Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. «Маънавият фидойиси»
Тадбирда мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида энг муҳим ўрин эгаллаган, ушбу соҳа ривожида ўзининг фидокорона меҳнатлари орқали муносиб ҳисса қўшиб келаётган 96 нафар номзодга «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони топширилди.
«Маънавият фидойиси» кўкрак нишонига сазовор бўлганлар орасида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳам бор.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо тантанали маросимни очиб берар экан, мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳиятини ҳақида атрофлича тўхталиб, бу борада жонкуяр фидойи зиёлиларимизнинг ҳиссалари беқиёс эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2019 йил 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 октябрдаги «Маънавият фидойиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорлар асосида кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни тақдирлаш учун танлаб олиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари бошчилигида вазирлик, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат нуфузли комиссия ташкил этилган. Ушбу комиссия зиммасига ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчилик ҳурматига сазовор бўлган, фидокорона меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган фуқароларни «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш вазифаси юклатилган. 2020-2021 йиллар мобайнида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасида фидокорона меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган 132 нафар маънавият фидойилари мазкур мукофот билан тақдирланган.
Жорий йилда номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда унинг аҳоли ўртасида маънавий-маърифий ишларни юксалтиришга бағишланган оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари сони, маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, жамиятда маънавий-маърифий ишлар ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали усулларнинг ишлаб чиқилгани инобатга олинди. Комиссия ушбу 500 нафарга яқин тавсия этилган номзодлардан энг муносиб кўрилган 96 нафарини «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирлашга қарор қабул қилди.
Шайх Абдулазиз Мансур 1944 йили Фарғона туманида туғилган. 1975–79 йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Олий маъҳадни битиргач, “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таҳририятида масъул котиб бўлди.
1980–81 йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсилни давом эттирди. 1982–2006 йиллари диний идора Фатво бўлими мудири, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди. Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинди. Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифи.
Тошкент ислом институти жамоаси Шайх Абдулазиз Мансурни «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан узоқ умр ва илмий фаолиятларига барака сўраб қолади.
ТИИ Матбуот хизмати