Бу ўринда тажриба қилиб кўриб, фойдали деб топганим яна бир йўл бор. Бомдод намозидан кейин бундай дуо қилиш:
“Эй Аллоҳ бугун мен учун янги тонг оттиргин. Ҳаёт майдонига янгидан киришай. Фазли караминг ила ҳар лаҳзадан унумли фойдаланиб, яхши амалларни бажаришга тавфиқ бер. Беҳуда нарсаларга вақт сарфлашдан сақла”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуёш чиқиш вақтида қуйидаги дуони ўқирдилар:
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَقَالَنَا يَوْمَنَا هَذَا وَلَمْ يُهْلِكْنَا بِذُنُوبِنَا
“Бизни гуноҳларимиз сабабли ҳалок қилмай, бу кунимизга қайтарган Аллоҳга ҳамд бўлсин”. (Имом Муслим “Саҳиҳ Муслим”да “Мусофирларнинг намози” китобининг “Қироат тартили” боби 278 (822)-ҳадисда ривоят қилган).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу дуо билан бизни икки муҳим ишга далолат қилмоқдалар:
1) Сиз бугуннинг қийматини юқори ҳис этишингиз лозим. Шундай ўйлангки, бу кеча гуноҳларим сабабли вафот этишим мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло мени авф этиб, бу янги кунга етказди.
2) Сиз бугунни тавба қилишингиз ва бундан кейин яхши амалларга киришишингиз учун фурсат дея қадрига етинг. Ғафлатга чўмишдан ва дангасалик балосига йўлиқишдан сақланинг.
Ҳадиси шарифларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тонг отгандан кейин ўқиган бир неча дуолари келади. Бу дуоларни доим такрор қилиб турайлик:
“اللّهُـمَّ إِنِّـي أسْـأَلُـكَ خَـيْرَ هـذا الـيَوْم ،وَخَـيْرَ ما بَعْـدَه وَأَعـوذُ بِـكَ مِـنْ شَـرِّ هـذا الـيَوْم وَشَـرِّ ما بَعْـدَه”
“Аллоҳим, Сендан бу куннинг яхшилигини ва кейингисининг ҳам яхшилигини сўрайман. Бу куннинг ёмонлигидан ва кейингисининг ҳам ёмонлигидан Сен билан паноҳланаман”. (“Сунан Термизий”, “Дуолар китоби”, “Тонг оттиргандаги дуо ҳақида келган ҳадислар боби”).
“اللّهم إني أسْألكَ خَير هذا اليَومِ فتحَه ونصرَه ونورَه وبركتَه وعاقبته وهُدَاه”
“Аллоҳим, Сендан бу куннинг яхшилигини, фатҳини, нусратини, нурини, баракасини, оқибатини ва ҳидоятини сўрайман”. (“Сунан Аби Довуд”, “Одоб китоби”, “Тонг оттирганда ўқийдиган дуоси боби”, 4920-ҳадис).
“اللَّهُمَّ اجْعَلْ أَوَّلَ هذَا النّهار صَلاحًا، وَأَوْسَطَهُ فَلاحًا، وَآخِرَهُ نَجاحًا”
“Аллоҳим бу куннинг аввалини эзгули, ўртасини нажотли ва охирини муваффақиятли қилгин”. (“Мусаннаф Ибн Аби Шайба”, “Тонг оттирганда ўқимоғи мустаҳаб бўлган дуо боби”).
Аввало, вақтингизни тартиблаб, вазифаларингиз жадвалини тузиб чиқинг. Кейин эса шу тартибни ушлаб, астойдил бўлинг. Бунинг ёнида, албатта, Аллоҳдан муваффақ қилишини сўраб туриш лозим. Сиз шу учаласи, яъни вақт тартиби, астойдиллик ва Аллоҳга илтижо қилиш билан ҳаёт майдонининг ўртасига кириб борасиз. Натижада, иблис ва унинг қўшини устидан ғалаб қозонасиз, иншааллоҳ.
Кечқурун ўрнингизга ётишдан олдин тузган кунлик жадвалингизга қараб, ҳаммасини бажарганингизни текширинг. Адо этганларингиз учун Аллоҳга ҳамд айтинг. Бажара олмаганларингиз учун Унга истиғфор айтиб, кейинги кунга янгитдан қасдингизни боғланг. Ҳаётингиз бўйи шу тарзда давом этсангиз, сизга муваффақият келиб, шайтондан қутилиш насиб этади, иншааллоҳ
Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
асар ва мақолалари асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов