islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Фалокатга учраган шахс” қутқарилди, талабалар “ёнғинни” бартараф этдилар

Тошкент ислом институтида “Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш” мавзусида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги ва авария-қутқарув хизмати ходимлари томонидан амалий машғулотлар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи, ТИИ профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари иштирок этдилар.

Фавқулодда вазиятлар жабрланган одамларнинг сонига, кўламига ва етказилган моддий зарарнинг миқдорига қараб локал, маҳаллий, республика миқёсида ҳамда трансчегаравий бўлиши мумкин.

Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар қуйидагилардир: муайян ҳудудда одамлар қурбон бўлишига, одамларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотларга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий офат ёхуд бошқа офат натижасида, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши натижасида юзага келган вазиятлар.

Фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга, шунингдек фавқулодда вазиятлар зоналарининг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган ишлар мажмуи, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш деб аталади.

Фавқулодда вазият манбаи юзага келганлиги оқибатида одамлар қурбон бўлиши, уларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етиши хавфи мавжуд бўлган ва (ёки) унинг таъсирида жиддий моддий талафотлар кўрилган, шунингдек одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилган ҳудуд фавқулодда вазият зонаси ҳисобланади.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш деганда, олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуи тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги Махсус вазифалар буйича Республика қутқарув маркази Қидирув-қутқарув отряд командири катта лейтенант Пардаев Бобурмирзо фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган техникалар ва асбоб-ускуналари тўғрисида маълумот берди. Амалий машғулот сифатида аврия-қутқарув мутахассислари 4 қаватли талабалар турар жойидан “фалокат ҳолатидаги шахс”ни қутқариб, пастга олиб тушдилар.

Республикада 2021 йил 15 ноябрь – 15 декабрь кунлари “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” деб эълон қилинган. Тошкент ислом институтида ёнғин хавфсизлиги ойлигини самарали ўтказиш тадбирлари ишлаб чиқилган. Ойлик доирасида профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар ўртасида ёнғинга қарши тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда ва ёнғин хавфсизлиги чоралари ўргатилмоқда.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус вазифалар бўйича республика қуткарув маркази катта ёнғинларни ўчириш отряди командири подполковник Шерзод Шоназаров профессор-ўқитувчилари, ходимлар ва талабаларга ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида маълуот берди.

Вазирликнинг ўт ўчириш экипажи аъзолари маъруза ва кўргазмали машғулот билан иштирок этдилар.

Маърузада таъкидлаганидек, ёнғинларнинг олдини олиш ва муваффақиятли бартараф этиш тадбирларига жамоатчилик кенг жалб қилинмоқда. Бироқ, ҳудудларда электр симларининг қисқа туташуви натижасида ҳам ёнғин ҳолатлари келиб чиқмоқда. Уларнинг олдини олиш учун эса, барчамиз ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз керак.

Маърузачи ўқитувчилар ва талабаларни ёнғин хавфсизлиги қоидалари билан таништирди. Ёнғиннинг олдини олишга доир ўтказилаётган тадбирларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунтишлар бериб, ёнғиннинг пайдо бўлиш сабаблари, ўчириш воситаларининг ишлатилиш тартиби, ёнғин ўчириш машинаси ва ундаги жаҳозлар, ўт ўчирувчи ходимлар ҳимоя кийими тўғрисида,  ёнғин содир бўлганда дастлаб нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида гапириб, ҳаётий мисоллар орқали мавзу доирасида керакли маълумотлар берди.

Қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ошиб боради. Бу эса, ўз навбатида, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларининг бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан заҳарланиб қолиш эҳтимоли ошишига олиб келиши мумкин.

Семинарда аҳоли ўртасида куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар ҳақида гапирилди. Таъкидланганидек, инсоният ҳаётида бирор кун йўқки, фавқулодда вазиятлар содир бўлмаса. Афсуски, барча техноген ҳолатдаги бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабабчиси инсоннинг ўзидир.

Маърузачи, шунингдек, ёнғин чиққан ҳолатларда, уй шароитида, ишхонада ва таълим муассасасида, кундалик ҳаётимизда бехосдан содир бўладиган фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутиш зарурлиги ҳақида ҳаётий мисоллар билан гапириб, талабаларга тегишли тушунчаларни берилди.

Мутахассис ёнғин келиб чиққан ҳолатларда бирламчи ёнғин ўчириш воситасини ишлатиш ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтди.

Машғулот сўнгида талабалар ёнғин ўчириш ускунасини ишлатишни ўрганиб, ёнғин ўчириш машқини амалиётда синаб кўрдилар.

ТИИ Фуқаро ва меҳнат муҳофазаси

бўйича муҳандиси Акмалжон Ташмирзаев

346660cookie-check“Фалокатга учраган шахс” қутқарилди, талабалар “ёнғинни” бартараф этдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: