islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бизнинг биринчи устозимиз ким?

Бизнинг биринчи ўқитувчимиз ким? Бу савол ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Биз ўқиш ва ёзишни ўргатган онамиз ёки отамиз, акамиз ёки синглимиз ёки бошланғич синф ўқитувчимизни биринчи устозимиз деб биламиз.

Лекин жавоб тўғрими? Ҳаммамиз бироз тафаккур қилиб, ўзимизга мазкур саволни бериб кўришимиз керак. Саволга тўғри жавоб топшимиз ҳаёт тарзимизга таъсир қилади. Аслида ҳам, она-отамиз ёки бошланғич синф ўқитувчиларимиз бизнинг биринчи устозимизми?!

Қуръонда ўқиймизки, бутун оламнинг яратувчиси Аллоҳ таолодир. У ўта илмли, ҳикматли, эшитгувчи, кўрувчи, барҳаёт, тирик, раҳмли, раҳмон Зотдир. У бизга билмаган нарсаларни, айниқса, тўғри ҳаёт йўлини ўргатди.

Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди” (Нисо, 113).

Эй Исо ибн Марям, … сенга китоб — хат ва ҳикмат — илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни… эслагин” (Моида, 110).

Мана шундай қилиб Юсуфни — унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун, — ўша ерга жойлаштириб қўйдик” (Юсуф, 21).

Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, жамият ва дунёнинг ҳақиқатини, маъносини ўргатди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонга дунёнинг барча зарурий нарсаларини ўргатган, токи дунёдаги ҳаётимизда тўғри йўлни топайлик.

Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди” (Бақара, 31).

У зот бизга қаламни берди, шу билан бирга ҳар бир нарсани Унинг номи билан бошлаймиз.

У қаламни ўргатган Зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди.” (Аълақ, 4-5). 

Аллоҳ сизларга (ҳақ-ҳидоят йўлини) билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир” (Бақара, 282).

Бизга барча илмни ўргатган Зот Аллоҳ таолодир, бунга иймон келтирамиз. Худди фаришталар айтгани каби, биз ҳам шундай деймиз:

Улар айтдилар: “Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан” (Бақара, 32).

Аллоҳ таоло бизга нимани билишимиз лозимлигини Қуръонда баён қилган. Қуръон барча илмни ўз ичига олган китобдир.

“(Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун раҳбар – йўлбошчидир” (Бақара, 2).

Аллоҳ таоло Қуръон орқали бизга ҳаёт ва дунёнинг ҳақиқатини ўргатди.

Биз сизга иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган бу Китоб — Қуръонни фақат уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларни баён қилиб беришингиз учунгина нозил қилдик” (Наҳл, 64).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизнинг илк муаллимимиз ва бизга Қуръонни нозил қилган Зотдир.

Қуръоннинг мазмуни, умумий таълимотлари, ахлоқи, қадриятлари, қонун-қоидалари, тамойиллари ва ҳукмлари инсоният ва инсонлар камолотида йўлбошчидир.

Илм ато этувчи Зотнинг китоби Қуръонга одамлар ихлос билан амал қилсалар, шундагина хотиржам ва бахтли ҳаёт кечира оладилар. Шунга қарамай, биз Аллоҳ таоло ва Унинг китоби биринчи илм ва ҳидоят манбаси эканлигини унитдик.

Хоҳлаймизми ёки йўқми ҳаммамиз, албатта Аллоҳ таолога қайтамиз ва бу ерда ўтказган умримизнинг ҳисобини берамиз. “Биринчи устозимиз”ни биз ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Фақат Унинг Ўзига қайтилур” (Ғофир, 3).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёматда инсонлар қалблари яширган барча сирларни ошкор этар ва ҳукмини чиқаради. У адолат билан ҳукм қилади ва ҳеч ким Унинг ҳисоб-китобидан қочиб қутула олмайди.

Охиратда Аллоҳдан ўзга нажоткор бўлмаганидек, бу ҳаётда ҳам ҳақиқий нажоткоримиз ва йўлбошчимиз Аллоҳ ва Унинг Китоби ҳамда суннати набавийдир.

Булар Аллоҳ таоло бизга ўргатган асосий ҳаётий сабоқларидир. Бу таълимотлар асосида яшаш, илм ва ҳидоят сўраб Аллоҳ таолога дуо қилишимиз бизни ёлғон, манманлик ва ғурур хиёбонларида кўр-кўрона тентирашдан қутқаради. Аллоҳ иймон келтирганларнинг ҳимоячисидир ва уларни зулматлардан нурга чиқаради.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари  

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев  

342100cookie-checkБизнинг биринчи устозимиз ким?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: