islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дунёнинг мафкуравий манзараси

Тошкент ислом институтида “Декабрь – Ислом ва ҳозирги замон фан ойлиги” муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Жаҳонгир Акрамов иштирок этди.

Тадбирни Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О.Тангиров очиб берди. Тадбирда шунингдек, кафедра профессори, сиёсий фанлар доктори М.Муҳаммадсиддиқов, кафедра катта ўқитувчиси Т.Азимов ва институтнинг биринчи курс талабалари иштирок этди. Тадбирда маърузачи Ж.Акрамов бугунги дунёнинг сиёсий манзараси ва мусулмон мамлакатларининг позицияси, минтақавий хавфсизлик ва Ўзбекистоннинг глобаллашув  жараёнларидаги тенденцияси каби қатор қизиқарли масалалар тўғрисида маълумотлари билан ўртоқлашди. Тадбир сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

Дунёнинг мафкуравий манзараси – жаҳонда рўй бераётган ғоявий жараёнлар, мавжуд мафкура шакллари, уларнинг моҳияти, мақсадлари ва ўзаро муносабатлари билан боғлиқ ҳолат, хусусият ва фаолиятини яхлит тарзда акс эттирувчи тушунча.

Бугунги дунё муайян яхлитликни ташкил этсада, ундаги минтақа ва давлатлар, миллат ва халқлар тарихий шарт-шароит, жўғрофий жойлашуви, геостратегик ҳолатига кўра турли мавқега эга. Ҳозирги давр – дунёда ғоявий қарама-қаршиликлар мураккаб тус олган, мафкура полигонлари ядро полигонлридан ҳам кучли бўлиб бораётган давр. Шундай экан, уларнинг ўзига хос манфаатларини ифодалайдиган мафкуравий таъсир усуллари бўлиши шубҳасиз.

Жаҳон сиёсий харитасида кўплаб давлатлар мавжуд бўлиб, уларда турли сиёсий кучлар, партиялар, дин, гуруҳ ва қатламлар фаолият кўрсатмоқда. Улар ўзаро фарқланадиган, баъзан бир-бирига зид бўлган манфаатларга эга. Айнан мана шу манфаатлар ўзга халқлар, турли минтақалар, давлатларнинг аҳолиси ёки ижтимоий гуруҳлар онгига, турмуш тарзига таъсир ўтказиш, уларни бўйсундириш учун йўналтирилган мақсадларни шакллантиради. Бундан кўзланган асосий муддао эса муайян жойдаги кишиларга иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва диний қарашларни сингдириш орқали ўз манфаатларини таъминлашга интилишдир. Бундай таъсир ўтказишнинг тинч йўли кўзланган мақсадга олиб келмаганда бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашиш, мавжуд вазиятни атайлаб кескинлаштириш, куч ишлатиш йўли билан бўлса ҳам ижтимоий беқарорликни юзага келтиришга ҳаракат қилинади.

Бугунги кунда дунё ҳамжамияти худди ўтган асрларда бўлганидек, уруш ва тинчлик, қуролсизланиш, қашшоқлик, эпидемия ҳамда экологик муаммолар билан юзма-юз бўлмоқда. Булар орасида ҳозир энг долзарби – катта жаҳон уруши чиқиб кетиши хатаридир. Тинчлик соҳасидаги Нобель мукофотининг лауреати Дмитрий Муратовнинг фикрига кўра, уруш ва тинчлик масаласини дунё сиёсатчилари ўзига хос бизнесга айлантиришди. Ўзларининг агрессив режаларидан воз кечмаган империалистлар дунёни янги жаҳон уруши ёқасига келтириб қўйишди. Айрим сиёсий кузатувчиларнинг фикрича, бугунги вазият ўтган асрда содир бўлган “Кариб инқирози”дан ҳам хатарлироқ. Чунки, ўшанда янги уруш хавфи дунёнинг битта нуқтасида вужудга келган эди. Бугунги хатарларнинг эса географияси жуда кенг. Украина, Тайвань, Беларусь, Болтиқбўйи, Сурия, Эрон, Покистон, Афғонистон... қўйингки, дунёнинг ўнлаб мамлакатларида уруш чиқиб кетиши эҳтимоли кучаймоқда.

Бугунги дунёнинг мафкуравий манзарасига назар ташланса, аксарият илғор давлатларда умуминсоний қадриятлар ва демократик тамойилларга асосланган мафкуралар амал қилмоқда. Уларда тинчлик ва тараққиёт, инсон ва жамият камолотига хизмат қиладиган умуминсоний ғоялар устувордир. Шу билан бирга, инсон онгида янгича дунёқараш ва тафаккур тарзи шаклланаётган ҳозирги даврда муайян кучларнинг мафкура майдонида ҳукмронлик қилишга, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган интилиши кучайиб бормоқда. Тажовузкор миллатчилик ва шовинизм, неофашизм ва терроризм, ирқчилик ва экстремизм мафкуралари шулар жумласидандир.

Хусусан, турли шаклларда намоён бўлаётган террорчилик кучли моддий асосга эга бўлиб, мафкуравий хавфи ҳам ортиб бормоқда. Бундан ташқари, эътиқод умумийлигига асосланиш, этник бирликка урғу бериш ва ягона ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий маконда яшаш натижасида юзага келган боғлиқлик асосида якка мафкуралар ҳукмронлигини таъминлаш ва шу йўл билан жаҳон майдонларини мафкуравий жиҳатдан бўлиб олишга уринишлар ҳам кўзга ташланмоқда. Лекин булар бугунги дунёдаги мафкуравий жараёнларни тўла-тўкис акс эттира олмайди. Чунки глобаллашув шароитида бу жараёнлар янгича тус ва шаклларда намоён бўлиб, ғоявий-мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб бормоқда.

ТИИ Матбуот хизмати

351730cookie-checkДунёнинг мафкуравий манзараси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: