Пора бу – бир шахс ҳокимга ҳукмни ўзининг фойдасига чиқариб бериши учун берадиган нарсадир. Яъни ҳақни йўққа чиқариш, ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага пора дейилади. Абу Наср ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Қудурий»да: «Пора билан совғанинг фарқи шундаки, пора унга ёрдам берилиши учун берилади, совғада эса бундай шарт бўлмайди», – деганлар.
Пора олиш Қуръон, суннат ҳамда ижмога кўра ҳаромдир. Қуръондаги Аллоҳ таолонинг оятларига келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Бақара сураси 188-оятда шундай марҳамат қилган: «Бир-бирларингизни молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг». Аллоҳ таоло бу ояти каримада мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ҳаром йўл билан ейишдан қайтармоқда.
Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу дегани – бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», – деган эканлар. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол ҳаром бўлиб қолмайди ҳаром эса ҳалол бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради. Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳаққидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа, олсин, хоҳласа, қолдириб кетсин », – деганлар.
Зоҳирига қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди. Имом Қуртубий: «Оятдаги ботил йўл билан емасликка ҳаромнинг барча турлари – қимор, алдамчилик, ҳаром нарсалардан сотиб мол топиш, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва бошқалар киради », – деганлар.
Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир » (Нисо сураси 29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».
Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан «Магар ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли », деб истисно қилинмоқда. Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб – ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик борлиги. Мисол учун Арабистон яриморолида рибохўрлик авж олган эди. Аллоҳ таоло бу ишни ҳаром қилганида мушриклар рибо ҳам тижоратга ўхшаш, деган даъвони илгари сурдилар. Шунга ўхшаш тушунмовчиликлар ёки ноўрин даъволарнинг бўлмаслиги учун, ўзаро розилик билан бўлган тижорат истисно қилинмоқда. Чунки тижорат – ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши ноаниқ бўлади. У касод бўлиш, синиб, молсиз, пульсиз қолиш эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб, бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири – тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда ихтиёрли, бошқа томонга кетаверади.
Оятнинг давомида Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб қилиб:
«Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг!» демоқда.
Сиртдан қараган одам, бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш ва ўзини ўзи ўлдириш орасида нима алоқа бор, дейиши мумкин. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳаётий тажрибага назар солинса, ҳақиқатда бу икки нарса ўртасида бевосита алоқа борлиги кўрилади. Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини кўрамиз. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканлигида шубҳа йўқ. Жумладан, мазкур ботил йўл билан мол емоқ ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Бу ишни қилганлар ўзини ўзи ўлдирган бўлади.
«Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир».
У сиз мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам, ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, бир-бирингизнинг молингизни ботил йўл билан ейишдан қайтармоқда. Сизни нажотга сабаб бўлувчи ишларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир. Агар у раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, катта машаққатда қолган бўлар эдингиз.
Тошкент ислом институти талабаси
Аҳмадилло Ғофуржонов