Бутун Оламларнинг Тарбиякунандаси – Парвардигори Олам Ўз Каломи Қуръони Каримда уч босқич билан маст қилувчи воситаларни ҳаром қилади. Шулардан бирида мўминларни маст ҳолида, то гапираётган гапининг фарқига бора олгунича намозга яқинлашмасликка чақиради.
Шу ўринда, табиий савол туғилади, бугунга келиб, фақат ичимлик ёхуд чекиладиган воситалар маст қилмоқдами одамларни. Ваҳоланки, дунё матоҳлари, воқеа-ҳодисалар, керак-керакмас сиёсий сафсатабозлигу, шоу бизнес олами ва ҳоказоларчи?! Ҳатто намозимиз ичида шу каби ўй-фикрлар миямизни чулғаб олмаётганини бемалол айта оламизми ўзи?! Роббул Оламиннинг ўрни қаерда ўзи хаёлимизда, ҳаётимизда?!
Ақл бовар қилмас савол соҳибалари
Бир куни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига икки аёл масала билан келишади.
Биз кечаси кўчадан ўтган аскарлар кўтариб ўтган машъала ёруғида ип йигирамиз. Шу орқали тирикчилик қилишимиз ҳалолми? – деб сўрашади улар.
Саволнинг ўткирлигидан Имом хушёр тортиб:
Сиз кимсиз ўзи? – деб суриштиради.
Биз Бишри Хофийнинг сингилларимиз, – жавоб беришади аёллар.
Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи беихтиёр йиғлаб юборадилар.
Дарҳақиқат, Бишр парҳезкор инсон эди. Аслида, мумкин, бироқ сиз қилмай қўяқолинг шу ишни, – жавоб беради буюк Имом.
У зоти бобаракот, ўз навбатида, ҳаёти эвазига “Қуръон махлуқ” дейилган эътиқодий бузилишнинг олдини олиб қолган, умматнинг табарруги эди.
Маст-аласт, ялангоёқ Бишр…
Ким эди ўзи мазкур Бишр?
Бишрга отасидан катта давлат қолган бўлиб, у майхонада ҳаммани йиғиб, биргаликда ичишиб, бутун майхўрларга ҳомийлик қилиб юрувчи киши эди. Ёмғир челаклаб қуйиб ётган бир куни, яна ўз одатига кўра майхонадан гандираклаб келаётган эди. Кўлмак ичида лойга ботиб ётган бир парча қоғозга бехосдан кўзи тушиб қолди. Қўлига олиб қараса, қоғозга “басмала”, яъни “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” калимаси битилган экан. У бирдан сергакланиб:
Бундай ифлос жойда ётиш бизга ярашади, Аллоҳнинг номи эса ҳурматли жойда турмоғи лозим, – деб, қоғозни олиб, қуритиб, уйининг тўридаги деворга илиб қўйди.
Шу куни бир авлиёнинг тушида “Бишрга хабар қил, Бизнинг номимизни улуғлаган – улуғланади” деган хабар билдирилди. У зот Бишрнинг ҳолидан бохабар бўлгани учун, “Буям бир туш-да”, деб индамай қўя қолди. Бу ҳол уч бора такрорлангач, муборак зот масаланинг жиддийлигини тушуниб, тўғри майхонага равона бўлди. У адашмаган экан, Бишрни айнан майхона тўридан топди.
Аллоҳнинг номини улуғлаганни Аллоҳ ҳам улуғлайди, эй Бишр! – деди у бир оғиз, эшикни очиб баралла.
Шу-шу Бишр бошқа одамга айланди.
Ривоят қилинишича, бир куни катта олимлардан бири кутилмаганда, “Бишр вафот этибди-да”, деб қолибди. Одамлар бу гап қаердан чиққанига тушунмай ҳайрон бўлиб турганида, ростдан ҳам шундай бўлганини айтиб хабарчи келибди. Кишиларнинг ҳайрати чандон ошиб, воиздан бу ҳолни қандай билганини сўрашган экан:
Итнинг кўчага ҳожат чиқарганидан, – дебди, – Бишри Ҳофий тириклигида унинг ялангоёқ юриши ҳурматидан итлар шаҳримиз ичида бўшанмай қўйишган эди…
Дарвоқе, “ҳофий” ялангоёқ дегани экан. У Аллоҳга нисбатан фақирлиги, бечоралиги белгиси сифатида доим ялангоёқ юрган экан.
Ўзгани ўнглаш синдроми
Масала – шахс масаласи, қалб, руҳ, шахсий камолот масаласи. Аввало, бирламчи, иккиламчи, учламчи ва ҳоказо бўлган, динимизнинг, башарий камолотнинг юксалиш босқичларини аниқлаб олиш масаласидир. Бу ерда масала юқоридаги воқеликларнинг саҳиҳ ёки носаҳиҳлиги, ароқ ичиб Аллоҳнинг исми туширилган қоғозни қўлга олиш мумкин-мумкинмаслиги ва ҳоказо масалаларни тортишиш эмас асло.
Айниқса, кунимизда уламоларимизни бир-бирига солиштириш ёки бошқа мусулмонлар камчилиги, тўғрироқ айтганда, фикр эгаси қарашига тўғри келмагани боис маломат қилиш ҳам йўқ эмас. Шу жиҳатдан, бугунги кунимиз инсони қайсидир маънода ўзини эмас, балки ўзгани ўнглаш, ўз камчилиги билан шуғулланиш ўрнига бошқаларнинг “нуқсон”и билан машғул бўлиш синдромига мубтало бўлган десак, унчалик муболаға бўлмаса керак, назаримизда.
Нима ҳам дердик?
Бизда ҳам юртимизни ахлатга кўмиб ташлаш пайида юрганлар талайгина. Айниқса, бегона, саёқ ва ғаразли кўппаклар бу борада анча фаол. Нима деб ўйлайсиз? Улардан қандай қутулиш мумкин?
Фикри ожизимизча, улардан диёримизни омон сақлаш сири мутлақо ўзимизда. Аллома Қозихон ҳам Ҳулагуга айнан шундай жавоб берган эди.
Сени бошимизга ўзимиз олиб келдик, Мавломиз буюрган тўғри ҳаётни яшамаганимиз орқали. Сени устимиздан йўқ қилиш ҳам яна ўзимизга боғлиқ! – деган эди ўспирин аллома мардонавор туриб.
Хуллас, тоза ва обод ватанда яшаш учун ялангоёқ Бишрдан ўрганадиганларимиз бисёрга ўхшайди… Бир қарашда ҳаммаси оддийгина…
Роббим, Ўзингнинг номингни мудом улуғловчилардан қил! Ўз нафсимиз билан ёлғиз қолдирма бизни! Бошқалар нуқсонига кўзларимизни кўр қил!
Ҳабиби Адибинг алайҳиссалоту васаллам одобларини хулқимиз айла!
Нигора УСМОНОВА,
Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси