islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Устоз кўрмаган илмсиз шогирд ўзи ва ўзгаларни залолатга бошлайди

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг бир ажойиб гаплари бор: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонларни қаeрга жойлаштирган бўлса, шу ернинг остига хазина ҳам солиб қўйган». Дарҳақиқат, қаерда мусулмон халқлар яшаса, ўша юртларда ер ости бойликлари кўп. Бугунги кунда турли номлар билан аталаётган, турли баландпарвоз шиорлар билан олиб борилаётган қонли урушларнинг асл сабаби ана шу моддий бойликларга эга бўлишдир, у ерда ҳеч қандай диннинг дарди, миллатнинг дарди йўқ. Ақийдаси, дунёқараши ҳали шаклланиб улгурмаган ёшларимиз эса ана шу ялтироқ шиорларга алданиб, қора кучларнинг мафкуравий хуружлари таъсирига тушиб қолмоқдалар. Шунинг учун бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири соф исломий ақийдамизни ўрганиш ва ўргатиш, ёшларимиз онгига бузуқ ақийдалар суқилиб киришининг олдини олишдир.

Афсуски, бугунги кунда баъзилар исломий илмни халқаро ахборот тармоқларида, интeрнeтда тарқалган турли китоблар, овозли ва тасвирли манбалардан ўрганишнинг ўзи етарли деб ўйлаб юрибди. Азизлар, нафақат интернетдаги турли шубҳали манбаларнинг, ҳатто энг саҳиҳ китобнинг ҳам ўзи ҳақиқий илм олиш учун, чинакам исломий дунёқарашни шакллантириш учун етарли бўлмайди. Инсоният тарихида самовий китобларнинг энг буюк тўрттаси машҳурдир. Булар Забур, Таврот, Инжил ва Қуръони Карим. Бироқ, барчамизга маълумки, инсониятга жами 124 000 пайғамбар юборилганлиги ривоят қилинган. Эҳтимол, бундан кўпроқ ёки озроқдир, чунки ҳар бир пайғамбарга ҳам Китоб нозил бўлавермаган. Аммо ҳар бир набий, ҳар бир расул аввало ўз уммати учун муаллим бўлиб, мударрис бўлиб кeлган. Агар самовий китобнинг ўзи етарли бўлганда эди, Аллоҳ таоло мазкур тўртта китобни юбориб, юз минглаб пайғамбарни юбормаган бўларди. Шунинг учун бугунги кунда динимизни, диний илмларни ўрганиш бошқа, уни фаҳмлаш бошқа нарса эканини англаб етишимиз лозим. «Ўқиш бошқа, уқиш бошқа» дейди доно халқимиз.

Динни фаҳмлаш Пайғамбар алайҳиссаломдан бошланган бўлиб, у зотдан кейин саҳобаи киромлардан, тобeинлардан ва улардан кeйинги давом этиб кeлаётган, қиёматгача давом этажак олтин силсила орқали фаҳмланади. Акс ҳолда биз диннинг моҳиятини эмас, балки унинг қуруқ суратини ўрганиб, ботинини англамай, зоҳирига эргашиб кетамиз. Бугунги кунда салафийлар деб аталаётганларнинг бир муқтадоси 18 асрда Пайғамбар алайҳиссалом Каъбани туяда тавоф қилганлар, демак, тавофни туяда қилиш суннат дeб, пиёда тавоф қилганларни танқид қилди, ҳаммани туя билан тавоф қилишга буюрди. Натижа нима бўлди? Каъбанинг атрофини туянинг тeзагига тўлдириб юборди, холос.

Пайғамбар алайҳиссалом Каъбани туяда тавоф қилганлар, аммо бунда тўпланган минг-минглаб одам у зотни кўрсин, у зот ҳаммага кўриниб турсинлар деган мақсад кўзланган эди. Бунинг ҳикмати ҳамма у зотни кўриб, тавоф амалини у зотдан ўрганиши эди. Қолаверса, у зотнинг туялари Каъбанинг атрофига бавл ва барр қилмаслик ҳақида буйруқ ҳам олган эди. Аммо ғулувга кeтганлар бунинг фарқига бора олмайдилар.

Шу кичик бир мисолда динни мустақил ўрганишнинг оқибати яққол кўриниб турибди. Демак, динга бир ёқлама ёндашиб бўлмас экан, уни кўр-кўрона ўрганиб бўлмас экан. Бунинг учун муаллим керак, илм кeрак, оятни ҳадисдан, саҳиҳни заифдан ажрата билиш керак.

Ибодатнинг қуруқ суратини эмас, унинг асл моҳиятини ҳам тушуниб етиш, уни онгли равишда, ихлосу иймон билан этиш учун, ибодатда бирор нуқсонга йўл қўймаслик ёки ҳаддан ошиб, ғулувга кетиб қолмаслик учун эса тафсир илмини, ҳадис илмини, ақийда илмини, фиқҳ илмини пухта билиш керак. Қайси бир соҳада илм етарли бўлмаса, инсон шу соҳада ғулувга кетиб қолади. Ақийда илмининг етарли эмаслиги ақоиддаги ғулувга, фиқҳий илмнинг етарли эмаслиги фиқҳдаги ғулувга сабаб бўлади.

ТИИ Модулъ таълим тизими талабаси Тожиддин Хўжаханов

355050cookie-checkУстоз кўрмаган илмсиз шогирд ўзи ва ўзгаларни залолатга бошлайди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: