عن أبي هريرة أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال:
«ألا أدلكم على ما يمحو الله به الخطايا ويرفع به الدرجات». قالوا: «بلى يا رسول الله». قال:
«إسباغ الوضوء على المكاره وكثرة الخطا إلى المساجد وانتظار الصلاة بعد الصلاة فذلكم الرباط».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сизларни Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган ва у билан даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» (Саҳобалар): «Ҳа, шундай қилинг, эй Расулуллоҳ!», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
«Қийинчилик устига таҳоратни тўла қилиш, масжид томонга қадамларнинг кўплиги ва намоздан кейин намозга интизор бўлишдир. Бас, мана шу сизларга робитадир!»
Ушбу ҳадис инсондан хатоларни ўчирадиган, Аллоҳ ҳузурида даражасини кўтарадиган 3 та амалнинг хабарини бермоқда.
«Қийинчилик устига таҳоратни тўла қилиш. Ҳадисда إسباغ -“исбоғ” сўзи ишлатилган бўлиб, таҳоратни шошмасдан тўлиқ ва мукаммал қилиш кераклиги тушунилади. Бир аъзони уч мартадан ювиш тушунилади, ювишни мукаммал қиламан, деб учтадан орттириш мумкин эмас. Чунки, таҳоратда ювилиши лозим бўлган аъзоларнинг поклиги уч мартанинг ўзида комил даражада бўлади.
Ҳадисдаги المكاره – “макориҳ” сўзидан таҳорат қилишда инсонга машаққат туюладиган ўринлар тушунилади. Мисол учун таҳорат қилиш ёқмайдиган, оғир келадиган қаттиқ совуқ, касаллик, сув танқис бўлиб, пулга сотиб олинаётганда ҳамда шу ва шунга ўхшаш ҳолатларда таҳоратни шошилмасдан тўлиқ қилишдир. Натижада мусулмон инсон юқорида айтилган фазилатларни қўлга киритади.
“масжид томонга қадамларнинг кўплиги” ҳам фазилати амал экан. Бундан қадамларни кичик-кичик босиб масжидга қатнаш тушунилмаслиги керак. Балки, бундан инсоннинг масжиддаги жамоат намозига боғланиб қолиши, тез-тез, доимий боришини тушуниш керак. Зеро, ёлғиз ўқилган намоздан жамоат билан ўқилган намознинг савоби 25 ёки 27 баробар кўплиги айтилган.
Дарҳақиқат, айрим инсонлар масжидга серқатнов бўлиш қарияларга, нафақага чиқиб уйда ўтирганларга ярашади деб ўйлайдилар, фақатгина ийд, жаноза ва жума намози учун масжидга бориб қўядилар. Лекин, 5 маҳал намозни жамоат билан ўқиб, масжидга боғланган инсондан Аллоҳ хатоларни кеткизиб, даражасини кўтариб қўйишини яхши англаган инсон, жамоатни бесабаб тарк қилмайди!
“намоздан кейин намозга интизор бўлиш” – дегани намоздан сўнг кейинги намозгача масжиддан чиқмасдан қимирламай ўтиравериш дегани эмас, балки масжиддан чиққандан кейин ҳам инсоннинг қалби ёки хаёли масжидга боғланиб турсин, кейинги намознинг ватқини унутиб қўймасин, деганидир.
Юқоридаги 3 амални қилиш ҳадисда “робита” дейилди. Аслида, “рибот” деб луғатда чегараларни сақлаб, ҳифзу-ҳимоя қилиб туришга айтилади. Чунки, чегарада туриш, уни муҳофаза қилиш оғир ишдир. Нимага деганда, одатда чегара одамлардан, шаҳар ва қишлоқлардан, яхши шароитлардан узоқда бўлади. Машаққатлар ўхшашидан савобни шунга тенглаштириляпти.
Баъзи уламолар “рибот” – “жиҳод” маъносида бўлиб, бу уч амални қилиш нафс хоҳишларига қарши қилинган ҳақиқий маънода курашдир. Уни енгиб жиҳод савобини олишдир. Табиийки, нафс ибодат қилишни, атай унинг учун ёқимсиз вазиятларда таҳорат олишни; ҳамма мазза қилиб ухлаётганда масжидга боришни, ҳавойи истакларини жиловланиб, намозга ҳозир туриш, уни соғинишни хоҳлармиди. Албатта, НАФС бунинг тескарисини истайди. Истакларини таҳорат, ибодат ҳамда қалб ҳозирлиги ила енгган банда мужоҳид билан тенг ажр олади, иншааллоҳ!
“Мискуш Шазий” китоби асосида
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Н.Саидакбарова