Муҳтарам Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон қадимдан улуғ алломаларга бешик бўлган, дунё тамаддунига бешик бўлган юрт сифатида довруқ қозонган. Бунга мисол тариқасида Аҳмад Фарғонийнинг лойиҳаси асосида Нил дарёси сувининг сатҳини ўлчайдиган ўта ноёб иншоот – “Миқёси Нил” Мисрда ҳанузгача сақланиб келаётганини келтириш мумкин.
Ҳар соҳада, хусусан, диний-маърифий жабҳада ҳам улкан тараққиётга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши шарт. Чунончи, мамлакатмизда виждон эркинлиги кафолатлангани, одамлар хоҳлаган динига эътиқод қилишяптими ёки аксинча – ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги, диний қарашлар мажбуран сингдирилмасли Конституция билан белгилаб қўйилган.
Бу борада жаҳонда турли бир-бирига қарама-қарши фикрлар интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “сузиб” юрган бўлса-да, ҳақиқий ҳолат билан яқиндан танишганлар мамлакатимиздаги диний вазиятга ҳаққоний баҳо беришяпти.
Мисол учун, 2020 йилнинг 2 февраль куни мамлакатимизга ташриф буюрган Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Майк Помпео юртимиздаги диний вазиятни ўз кўзи билан кўриб, диний эркинликка доир ҳолат ижобий томонга кескин ўзгарганини эътироф этди. У бу йўлда Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган саъй-ҳаракатларни олқишлаганини жаҳон матбуоти кенг ёритди.
Майк Помпео АҚШ Давлат департаментига тақдим этилган ушбу мавзуга доир ҳисоботи муҳокамасига бағишланган матбуот анжуманида: «Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича дадил қадамлар қўйилди, республиканинг бу борадаги амалий ишлари рўйхати кенгаймоқда ва айни йўналишдаги интилишлари давом этмоқда», деди.
Помпеонинг таъкидлашича, АҚШнинг диний эркинликлар бўйича йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда 2019 йил давомида диний ташкилотларга қарши бирорта ҳам рейд ўтказилмагани эътироф этилган. Ваҳоланки, бундай ҳаракатлар 2018 йилда 114 та, 2017 йилда эса 240 тани ташкил этган.
Аслида, мамлакатимизда диний эркинликнинг тамал тоши сал олдинроқ, аниқроқ айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида сайланганидан бошланган эди, десак тўғрироқ бўлади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлади.
Ҳақиқат қиёсда билинади. Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус мадрасалар сони ўнтага етди. Олий мадрасалар эса учта. Масжидлар сони эса 2099 га етди. Сўнгги йилларда маълум маънода масжидларни таъмирлаш, обод этиш даври бўлди. Ўтган давр мобайнида юртимизда 340 дан зиёд масжид қайтадан қурилди. Айни пайтда 200 дан ортиқ масжид бутунлай янги лойиҳа асосида қайтадан қурилмоқда.
Ислом дини азалдан инсониятга меҳр-мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишда ибрат ва намуна эканини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ислом барча самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакиллари билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирилган.
Қуръони каримнинг элликдан зиёд сураларининг юзлаб оятларида мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳйи ва саллам ҳам бағрикенглик тамойилига амал қилганлар. У зот ўзга юрт ва дин вакиллари, яъни Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни масжидларига таклиф қилиб: “Улар бизнинг дўстларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ҳам уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлари тарихдан маълум.
Бир нечта ҳадисларда инсоннинг қайси динга мансублигидан қатъи назар, аввало, одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат қилиш лозимлиги таъкидланади. Жумладан, Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Саҳл ибн Наниф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтиришган эди, ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтдилар. Шунда икковлари ўринларидан туришди. Буни кўрганлар улардан: “Бу маййит зиммийлардан-ку?!”дейишди. Шунда улар бундай деб жавоб қилдилар: “Бир куни Расулуллоҳнинг ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтиб қолишди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин унинг ғайридин эканини айтишди. Расулуллоҳ: “У руҳ эмасми?!” – дедилар”.
Пайғамбаримизннг ана шу олий ибратлари асрлар оша амалда бўлиб келди. Ғарблик диншунос олим Марк Сайс Ҳорун Рашид давридаги бағрикенгликни бундай изоҳлаган: “Масиҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат ишларида ишлар эдилар”.
Маъмун ўзи асос солган академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаган. У: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаса бўлди”, деган.
Бу анъана Амир Темур даврида ҳам давом этганини яхши биламиз.
Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон минг йиллар давомида динлараро бағрикенглик ўлкаси сифатида эътироф этилади. Қадимдан диёримизда буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом ёнма-ён яшаб келган, масжид, черков, синагогалар фаолият юритган. Турли дин вакиллари ўз диний амалларини эмин-эркин адо этишган. Ватанимиз тарихини варақласак, ўтмишимизда диний асосда можаролар бўлмаганини билиб оламиз.
Сўнгги йилларда аждодларимиздан қолган бой маънавий анъана – диний бағрикенглик янада кенг қулоч ёйди. Динимизнинг бағрикенглик тамойилига мамлакатимизда оғишмай амал қилинаётганини айни пайтда расмий рўйхатдан ўтган 16 та конфессия фаолият юритаётгани ҳам тасдиқлайди.
Дарҳақиқат, Ислом – бағрикенглик дини. Унинг асл моҳиятида зўровонлик эмас, адолат, разолат эмас, тараққиёт, хиёнат эмас, садоқат, фалокат эмас, саодат, ҳалокат эмас, нажот мужассам. Буни мамлакатимиз мисолида бутун жаҳон эътироф этмоқда.
Умиджон Ходжаев,
Тошкент ислом институти проректори