Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Хазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломларимиз булсин. Бу дунёда шундай инсонлар бўладики, улар бойлик тўплашга интилмайди, балки илм-маърифатни кенг тарқатишга ҳаракат қиладилар. Ўзидан келажак авлод ибрат олса арзийдиган мерос қолдирадилар. Бобохонлар сулоласи вакиллари ана шундай кишилар жумласидандир.
Октябр инқилобидан сўнг совет ҳокимиятининг Ўрта Осиёда ўрнатилиши кейинги ўн йиллик даврда кўплаб масжид ва барча мадрасаларнинг ёпилишига олиб келди. Натижада, 1929 йилга келиб Ўзбекистонда диний таълим тизими батамом тўхтатилди.
Орадан қарийб 15 йил ўтиб, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет тузумининг диний сиёсатида кескин ўзгариш киритилди, бундан ташқари Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир пайтида собиқ иттифоқ аҳолисининг Ислом динига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгара бошлади, 1943-йил, иккинчи жаҳон уруши давом этаётган бир пайтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси таъсис этиш ҳаракати фаоллашди. 1943 йил 12 июнида уламолар: Абдураззоқ Эшон Муҳаммад Алимов, Акрамхон Тозихонов ва Мулла Содиқ Исломов Эшон Бобохон бошчилигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний марказини тузиш тўғрисида СССР Олий Совети Президиуми раиси номига мактуб жўнатишади. СССР Олий Совети Президиуми 1943 йил 31 июлда 55-сонли қарори билан ҳукумат томонидан диндорларга виждон эркинлиги берилиши ва уларга диний ташкилотлар тузишга ижозат бўлганлиги ҳақида қарор қабул қилди.
Қарордан кўчирма
Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг бир гуруҳ мусулмон дин пешволарининг илтимоси қондирилсин ва Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси ташкил этишига рухсат бкўчирм
Шу мақсадда Тошкентда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ССР мусулмон дин пешволари ва диндорларининг қурултойини чақиришга рухсат берилсин.
Алҳамдулиллаҳ бу мисли кўрилмаган катта янгиликдир. Бундай иш учун барча амалий чораларни кўриш мақсадида минтақа мусулмонларининг ташкилий комиссияси тузилади. Комиссия таркибига Ўзбекистондан Шайх Эшон Бобохон бошличигида, Қозоғистондан – Шайх Абдуғаффор раҳбарлигида, Тожикистондан— Шайх Солиҳ Бобокалон раҳбарлигида, Қирғизистондан —Шайх Олимхон Тўра Шокир раҳбарлигида, Туркманистондан— Шайх Анна Эшон раҳбарлигида, бир қанча кўзга кўринган диний арбоблар кирдилар. Бу ишда иштирок этиш учун собиқ иттифоқнинг Европа қисми ва Сибирия мусулмонлари диний бошқармаси раиси Шайх Абдураҳмон Росули ва бошқа обрўли уламолар таклиф этилди. Сай-ҳаракатлар натижасида 1943-йилнинг 20- октябрь ойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. Бу қурултойда минтақанинг 5 республикасидан 160 дан ортиқ вакил қатнашди. Қурултойда Тошкент шаҳрида “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати” номи билан янги диний марказ ташкил этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинди. Унда 11 кишидан иборат олий ҳаяти 5 кишидан иборат тафтиш комиссияси таркиби тасдиқланди. Бу диний назоратга раис этиб ҳамма бир овоздан шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхонни сайладилар . Диний назорат фаолиятида муқаддас Қуръони карим ва Муҳаммад Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатлари бошқарув асоси қилиб олинди. Диний назорат Низомида бошқарувнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари олий органи сифатида хуқуқ ва мажбуриятлари тасдиқланди, марказ ва жойлардаги бўлинмаларнинг вазифалари белгилаб қўйилди. Шунингдек, низомда қуйидаги вазифалар ҳам кўрсатилди:
– Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда жойлашган расмий диний бирлашмалар орқали диний ишлар ва маросимларни бошқариб бориш;
– Диндорлар орасида Ислом асосларини тушунтириш ишларини йўлга қўйиш;
– Диний маросимларга доир айрим мураккаб, ихтилофли масалаларни имом-хатиблар оркали ҳал этиш, диндорларга бундай масалаларга тегишли кўрсатмаларни тушунтириш;
– Диндорларни тўғрилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;
-Дин хизматчилари ва диндорлар орасида зарарли урф-одатларга қарши курашиш;
– Юқорида саналган масалаларга доир фатволар чиқариш;
– Диний адабиётлар нашр этиш;
– Чет эллардаги мусулмон ташкилотлари билан алоқа ўрнатиш, хорижлик мусулмон-биродарларни бешта республика мусулмонларининг диний ва дунёвий ҳаёти билан таништириб бориш.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ўша кезлари ўз фаолиятини Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳовлисида иш бошлаган. 1956 йилдан ХV-ХVI асрларда қурилган иморатлардан таркиб топган тарихий меъморий ёдгорлик – “Бароқхон” мадрасаси биноси таъмирланиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қароргоҳига айлантирилди ва ўз фаолиятини юрита бошлади. Ўрта Осиё Республикалари ва Қозоғистон диний назорати (аввалда шундай аталган, кейин диний бошқарма дейилди) “Бароқхон” мадрасасида фаолият юритгани сабабли Совет Иттифоқига ташриф буюрган расмий делегациялар, айниқса, мусулмон мамлакатлардан келган давлат ва жамоат арбоблари Ҳастимомда ҳам бўлишарди. Масалан, Шамсуддинхон Бобохонов 1988 йил давомида диний идорада муфтий сифатида 300 дан ортиқ чет эллик делегацияларни ва айрим жамоат ва диний арбобларни қабул қилганлар.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг кутубхонаси “Бароқхон” мадрасаси рўпарасидаги “Тилла Шайх” жомеъ масжиди ҳовлисида бунёд этилган “Мўйи Муборак” (ХVI аср) мадрасасида жойлашган эди. У 1943 йилда диний идора асосчиси, марҳум муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957 й.) томонидан ташкил этилган. Кутубхона очилгач, “Мўйи Муборак” мадрасаси қайта таъмирланган (ХХ аср), янги хоналар қўшилган. Унга дастлаб идора раиси, муфтий, шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон шахсий кутубхонасидан мингдан ортиқ қўлёзма тақдим этган. Кутубхона мудири этиб навоийшунос, бедилшунос олим Нодирхон домла Алауддинов (1899-1975) тайинландилар. У киши дастлабки китобларни тартиблаш, соҳаларга ажратиш ва рўйхатга олиш ишларини амалга оширдилар. Нодирхон домла 1943 йилдан 1970 йилгача кутубхонани аҳолидан сотиб олинган ва ҳадя қилинган қўлёзма ва тошбосма ёдгорликлар билан бойитдилар. Хорижий давлатлардан келтирилган китоб ва даврий журналлар кутубхонанинг алоҳида катта мажмуини ташкил этади.
Бундан ташқари кутубхонада Қуръони каримнинг ҳар хил ҳажмдаги қўлёзма ва босма нусхалари, илми тафсирга оид китоблар, хадис, фикх (Ислом қонуншунослиги), араб грамматикаси, мантик, тарих, тиб, шеърий тўпламлар, жугрофия, фалсафа, илохиёт, риёзиёт, фалакиёт ва мазкур фанлар буйича ёзил-ган асарларнинг шарҳлари билан танишиш мумкин бўлиб, асосан ўтган минг йил мобайнида мамлакатимизда ва четда бу асарларнинг кўпчилиги араб, форс ва туркий тилларда ва элларда яшаб ижод этган муаллифлар томонидан ёзилган. Куръоннинг баъзи кадимий кулёзма нусхалари, Имом Бухорийнинг“Ал-Жоме ас-Сахих” номли ҳадислар тўплами, Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Доримий, Ибн Сино, Форобий, Беруний, Розий, Хоразмий ва бошка дунёга машҳур олимларнинг асарларидан кўплари қўлёзма ва босма шаклда асрлар оша бизнинг давримизгача етиб келган. Айниқса, ҳижрий хисоб билан бундан ўн тўрт аср илгари халифа Ҳазрати Усмон ибн Аффон (Аллоҳ ул кишидан рози бўлсин)бошчиликларида жамланиб, илк бор китоб шаклида битилган тўртта Қуръон нусхасидан бирининг ҳам бу кутубхонада мавжудлиги зиёратчиларнинг диққатларини ўзига жалб этиб келмокда. Бу “Мусъҳафи Усмон” нинг қандай қилиб бизнинг диёримизга келиб колганлиги ва у қанақа тарихга эга эканлиги ҳақида илгари кўп маълумотлар берилган. Бу хусусда Диний бошқарма уламолари томонидан махсус бир рисола ҳам нашр этилган. “Усмон мусъҳафининг тарихи” номли бу рисолада Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармасининг собиқ ноиби раислари марҳум Исмоил Маҳдум Соттиев томонларидан мазкур муқаддас китобнинг қандай қилиб бизнинг диёримизга келиб қолганлиги тарихи етарли далиллар асосида баён қилинган. Кутубхонадаги китоблар турли йилларда асосан мамлакатимиздаги босмахоналарда ҳамда Миср, Ливан, Саудия Арабистони, Ливия, Ҳиндистон, Покистон, Марокаш, Сурия ва бошқаб давлатлардаги босмахоналарда чоп этилган. Бу билим хазинасида нодир қўлёзма нусхалари ҳам кўп. 1989-йил ўтказилган рўйхат натижасида Диний бошқарма кутубхонасида 3000 дан ортиқ қўлёзма китоблар борлиги аниқлаган . Диний идора уларни таснифлаш учун Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти ходимлари Ҳ.Ҳикматуллаев ва A. Қазибердиевни жалб этган, бироқ турли сабабларга кўра бу иш чала қолган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати асосчиси, бешта республиканинг биринчи муфтийси сифатида кўп миллатли мусулмон халқлар хотирасида мухрланиб колган Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон 1957 йил 5 июн куни вафот этдилар. Жаноза намозини ўғли Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ўқиганлар. Ўзбекистон хукуматининг қарори билан каффол Шоший кабрининг ёнбошига дафн килинган . Дин йўлида қилинган сай-ҳаракатлар бир кун келиб ўз мевасини беришга умид қилган Бобохонлар сулоласидан Шайх Зиёвуддинхон отаси – муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон вафотидан сўнг 1957 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ва муфтий этиб сайландилар. Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон раҳбарлиги остида ислом дини равнақи йўлида амалга Оширилган хайрли ишлар жуда кўпдир. Улардан баъзиларини санаб ўтиш лозимдир. Собиқ Иттифоқдан, жумладан, Ўзбекистондан ҳам мусулмонларнинг муборак ҳаж ибодатини адо этиш учун боришининг ташкил этилишидир. Ҳажга борувчилар сони жуда чекланган бўлишига қарамай, бу улуғ ибодат учун йўл очилганининг ўзиёқ катта воқеа бўлди. Юртимиз мусулмонларининг чет элдаги диндошлари билан алоқалар ўрнатишлари, намоз вақтлари белгиланган диний тақвимнинг қайтадан нашр этила бошлаши ҳам Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг раҳбарлиги даврида йўлга қўйилди. Унинг ҳар бир хориж сафарида йирик уламолар, руҳонийлар, дин ва давлат арбоблари билан яқин муносабатлар ўрнатилди. У ҳаётининг охирги кунигача Яман Араб Республикаси бош муфтийси Аҳмад Забара, Ливан бош муфтийси Ҳасан Холид, Сурия бош муфтийси Аҳмад Куфтару, Тунис Президенти қошидаги Ислом ишлари бўйича бошқарма директори Шайх Мустафо Камол ат-Тарзий, Болгария муфтийси Муҳаммад Топчиев, Франция мусулмонлари раҳбари Абу Бакр Хамза, Робита ал-олам ал-исломий (Ислом олами лигаси), Бутунжаҳон Ислом Конгресси,Покистон, Туркия, Марокаш, Ливия, Мавритания, Миср, Ироқ ва бошқа мамлакатларнинг уламолари билан дўстона алоқаларни узмади. Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон бошчилигида Имом Термизийнинг ”Аш-Шамойил ал-Муҳаммадий” китобининг ўзбек тилига таржимаси амалга оширилди.
Бундан ташқари Зиёвуддинхон Эшон 1971 йилда, имом-хатиблар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари базасида Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини ташкил қиладилар ва бевосита ўзлари унга раҳбарлик қиладилар. Ушбу ўқув даргоҳи СССРда ягона ислом олий ўқув юрти ҳисобланган. 1991 йилда мазкур ўқув масканига университет мақоми берилган.
Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ислом равнақи йўлидаги хизматлари учун икки марта I даражали “Иордания юлдузи” ордени,“Иордания юлдузи” кўкрак нишони, I даражали “Ливан қарағайи”, “Ливан Юлдузи” орденлари, Марокашнинг олий даражали “Буюк мутафаккир” Ордени, собиқ Иттифоқнинг “Ҳурмат белгиси”, “Халқлар дўстлиги” Орденлари билан тақдирланган.1982 йили Москвада ўтказилган барча дин вакилларининг минтақа-Лараро конференцияси муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон Қатнашган охирги анжуман бўлди. Бутун умри давомида инсонларни бирдамлик ва тинчликка чорлаган муфтий Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1982 йил 23 декабрда Тошкентда оламдан ўтган. Жанозасини Абдулазиз кори Маҳмудов ўқиган. Ҳазрати Каффол Шоший Мақбарасига, отаси Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг ёнига дафн этилганлар . Зиёвуддин Эшон Бобохон вафотларидан сўнг 1982-йилдан 1989-йилга қадар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида Бобохоновлар сулоласи учунчи вакили Шайх Шамсуддин Эшон Бобохон раислик фаолиятини амалга оширдилар. У киши ҳам ўз даврларида динга улкан хизматлар қилдилар. 1989-йили бўлиб ўтган навбатдан ташқари қурултойда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф диний бошқарма раиси, муфтий этиб сайландилар . 1990-йилда Қозоғистон қозияти диний бошқарма таркибидан чиқиб кетди ва Қозоғистон мусулмонлари идораси ташкил топди. 1991-йилда Совет Иттифоқи тугаши билан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасига айлантирилди. Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистонда ҳам диний идоралари ташкил топди.
ТИИ 3-курс талабаси
Хасанов Ҳусниддин