Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса, алоҳида жазолар бўлади.
Имом Бухорий Собит ибн аз-Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади», деганлар.
Имом Бухорий Жундуб розияллоҳу ан-ҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини ўлдирди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқалоқлик қилди. Мен унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», деганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзини ўзи бўғган дўзахда ҳам бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган дўзахда ҳам пичоқ уриб туради», деганлар.
Демак ўзини-ўзи ўлдирган одамнинг дўзахга тушишига шубҳа йўқ.
Одамларга ўрнак бўлиш учун бу дунёда ҳам унга ўзгача муносабатда бўлинади.
Умар ибн Абдул Азиз, Авзоий ва Имом Аҳмаднинг мазҳаблари бўйича ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқилмайди.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
Суфиев Жаъфархон