islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қўшнининг хўрози жонга тегдими?

Олмониялик машҳур файласуф Кантнинг таржимаи ҳолини ўқиётган эдим. Унинг қўшнисининг хўрози бўлиб, Кантнинг илмий иш қиладиган хонасининг рўпарасида эди. Кант ҳар ишга киришмоқчи бўлганда хўроз қичқириб унинг ҳаёлини бўлиб, халақит берар эди. Унинг сабр косаси тўлгач, ишчисини хўрозни сотиб олиб, сўйиб, гўштидан таом тайёрлашга буюрди. Сўнг бу учун дўстини чақирди. Иккиси тушлик таом келишини кутиб ўтирганларида бу хўроз унга қанчалик халақит бергани, сўйилгач эса тинчликда бемалол ишлаётгани ҳақида гапириб берди…

… Ишчи таом олиб кирди ва узр сўраб, қўшниси хўрозини сотишни хоҳламаганини, шунинг учун бозордан бошқасини сотиб олиб пишириб келганини айтди. Шунда Кант эътибор бериб қараса, хўроз ҳали ҳам қичқираётган экан!

Бу улуғ файласуф ҳақида ўйладим. У хўроз овози сабабли ўзини бахтсиз ҳис қилди ва ҳали ҳам қичқираётган бўлишига қарамай, ҳотиржам бўлди. Воқелик ўзгармади, фақат ўзи ўзгарди. Уни бахтсиз қилган хўроз эмас, балки, ўзи. Бахтли қилган ҳам унинг ўзи. Шунда ўзимга ўзим, модомики, бахт ўзимизга боғлиқ экан нега бошқалардан қидирамиз? Бахт бизга шундай яқин экан, нега уни ўзимиздан узоқ қиламиз? Зеро, биз унга нотўғри йўлдан юриб, бошқа эшикдан кирамиз. Биз овози безовта қилмасин деб, хўрозни сўйишни хоҳлаймиз. Агар уни сўйсак, унинг ўрнида юзлаб “хўроз”ларни топамиз. Чунки ер юзи “хўрозлар” билан тўла. Ер юзидан уларни йўқотиш имкони йўқ экан, нега миямиздан чиқариб ташламаймиз? Нега овозларини ўчира олмас эканмиз, қулоқларимизни улардан бурмаймиз? Нега мавжуд нарсаларни биз хоҳлаганимизга кўра қила олмасак, хоҳишларимизни мавжуд нарсаларга кўра қилмаймиз?

Ҳовлимда ухласам, машинанинг шовқини ҳам, осмонни тўлдирадиган сотувчилар овози ҳам мени уйғотмайди, лекин ҳовлидаги секин шивирлаган овоз уйғотади. Агар поездда ухласам, ёнимдаги шерикларимнинг суҳбати ҳам, мени силкитиб ташлаётган поезднинг овози ҳам менга халақит бермайди. Нега ҳовлида эътибор берган нарсаларимга бу ерда эътибор бермайман? Нега у ерда озор берган нарса бу ерда озор бермайди?

Чунки ҳис нур каби бўлади. Агар уни ёқсангиз, атрофингиздаги нарсаларни ёритади. Сиз ўзингизга ёқадиган нарсаларни ҳам, ёмон кўрган нарсаларни ҳам кўрасиз. Агар ўчирсангиз, улар ҳам сизга кўринмайди. Йўлда шовқинлар баланд товушда бўлса ҳам эшитмайсиз-да, лекин, ҳовлидаги паст овоздаги шивирлашларни ҳам эшитасиз. Чунки сиз ҳисларингизни шунга қаратдингиз ва ўзингизга киритдингиз, натижада эса худди ёруғда кичик нарсаларни ҳам кўрганингиздек паст товушларни ҳам эшитдингиз. Бошқа ҳолатда эса, бунга эътибор бермадингиз ва ўзингиздан чиқариб юбордингиз, натижада эса худди қорунғуда катта-катта нарсаларни ҳам кўрмаганингиз каби баланд овозларни ҳам эшитмадингиз. Нега ҳисларингизни барча ёмон кўрадиган нарсаларингиздан бошқа томонга бурмайсиз. Қалбингизга кирган барча оғриқлар ўзи кирмади, балки сиз ўзингиз рози бўлиб киритдингиз ва ўзингиз хоҳлаб қабул қилдингиз. Бу худди подшоҳ қалъасининг бир туйнугини ҳимоясиз қолдиргани учун душман кириб келганига ўхшайди. Нега ўзимизни кучли қилмаймиз.

Мен сизларни пичирлаб “Фалсафа ўқима” деяётганингизни эшитдим. Ҳа, бу фалсафадир, лекин ҳамма фалсафалар ҳам беҳуда гап эмас. Тўғри, бу гумон ёки шунга ўхшаш нарсадир, лекин, ҳаётнинг барчаси кўпайиб камайиб турадиган гумонлардан иборат. Биз у билан хурсанд бўламиз ва хафа бўламиз.

Куч-қуввати тенг бўлган икки инсон бир хил юкни кўтаради. Бири худди иккита юк кўтаргандек шикоят қилиб нолийди. Бошқаси эса худди бирор юк кўтармагандек хурсанд. Ва яна жисми бир хил икки инсон бир касаллик билан оғрийди. Бири ёмон гумонда бўлиб қўрқади ва ўлимни ўйлай бошлайди ва ўзига қарши касал билан бўлиб ундан қутулмайди. Бошқаси эса сабр қилиб яхши гумонда бўлади ва тузалишни ўйлайди. Шу сабабли у соғликка, соғлик унга интилади.

Агар иккисига ҳам ўлим ташхиси берилса, бири дахшатга тушади ва ўлишидан олдин минг марта ўлади. Бошқаси эса ишини эгаллайди ва фикрини бошқаради, гарчи ҳийласи уни ўлимдан қутқармаса ҳам, ваҳми ўлишидан олдин уни ўлдирмайди.

Шайх Али Тантовий “Сувар ва ховатир” китобидан
Тошкент ислом институти талабаси
Ислома Муҳаммадодилова таржимаси

353370cookie-checkҚўшнининг хўрози жонга тегдими?
3 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: