Ҳижрий II-III асрда Аббосийлар ҳукмронлиги даврида илм-фан ва маданият ривожланди. Шулар қатори ҳанафий мазҳаби ҳам шаклланди ва ривожланди. Натижада ҳанафий мазҳабида бир қанча етук уламолар етишиб чиқди ва мазҳаб шаклланишида ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа. Абу Ҳайён Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа фиқҳ илмини отаси Ҳаммод ибн Абу Ҳанифадан ва Ҳасан ибн Зиёддан таҳсил олган. Исмоил ибн Ҳаммод отаси Ҳаммод, Молик ибн Миғвал,Умар ибн Зар, Қосим ибн Маън ва Ибн Абу Зеъбинлардан ҳадис эшитиб, ривоят қилган. Исмоил ибн Ҳаммоддан Умар ибн Иброҳим Насафий, Саҳл ибн Усмон Аскарий, Абдулмўмин ибн Али Розий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. У иффатли, тақволи, парҳезкор олим бўлиб, қозилик масалаларини жуда яхши тушинган. У ҳақида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорий “Умар ибн Хаттобдан кейин Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифачалик унга ўхшаш қози бўлмаган”, деган. У ҳижрий 194 йил Бағдоднинг жанубий шарқига Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорийдан сўнг қози этиб тайинланади. У ерда бир муддат тургач, ишдан четлатилади. Ҳижрий 210 йил Яҳё ибн Актам Басра қозилиги лавозимидан олингач, Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа қози этиб тайинланди. Бир неча йилдан кейин эса Риққага қози этиб тайинланади. Ал-Хассоф ўзининг “Одобул қози” китобида “Исмоил ибн Ҳаммод Абу Ҳанифанинг набираси бўлиб, фиқҳни яхши тушунган. У баъзи масалаларда Абу Юсуфга ихтилоф қилган” деган. Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ҳижрий 212 йил вафот қилган.
Унинг ёзган асарлари: “Ал-Жомеъ фил фуруъ”, “ар-Радду алал-Қодария”, Рисалатуҳу ила-л-бустий, “ал-Иржа”лардан иборатдир.
Абу Сулаймон Жузжоний Мусо ибн Сулаймон. Абу Сулаймон Жузжоний Мусо ибн Сулаймон Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Идрис Шайбонийдан илм ўрганган. Фиқҳ илмини ўрганишда, ўз устозларидан китоб ривоят қилишда Муалло ибн Мансур билан ҳамдарс бўлган. У тақвода, парҳезкорликда, фиқҳ ва ҳадисни ёдлашда юқори ўринда бўлган.
Ибн Абу Ҳотам: “Абу Сулаймон Жузжоний Мусо ибн Сулаймон Қуръонни махлуқ дегувчиларни кофирга чиқарар эди” деган.
У ёзиб қолдирган асарлар “Ас-Сияр ас-сағир”, “Ас-Солат”, “Ар-Роҳн”, “Наводиру-л-фатаво” номли китоблардан иборат.
Абу Сулаймон Жузжоний Мусо ибн Сулаймон имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, Ибн Муборак, Амр ибн Жамйълардан ҳадис ривоят қилган. Абу Сулаймон Жузжоний Мусо ибн Сулаймондан Қози Аҳмад ибн Муҳаммад Баратий, Башр ибн Мусо Асадий, Абдуллоҳ ибн Ҳасан Ҳошимий, Абу Ҳотам Розийлар ҳадис ривоят қилишган.
Халифа Маъмун унга қозилик лавозимини таклиф қилганда қуйидаги сўзни айтиб рад жавобини берган. “Эй мўъминлар! Амру ҳукм чиқаришда Аллоҳнинг ҳаққини муҳофаза қилинг. Мен кабиларга омонатингизни ишониб топширманг. Аллоҳга қасамки, мен ғазабимни тутиб туролмайдиган киши бўлсам қандай қилиб Унинг бандаларига ҳукм қилишда нафсимни рози қиламан ” деган. Шунда халифа унга “тўғри айтасан” деб уни афв қилган.
Муалло ибн Мансур Розий. Абу Яъло Муалло ибн Мансур Розий Ҳанафий ҳижрий 150-767 йил туғилиб, 211-826 йилда вафот қилган. У илм талабида бир қанча шаҳарларга сафар қилади ва Бағдодга бориб имом Абу Ҳанифанинг пешқадам шогирдларидан бўлган имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳлардан шариат илмларини мустаҳкам ўрганади. Илм ўрганишда Абу Сулаймон Жузжоний билан ҳамдарс бўлган. Муалло ибн Мансур тақвода, ҳадис ва фиқҳни ёдлашда юқори ўринда бўлган. Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Марғиноний “Ҳидоя” номли китобининг “Қудуқ масаласи” боби охирида Муалло ибн Мансурнинг ижтиҳодларини келтирган .
Муалло ибн Мансур Икрима ибн Иброҳим Аздий, Сулаймон ибн Билол, Шарик Қози, Абдуллоҳ ибн Жаъфар Маҳрамий, Молик ибн Анас, Ҳаммод ибн Зайд, Абу Авона, Холид ибн Абдуллоҳ, Яҳё ибн Ҳамза Қози, Амр ибн Абу Миқдам ва ибни Мубораклардан ҳадис ривоят қилган. Ундан фақиҳ Абу Савр, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Муҳаррамий, Муҳаммад ибн Абдураҳим Соиқо, Аҳмад ибн Азҳар, Фазл ибн Саҳл Аъраж, Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий, Муҳаммад ибн Исҳақ Соғоний, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (саҳиҳдан бошқа), Яъқуб ибн Шайба, Абу Қудома Сарахсий, Али ибн Ҳайсам, Ибн Мансур Ромадийлар ҳадис ривоят қилишган.
У ҳақида Аҳмад ибн Комил: “Муалло имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг асҳоби ҳамда уларнинг илмини ривоят қилганлар ичида энг ишончли уламолардандир”, деган.
Муалло ибн Мансур бир қанча китобларни ёзиб қолдирган. Жумладан, “Ан- Наводир” (Мазҳаб имомларининг Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад каби аввалгиларидан ривоят қилинган масалалардан иборат китобдир.), “Ал-Амолий” (ал-Амолий – устоз ўз шогирдларига ва дарсига ҳозир бўлганларга айтиб турган, улар уни ёзиб боришган. Амолий асосан ҳанафий фиқҳининг фуруъотлари ҳақидадир. Кашфуззунунда Амолийнинг уч юз мужалладдн кўпроқ эканлиги айтилган. “Амолий- фиқҳ, ҳадис, одоб уламолари назди имлоларни жамлашдир.Бир олим имло қилиш учун ўтиради унинг атрофида талабалари сиёҳдон ва қоғозлари билан ўтиришади.Олим Аллоҳ таоло унга илмдан билдирганча айтади, шогирдлар уни ёзиб боради.Ушбу ёзиб борилган саҳифалар кейинчалик китоб ҳолига келган), “Китобус солат”, “Китобус савм”, “Китобуз заҳаё” каби китоблардан иборат.
Давоми бор…
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев