Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Чет (араб) тили замонавий таълимида восита тил муаммоси ва инновацион ёндашув» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш керак, мазкур анжуман «Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар» кафедрасининг ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда чет тилларини ўргатиш тизимини янада ривожлантириш, ёш авлодни замонавий билимларга эга етук инсон қилиб тарбиялаш мақсадида ташкил этилади.
«Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар» кафедраси томонидан онлайн ва оффлайн форматда ўтказилган конференцияни Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Зоҳиджон Исломов кириш сўзи билан очиб бериб, анжуман ишига муваффақият тилади.
Анжуманда «Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар» кафедраси мудири Акбар Казакбаев, кафедра ўқитувчилари Шиҳата Абу Шуша, Ҳилол Абдуррозиқ, Аҳмад Мусо, Убайд Муҳаммад Абдул Ҳалим, Академия профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Сўзга чиққанлар тил, хусусан, араб тилининг дунё аҳамиятидаги тутган ўрнига эътибор қаратди. Конференцияда «Таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этишнинг самарали усуллари», «Араб тилини ўқитишда видеоматериаллардан фойдаланиш», «Араб тилини ўқитишинг янги методлари», «Луғатни ўқитишда янги технологиялар» «Араб тилини ўқитишнинг ўзига хос хусусиятлари» кабу мавзуларда маърузалар қилинди.
Конференцияда ТИИ декани Ибодулла Ахроров “Ўзбекистонда диний таълим муассасаларида классик араб тилини ўқитиш усуллари ва муҳим жиҳатлари” мавзусида маъруза билан қатнашди:
“Аждодларимиз илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ қилиш ҳамда келажак авлодларга етказиш бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Айниқса, бу араб тили мутахассисларига алоҳида масъулият юклайди. Жумладан, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган олий ва ўрта диний таълим муассасаларида араб тилини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу таълим масканларида араб тили асосан классик усулда ўргатилади. Айтиш жоизки, араб тилини ўрганишда асосан учта илм керак бўлади: Сарф илми, луғат илми ва наҳв илми.
Сарф илми. 1-босқич талабалари олти мобайнида “Сарф илми”ни қунт билан ўрганадилар. “Бу илм замонавий тилшуносликдаги морфологияга тўғри келади.Сарф илми араб тилини ўрганишда беқиёс ва беназир аҳамиятга эга. Айнан сарф илми бир ўзакдан турли сўзлар ясашни ўргатади. Бу фаннинг муҳимлиги ҳам шунда. Аҳмад ибн Масъуд (раҳимаҳуллоҳ): Билгинки, сарф илмлар онаси, наҳв эса отасидир”,- деганлар. Демак, бу фан орқали сўзлар пайдо бўлади, улардан турли шакл ва сийғалар келиб чиқади”[1]. Мен ўзим ҳам битта ўзак сўздан нечта сўз ясаш мумкинлигига қизиқиб санаб кўрдим. 194 та чиқди. Кейинчалик билсам, баъзи феъллардан ҳам исми фоил, ҳам сифати мушаббаҳа ясаш мумкинлигини билдим. Хуллас, араб тилида битта ўзак сўздан 200 тагача сўз ясаш мумкинлигига амин бўлдим. Бундан келиб чиқадики, 5 луғат ёд олган ўқувчи, агар сарф илмини билса уни 200 га кўпайтириб, арабча мингта луғат биламан, деб даво қилиши мумкин. Араб тили луғат жиҳатдан энг бой тиллардан ҳисобланади. Ҳайвонлардан шернинг 300 дан ортиқ номи борлиги, ҳаммаси бўлиб 12 миллиондан ортиқ сўз араб тилида мавжудлиги ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
“Аслида кўп масалаларда наҳв ҳам сарф илмига таянади. Фонетика ва имло фанлари ҳам сарф илмига боғлиқ. Бу фан тилни хатодан сақлайдиган энг яхши воситадир. Шу боис ҳам грамматикани ўрганишда сарф илми наҳвдан муқаддам қўйилади. Наҳв қоидаларига киришишдан олдин сарфни ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Араб тилини ўрганишда сарф илми асосий пойдевор бўлиб хизмат қилади”[2].
Шифоҳия. Луғат илми борасида татар олимлари Санъатуллоҳ Бекпўлат(1885-1954)нинг “Мабдаъул қироат” ва Аҳмад Ҳодий Мақсудий(1886-1941)нинг “Шифоҳия” китоблари араб тили ихлосмандлари орасида, айниқса, туркий ва Марказий Осиё давлатлари халқлари орасида маълум ва машҳур.
“Шифоҳия” китоби 100 та дарсдан иборат бўлиб, унинг ҳар бир дарсида 7 тадан 15 тагача луғат берилган. Сарф илмига доир феълларнинг тусланиши ва турларига доир маълумотлар дарс асносида бериб кетилган. Ҳар бир дарс учун берилган матнларнинг ҳажми ярим бетдан беш бетгача. Олимлар ўқувчи учун Аҳмад Ҳодий Мақсудийнинг “Шифоҳия” дарслиги афзал эканини айтадилар. Сабаб қилиб луғатларнинг бирлик ва кўплик шакли ёнма-ён келтирилганини айтишади. Ҳозирда Юртимизда фаолият олиб бораётган ўрта махсус диний билим юртлари(ЎМБЮ)нинг 1-курслари мазкур дарсликни ўқиб битиришади.
Мабдаъул қироат. Санъатуллоҳ Бекпўлатнинг “Мабдаъул қироат” китоби 3 қисмдан иборат бўлиб, 1-китобда 52 та дарс, 2-китобда 60 та дарс ва 3-китобда 57 та дарс берилган. Китобнинг дарсга оид луғат ва матнлари оддийдан мураккабга қараб боради. Аввал луғат, кейин шу луғатлар асосидаги матн, охирида ўзбек (татар) тилида матн арабчага ўгириш учун берилади. Китоб охирида луғатлар маъноси билан умумий келтирилган. Диний таълим муассасаларида “Мабдаъул қироат” китобининг 1-жузъи грамматик таҳлил қилиниб, 2- ва 3-жузълари Мутоала дарсида луғат бойлигини ошириш ва таржима малакасини ҳосил қилиш учун фойдаланиб келинмоқда.
Ҳар иккала китобнинг ютуқ томонлари бўлиши билан бир қаторда, ўқувчи учун бир оз қийинчилик туғдирадиган жиҳатлари бор. Юқорида“Шифоҳия” дарслиги борасида олимларнинг фикрлари тўғри эканлигига шубҳа йўқ, аммо 10 та дарсдан кейин матнларнинг кўплигидан ўқувчида зерикиш пайдо бўлади. Чунки 1-дарсда берилган гаплар 2-дарс машқида қўшиб берилади. 3-дарсда эса аввалги иккита дарс луғатлари иштирокидаги жумлалар берилади, натижада дарсга доир берилган матн катталашиб 4 ва 5 бетгача етиб боради. “Мабдаъул қироат” китобида ҳар бир дарсда 12 тадан 15 тагача луғат, Ярим бетдан икки бетгача араб ва ўзбекча матн берилган. Қулай томони матнларнинг қисқалиги бўлса, ноқулай жиҳати нотаниш луғатларнинг борлиги ва луғат қисмида феълнинг буйруқ шакли берилиб, матн қисмида ўтган замон ёки ҳозирги-келаси замон шакли келтирилган.
Ад-дурусун наҳвийя. Наҳв илмидан Ҳифний Носиф, Муҳаммад Дияб, Мустафо Тамум, Муҳаммад Солиҳ қаламларига мансуб “Ад-дурусун наҳвийя” китобидан фойдаланилади. Ушбу китоб 4 жуздан иборат бўлиб, ўрта диний таълим муассасаларида ҳар бир курсда биттадан жуз ўқитилади. “Ад-дурусун наҳвийя” китобини тамомлаган талаба “дурусгина” бўлиб қолиши тайин. Қизиқ томони шундаки, ҳар бир жузда навҳ қоидалари такрорланган. Биринчи жузда содда бир мисол орқали бутун мавзу ёритиб берилган. Иккинчи китобда мавзу бироз изоҳланган бўлса, учинчи китобда мавзулар тўлиқ баён қилинган. Тўртинчи жузда араб тилида кам бўлсада учрайдиган, бир сўз билан айтганда ноёб ва нодир қоидалар: исми фоил, исми мафъул, масдарларнинг амали кабилар ёритиб берилган. Ушбу китоб ҳақида дунё уламоларининг фикрларига қулоқ тутамиз: “Фазилатли Шайх Абдулғани ад-Дақар “Кимки наҳвни пишиқ-пухта ўрганишни истаса, мана шу китобдан бошласин”-деганлар. Аллома Али Тантовий “Ушбу китоб нафақат талабани, балки ўқитувчини, адибни бошқа китобларга мурожаат қилишига эҳтиёж қолдирмайди. Бу китобнинг жамланиши, тартибланиши, ибораларининг мўъжазлиги (қисқалиги) ва қоидаларнинг энг муҳимларини танлаб олиниши жиҳатидан инсонни лол қолдиради”[3].
Авомил. Абдулқоҳир Журжонийнинг “Миату аъмил” (Юзта омил) асарида араб тили грамматикасидаги омиллардан 100 таси жамланиб, уларнинг турли ўринларда ҳар-хил маъноларда келиши мисоллар орқали ёритиб берилган. Мисол учун, ҳарфи жарлардан بِ (бе) ҳарфининг 10 хил маънода, مِنْ (мин) ҳарфининг 5 хил, لِ (ли) ҳарфининг 7 хил маънода келиши ва ҳоказо баён қилинган. Ушбу китоб ҳозирда Андижон вилоятида жойлашган “Саййид Муҳиддин Махдум” номли ўрта махсус ислом билим юртида қўшимча адабиёт сифатида ўқитилади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир араб тилини ўрганаётган талаба, тадқиқотчи ёки мутахассис араб тили грамматикасига оид китобларни энг муҳимларини танлай олиши, ўзлаштириши ва келажакда ўзининг илмий фаолиятида ундан унумли фойдалана олиши ҳамда қўллай билиши лозим ва шарт, деб ҳисоблайман”.
Ахроров Ибодуллоҳ,
ТИИ кундузги таълим декани, ЎзХИА
“Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти”кафедраси
докторанти
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
- Аллома Ҳифний Носиф, Муҳаммад Дияб, Мустафо Таммум, Муҳаммад Солиҳ. Ад-Дурусун наҳвийя. Искандария. “Дорул ақида”2007.
- Ибодуллоҳ Аҳроров.Тайсирус сарф. –Т.:”Muharrir nashriyoti” 2021.
- عبدالقاهر ابن عبد الرحمان ابن محمد الجرجاني. العوامل المئة. دار المنهاج. لبنان. بيروت -1430 ه م.
- Аҳмад Ҳодий Мақсудий.Шифоҳия.–Т.:”Мовароуннаҳр” 2005.
- Шерали Ҳамралиев. Араб тили дарслиги.–Т.:”HILOL-NASHR” 2020.
[1] Ибодуллоҳ Аҳроров.Тайсирус сарф. –Т.:”Muharrir nashriyoti” 2021. – 3-б.
[2]Ибодуллоҳ Аҳроров.Тайсирус сарф. –Т.:”Muharrir nashriyoti” 2021. – 4-б.
[3] Аллома Ҳифний Носиф, Муҳаммад Дияб, Мустафо Таммум, Муҳаммад Солиҳ. Ад-Дурусун наҳвийя. Искандария. “Дорул ақида”2007.– 9-б.