Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши хақида фикр юритган одам, албатта, Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тез тушуниб етади ва уни “Ўзинг поксан”, деб тасбеҳ айтиб ёдга олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васаллам буюрадилар: “Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳдан зикр этувчи тилни ва унга шукр қилувчи қалбни мол килингиз”.
Ибн Масъуд шундай дейдилар:
-Шукр иймоннинг ярмидир.
Шукр:
1.Қалб билан
2.Тил билан
3.Аъзолар билан изҳор этилади.
Қалб билан шукр қилиш – бу қалб билан яхши нарсаларни ният қилмоқ. Тил билан шукр килиш – бу шукрни далилловчи сўз ва жумлалар билан Аллоҳга ҳам ҳамд айтмоқ. Тил билан Аллоҳнинг ёзмишларига розилигини ифодаламоқ тилнинг шукридир.
Аъзолар билан шукр айтмоқ эса Аллоҳнинг неъматларини ибодат, итоат ва хайр йулларида ишлатмоқ, уларни Аллоҳга исён йўлида ишлатишдан тийилмоқдир.
Шукр – итоатдир, ибодатдир. Шикоят эса гуноҳдир.
Аллоҳ таоло Иброҳим сураси, 7-оятда мархамат қилиб айтади:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
Ва Роббингиз сизга: Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатли деб билдирган.
Абу Бакр розияллоху анҳудан ривоят килинади:
«Набий соллаллоху алайҳи васаллам бир хурсандчилик иш ёки суюнчилик хабар келса, Аллохга шукр қилиб саждага йиқилар эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шукр саждаси ҳам тиловат саждасига ўхшаш бўлади. Сажда қилиб Аллоҳ таолога лойиқ ҳамду сано айтилади.
Имом Моликдан бошқа ҳамма уламолар бир неъмат ҳосил бўлганда ёки бало-офат зоил бўлганда шукр саждаси қилиш суннатдир, деганлар.
Абу Лайс Самарқандий айтадилар:
Билингки, ҳамд ва шукр аввалгилар ва охиргиларнинг ибодатидир. У фаришталарнинг ибодати, Пайғамбарларнинг ибодати, eр аҳлининг ибодати, жаннат аҳлининг ибодатидир.
Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларни айтиш ва у неъматни Алоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда мустақийм эканлигини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат этганда зохир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада, ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради. Неъматга куфрона бўлиши эса, уни Аллоҳ томонидан берилишини тан олмаслик, унга ҳамду сано айтмаслик ва неъматни номаъқул йўлларда ишлатишдан иборатдир. Аллоҳ таоло барчамизни берган неьматларига яраша шукр қилувчи ва ҳар қандай ҳолатда ўзидан мадад сўровчи бандалардан қилсин.
Тошкент ислом институти талабаси
Комилова Малоҳат Икром қизи