Тошкент ислом институтида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун ва соҳага доир бошқа қарорларнинг бажарилиши, Ўзбекистон ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсати, жамият тараққиётининг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси Ж.Мелиқўзиев маъруза билан иштирок этди. Шунингдек, Ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Олимов, бўлим ходими Ш.Бадиев ва талабалар қатнашдилар.
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни 2021 йил 5 июль куни имзолаган.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳририда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилди, жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ бекор қилинди.
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
диний таълим муассасаси — муайян конфессияга мансуб бўлган, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчиларини ва улар учун зарур бўлган диний ходимларни тайёрлаш учун диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи томонидан ташкил этилган муассаса;
диний ташкилот — фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш мақсадида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган кўнгилли бирлашмаси (маҳаллий диний ташкилот, диний таълим муассасаси ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи);
диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи — бир конфессиянинг маҳаллий диний ташкилотлари, шунингдек диний таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий бирлигида (Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятда, Тошкент шаҳрида) рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан ташкил этилган диний ташкилот;
маҳаллий диний ташкилот — Ўзбекистон Республикасининг тегишли тумани (шаҳари) ҳудудида доимий яшаётган, ўн саккиз ёшга тўлган, эллик нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташаббуси билан ташкил этилган, фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ёки шаҳар ҳудудида амалга оширувчи диний ташкилот (масжидлар, черковлар, синагогалар, ибодатхоналар ва бошқалар);
миссионерлик — аниқ мақсадга қаратилган мафкуравий таъсир ўтказиш орқали шахсни (бир гуруҳ шахсларни) ўз динига киритиш мақсадида унга (уларга) диний қарашларни мажбуран сингдиришга ва диний таълимотни тарқатишга доир фаолият;
диний профессионал таълим — диний таълим муассасаларида ўқувчиларга маълум бир конфессияга оид диний билимлар беришга қаратилган жараён;
Қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.
Қайд этилишича, ушбу қўшимчалар жамиятда турли конфессиялар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, юз бериши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
8-модда. Таълим тизими ва дин:
“Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгандир.
Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи, уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, таъминланади.
Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга.
Диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилинади.
Диний профессионал таълим олган шахслар диний таълим муассасаларида диний фанларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир”.
Шунингдек, Қонун билан белгилаб қўйилаётган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.
Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани қайд этилди.
Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Республикасида дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти бир қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Республикамизда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолият юритиши бўйича ҳуқуқий асосан яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 20 июндаги 263-сон, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон, “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2004 йил 1 мартдаги 99-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.
Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.
Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.
ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Т.Азимов