инсон ўзича ижтиҳод қилиб тойилиши олимнинг тойилишидан ҳам хавфлироқ. Шунинг учун шариат соҳиби ана шундай билимсиз жоҳилга ўз ижтиҳодига кўра амал қилишга ижозат бермай, уларни олимга тақлид қилишга буюради.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

339890cookie-checkФиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Тақлид ҳақида нотўғри тушунчалар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: